Футбол мухлислари: Мағлубият кимга қайғулироқ?

Испания термаси мухлислари орасида ўзбекистонлик футбол фанатлари ҳам бор эди …

Россия термаси Грециядан мағлуб бўлиб, гуруҳдан чиқолмагач, гўёки, бутун мамлакат ғамгин ҳолатга тушиб қолди. Қаердадир зўравонлик хатти-ҳаракатлари содир этилди, айтишларича, Самарада кафени ёқиб юборишган.  Хўш, бошқа мамлакатларда мухлислар термалари омадсизлигини қандай қабул қилишди? «ССФ» нашри мухбирлари хорижлик ҳамкасблари кўмагида вазиятни ўрганиб чиқишди.

Ирландия
Ирландиялик мухлисларга гап йўқ, ҳеч қачон тушкунликка берилмайдилар. Мисол учун, уларнинг термалари 3та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини бор-йўғи бир марта нишонга олди ва жами 9та гол қўйиб юборди. Ишқибозлар юзида эса самимий табассум. Улар ўйин-кулгу қилиш, жўр бўлиб қўшиқ куйлашдан чарчашмади.

– Ахир биз бу ерга байрам учун келганмиз. Футбол шунчаки, иккинчи даражали масала,-деб ўз фикрини баён этди ирландиялик мухлислардан бири.

– Очиғи, бу одамларнинг барчасини ишқибоз сифатида қабул қилиш ноўрин,-дейди Ирландиянинг Herald нашри мухбири Эйден Фретц­маурриси. – Улар миллий чемпионат ўйинларига киришмайди, ҳар ҳафта футбол кўришмайди. Еврога эса шунчаки, саёҳат учун келишган, шу боис сафардан ақл бовар қилмас даражада хурсандлар.

 

 – Бунинг ҳам ўзига яраша гашти бор.

– Бўлмасам-чи! Италия билан ўйиндан кейин Польша газеталаридан бирида «Хайр, Ирландия! Биз сени соғинамиз» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Бизнинг ишқибозларимиз ўзларини яхши тутишгани ҳақида кўп эшитдим. Лекин ҳамма ҳам фанатлар позициясини яхши тушунмайди. Масалан, Рой Кин ишқибозларнинг ўзларини бундай тутишларини даҳшатга тенглаштирди: «Жамоа ҳаммага ютқазаётган бир пайтда қандай хурсандчилик қилиш мумкин?» Тўғри, 21 ёшли фанат Жеймс Ноланнинг дарёга чўкиб, ҳалок бўлиши ҳаммасига соя солди. Ҳимоячимиз Кевин Дойл «Бунинг замирида терма фожиаси ётибди», деб ҳақ гапни айтди.

Терма натижаларига матбуот қандай муносабат билдирди?

– Ҳамма «шок»да! 3та ўйинда 9та тўп ўтказиб юбордик. Бу шармандалик, қандай қилиб бунга йўл қўйдик? Нашрлар Трапаттонининг яна 2 йилга ўз ўрнида қолганидан ташвишда. У қариди, нафақага чиқса ҳам бўлаверади, лекин 1,5 млн. миқдоридаги иш ҳақи кимга ҳам ёқмайди, дейсиз.

– Футболчиларни айблашмаяптими?

– Нима учун? Улар ҳаракат қилишди, курашишди. Баъзи бир нашрларда жамоани қайта шакллантиришни талаб илишмоқда. Гивен, Кин, Данн кабиларга абадий таянишни бас қилиш керак. Тактика, таркиб борасида муаммолар оз эмас. Италия билан ўйиндан кейин ҳатто футболчиларнинг ўзлари бу ўйин билан Бразилиядаги жаҳон чемпионатига бориб бўлмаслигини англаб етишди.

 Хорватия

Евродан олдин маҳаллий футбол федерацияси матбуот анжумани ташкил этди ва унга Хорватия фанатлар ассоциацияси вакиллари ҳамда Билични ҳам таклиф этди. Саволларга жавоб қайтарган «Локомотив»нинг бўлғуси мураббийи фанатлар вакилидан жамоани астойдил қўллаб-қувватлашлари ҳақида ваъда олди. Билич ўз сўзи устидан чиқди. Жамоа гуруҳ босқичидан чиқолмади, аммо чорак финал йўлида муносиб курашди. Якунда Хорватия терма жамоаси жой олган самолётни Загребда 3000дан ортиқ фанат кутиб олди.

– Ишқибозлар қарсаклар билан футболчиларга қарши чиқишди, кимдир дастхат сўраса, бошқа биров биргаликда суратга тушишга таклиф этарди,-дейди Хорватиянинг Vecernij List нашри мухбири Анте Бускулич. – Бунинг натижасида футболчилар трапдан автобусгача ярим соатдан ортиқ вақтда етиб боришди.

– Бундай муносабат кўпроқ нима билан боғлиқ?

– Одатда агар Хорватия ўз гуруҳидан чиқолмаса, жамоани шунчаки, «еб» ташлашарди. Футболчиларнинг бор имкониятларини сарфлаб ўйнашлари биз учун муҳим. Жамоамиз энг қийин гуруҳдан жой олганди, қолаверса, ҳакамлар ҳам ҳар доим холислик қилишмади, лекин бизникилар бўй бермай курашни давом эттиришди. Италия билан ўйиндан кейин Билич ишқибозларга миннатдорчилик билдирди. Зеро, улар ҳисоб 0:1 бўлиб турган паллада ҳам термани фаол қўллаб туришди. Бу ишқибозлар ва термани бир мақсад сари интилишидан далолатдир.

