Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл!

Дунёда шундай инсонлар борки, улар ўз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан қайтишмайди. Кимлардир мансабу бойликка етишиш, бошқа бировлар эса қайсидир юмушни бажариш учун керак бўлса, ўзликларидан ҳам воз кечишади.

Сизга шундай муомала, мулозамат кўрсатишадики, беихтиёр алданиб қолганингизни сезмай қоласиз. Бу кўриниш сароб эканлигини билганингизда эса кеч бўлади. Бундай тоифадаги кишилар ҳеч қачон асл башараларини кўрсатишмайди ёки кўринганлари каби ҳам бўла олишмайди асло. Хўш, бундайларни қандай аташ керак? Балки фирибгар ёхуд иккиюзламачи, дермиз…?

Негадир терма жамоамиз кўзимизга худди шунақа кўриняпти. Ўзи мамлакатимиз бош жамоасининг бугунги ҳолати қандай? Кўпчилик таъкидлаётганидек, қандайдир мавҳумлик борми? Эҳтимол. Ёки аксинча, ҳаммаси ўз ўрнидадир? Бизнингча, иккинчи вариант тўғрироқ. Ҳа, миллий жамоамизнинг кучи, салоҳияти айнан ҳозирги даражасидагидек. Ундан юқори эмас. Бунақада Осиё чемпионати-2011, ЖЧ-2014 саралашининг аввалги босқичларида кузатилган ёрқин ўйинлар саробми?

Келинг, яқин ўтмишга бироз юзланамиз. Бирйўла 4та давлатда ўтказилган 2007 йилги Осиё чемпионати. Тўғриси, чемпионатдан олдин жамоамизнинг ишлари «5» эмасди. Саралаш баҳсларида гарчи кучсиз гуруҳда ўйнасакда, ўша пайтда ҳозиргидек салоҳиятга эга бўлмаган Қатар термасидан сўнг иккинчи ўринни олганмиз. Аммо чемпионатнинг ўзида бош жамоамиз иштирокида шундай ўйинлар кўрдикки, улар тарихдаги энг яхшилари сифатида тан олинди. Рауф Инилеев қўл остида ўйнаган жамоамиз ҳаттоки, ҳозиргисидан бироз устунроқ эди назаримизда. Кейин ЖЧ саралаш баҳсларига старт берилди ва вакилларимиз Осиё чемпионатида қандай ўйин намойиш этган бўлсалар, худди шундай юқори суръатда тўп суришди. Айниқса, 3-саралаш босқичида Саудия Арабистонига қарши кечган ўйинда футболчиларимиз Осиё кубогидаги аламли мағлубият учун чинакамига ўч олишди. Ҳа, Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё грандларидан бирини йирик ҳисобда мағлуб этиши ноёб ҳодиса. Бунгача айнан саудларни Осиё ўйинлари-94да 4:1 ҳисобида ютганмиз ва айтиш мумкинки, охирги пайтларда бундай сершавқ ғалаба кузатилмади бирор марта. Афсуски, энг сўнгги паллада термамизга яна нимадир бўлди. Дастлабки икки ўйинда мағлубият ва якунда гуруҳда сўнгги ўрин…