– Фанатларнинг уруш-жанжалларига футболчилар қандай муносабатда бўлишди?

– Ҳар доим ўнлаб аҳмоқлар топилади. Лекин ўзларини босиб олган фанатлар кўпчиликни ташкил этишади. Айтмоқчи, ҳибсга олишлар кам бўлди. Польша полицияси файер улоқтирган бир кишини қўлга олди. Аниқланишича, у ҳам Россия фуқароси бўлиб, бизникиларга ишқибозлик қилган экан.

 

 Швеция

Швеция матбуотининг маълум қилишича, Франция билан ўйинга 30 минг швед мухлиси ташриф буюрган. Ибрагимовичнинг айтишича эса, турнирда фанатлик бобида айнан шведлар биринчи бўлишган.

– Бу турнир матбуот, фанатлар ва Ибрагимовичнинг ўзаро муносабатлари яхшиланишида муҳим ўрин тутди,-дейди Geteborg Post журналисти Сеге Берглунд. – Златанни термадаги ўйини тез-тез танқидга учрарди. Украина билан биринчи ўйиндан кейин ҳам шундай бўлди. Лекин жамоа сардори ранжиш ўрнига зарбани ўзига олиб, журналистлар билан мулоқот қилишда давом этди. Францияга қарши баҳсдан кейин эса Златан ишқибозлар ёнига яқин келиб, футболкасини уларга улоқтирди.

– Ҳа, турнирда швед ишқибозлари яхши таассурот қолдиришди.

– Қаердадир ўқидим, швецияликлар орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил этишибди. Менимча, фанатларимизнинг асосий устунликлари шунда.

– Наҳотки, ишқибозлар ва матбуот томонидан термага нисбатан салбий муносабат кузатилмаган бўлса?

– Қандай салбий баҳо бўлиши мумкин, ахир биз голландлардан кўпроқ очко тўпладик-ку?! Мураббий Эрик Хамрен терма атрофида ажойиб муҳитни ярата олди. Келгусида янада яхши бўлишига шак-шубҳа йўқ.

 

 Дания

Германия билан ўйиндан сўнг даниялик барча футболчилар ҳамюртлари жой олган трибуна яқинига келишди ва уларга жамоани астойдил қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдиришди.

– Бу гуруҳга тушганимиздан сўнг ҳар бир очконинг қадри нақадар баланд бўлишини тушуниб етгандик,-дейди Tipsbladet нашри мухбири Томас Пюндт. – Биз голландларни енгдик, қолган ўйинларда ҳам очко олиш имкониятига эга бўлдик. Барча баҳсларда характер кўрсатдик. Терманинг келажагига катта умид боғлаяпмиз.

– Эшитишимизга қараганда, терма матбуот учун очиқ бўлган. Шундайми?

– Бошқа журналистлар ҳам шундай дейишяпти. Машғулотларнинг дастлабки 15 дақиқасида футболчилар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдик. Ҳеч ким суҳбатдан ўзини тортмади.

– Ишқибозлар ва терманинг ўзаро муносабати қандай?

– Фанатларимиз оз эмас, салкам 5 минг кишини ташкил этишди. Муаммо шунда бўлдики, улар Украинада яшашди, футболчилар эса Польшада машғулот олиб боришди. Ольсен шогирдлари ҳаракат жараёнини кўпроқ поляк ўқувчилари кузатишди.

Голландия

– «Шармандалик!», «Футболда қўрқоқларга ўрин йўқ» – терманинг учинчи мағлубиятидан сўнг газеталарда шу мазмундаги сарлавҳалар остида мақолалар пайдо бўлди,-дейди Голландиянинг ЕD газетаси футбол таҳлилчиси Рик ван Дайк. – Бизда матбуот ва терма ўртасида ўзига хос муносабат ҳукм сурмоқда. Берт ван Марвейк шогирдларини ҳатто ЖЧ-2010 финалидан кейин ҳам танқид қилишганди. Ўшанда мураббийни ҳужумкор комбинацияли ўйин принципларидан четга чиқиб кетганликда айблашганди. Лекин бизга ҳеч ким қулоқ солмади. Мана, оқибати…

– Ҳаммасига мураббий айбдор, деб топилди…

– Худди шундай. Ван дер Вартнинг захира ўриндиғида сақлаётгани, икки таянч футболчи билан ўйнаш тактикаси, жамоанинг функционал ҳолати аянчлилиги ҳақида Болгария билан ўйнаш тактикаси, ўртоқлик учрашувидан олдин бонг ургандик…

– Мухлислар-чи? Улар қандайдир норозилик намойиши ташкил этишдими?

– Турнир ташкилотчиси – Украинани ҳисобга олмаганда, энг кўп ишқибоз бизники эди. 3 ҳафта давомида Харьков кўчалари лоларанг тус олди. Украина фанатларимизга жуда ёқиб қолди. Украин халқи­нинг меҳмондўстлигига қойил қолдик. Уйда эса терма танқид ва ҳақоратлар исканжасида қолди… Энг кўпи мураббийга «тегяпти». Ахир таркибдаги аксарият футболчилар 2 йилча олдин сал бўлмаса жаҳон чемпион бўлишганди.

Манба: “ИнтерФУТБОЛ” газетаси.

Жанубий Корея миллий терма жамоасининг ашаддий муҳлиси…

SHARE