2011 йилги Осиё чемпионати ўйинларидан олдин ҳам жамоамизда жиддий муаммолар бор эди. Бир нечта ўйиндан иборат голсиз серия, ўртоқлик учрашувларида нурсиз мағлубиятлар… Хуллас, чемпионатдан олдин аксарият мухлису мутахассислар жамоамизни ҳаттоки, гуруҳдан чиқишига шубҳа билан қарашгани айни ҳақиқат. Амалда эса ҳаммаси кутганимиздан зиёда кўриниш олди: ажойиб, ёрқин ўйинлар ва энг яхши натижа. Асосийси, футбол сифати қойилмақом бўлди. Ҳаттоки, ярим финал доирасида Австралияга йирик ҳисобда ютқазилган ўйин учун ҳам термамизни сусткашликда айблолмаймиз. Қисқаси, яна Осиё чемпионати жамоамизга нисбатан йўқолган ишончни қайтарди. Ўз навбатида, термамиз бу ишончни оқлаб, ЖЧ саралашининг сўнгги босқичига муваффақиятли етиб келди. Эътиборлиси, бу йўлда Осиёнинг амалдаги чемпиони – Япония иккинчи таркиб билан (!), боз устига, сафарда мағлуб этилди. Табиийки, жамоамизга бўлган муносабат ўзгарди, барча-барча энди ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилишига ишона бошлади. Аммо дастлабки икки ўйин яна барчасини 180 даражага буриб юборди.

Мана, жамоамиз тарихидаги 2та охирги циклни қисқача эсга олдик. Деярли бир хил ҳолат. Икки сафар ҳам жамоамиз Осиё чемпионати ва ЖЧ саралаш баҳсларининг илк босқичларида ёрқин ўйин намойиш этган, аммо сўнгги паллага келиб… Ваҳоланки, термамиз бу йилларда бошқа-бошқа мураббийлар қўл остида, ўз-ўзидан бир-биридан фарқ қиладиган тактика, услуб билан ўйнаган. Рауф Инилеев саралаш босқичининг иккинчи туридан сўнг истеъфога чиқарилган бўлса, Вадим Абрамовга 1-турдан кейиноқ жавоб берилганидан хабарингиз бор, албатта. Иккала мурабббий ўрнини ҳам Миржалол Қосимов эгаллади. Унинг биринчи «миссия»си омадсиз якунланганини эслатишга ҳожат йўқ. Афсуски, иккинчиси ҳам худди шундай бошланди. Ҳарқалай, Ливандек жамоага очко улашиш ЖЧга боришни кўзлаган жамоа учун ярашмайдиган ҳолат. Қаранг, деярли бир хил тақдир. Юқоридаги саволни яна ўртага ташлаймиз: термамизнинг асл кўриниши қандай ўзи? Осиё чемпионатлари ва саралаш босқичининг дастлабки раундларида ёрқин ўйнайдиганими ёки аксинча, ҳал қилувчи паллада барча умидларимизни пучга чиқарадигани? Ким нима деса, ўз хоҳиши, лекин жамоамизнинг асл кўриниши – бу айни дам, яъни ЖЧ саралашининг сўнгги палласидаги ҳолати. Осиё чемпонатлари ва илк раундларда гавдаланган нурли жамоа эса шунчаки, бизга кўрингани. Шу тобда миллий жамоамизга «Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл!» дея хитоб қилгимиз келади.

Мақоламиз бошида фирибгарларга урғу бердик. Ҳеч қачон уларнинг асл қиёфаларини олдиндан билиб бўлмайди ва токи чув тушишингизгача сизга азиз ва муҳтарам кишилардек кўринаверадилар. Чунончи, терма жамоамиз ҳам Эронга ютқазгунча биз учун ғоят қадрли эди. Эндичи? Ҳозир ҳам қадрли, аммо ўзимизни худди алдангандек ҳис қиляпмиз, гўё. Хотима ўрнида шундай демоқчимиз: гарчи юқоридаги фикрларимизга зид бўлса ҳам, жамоамизнинг асл кўриниши, кучи, салоҳияти бугунги ҳолатидагидек эмас, деб умид қиламиз ва ишонамизки, футболчиларимиз ЖЧ саралашининг қолган турларида Осиё чемпионатидаги даражага қайтиб чиқишади ва якунда мундиал йўлланмасини қўлга киритишади. Бунга ишонишга даъват этиш балки кулгулидир? Аммо ҳеч бўлмаса, умид қилсак бўлади. Зеро, умид интиҳода ўлади.

Равшан ИБРАГИМОВ.

SHARE