Ўзбекистонлик таниқли спортчи Оксана Чусовитина кетма-кет олтинчи бор Олимпиада беллашувида қатнашади

Оксана Чусовитина, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи"

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этиши ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонлик Оксана Чусовитина спорт гимнастикаси тарихида кетма-кет олтинчи бор дунёнинг энг йирик спорт беллашувида қатнашаётган илк аёл гимнастикачига айланди.

 37 ёшли Оксана Чусовитина илк бор Олимпиада Ўйинларида 1992 йилда, бугунги рақиблари, ҳатто, ҳали дунёга келмаган пайтларида иштирок этган. Оксана Чусовитина, шу жумладан, она бўлиши ортидан, катта спортга қайтган жаҳондаги саноқли гимнастикачилардан ҳам бири бўлади. Худди Пекин Олимпиадасида бўлгани каби, бу гал ҳам таяниб сакраш бўйича совринли ўринларга даъвогарлардан бири саналади. Оксана Чусовитина спорт гимнастикасидаги порлоқ карьерасини ҳали 90-йиллар бошларида, собиқ иттифоқ  терма жамоаси сафларида бошлаган. 1991 йилдан бери Ўзбекистон терма жамоасини намоён этиб келмоқда. Орада спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоасига мураббийлик ҳам қилган. Яқинлда Оксана Чусовитина BBC радиосига интервю берди:

 Оксана Чусовитина: Агар бир оғиз сўзда ифодалайдиган бўлсам, ўз олдимга қўйган мақсадга эришиб, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига ҳам йўлланма олганимдан ниҳоятда бахтиёрман.

Би-би-си: Сиз қўлга киритган ютуқ дунёнинг манаман деган ҳеч бир гимнастикачисига насиб этган эмас. Бунга қандай қилиб муваффақ бўлдим, деб ўйлайсиз?

Оксана Чусовитина: 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадаси ортидан оғир жароҳатлар олгандим. Яна спорт формасига қайтишим учун икки йил керак бўлди. Шунинг учун ҳам, балким, нимага қодир эканимни ўзим-ўзимга исботламоқчи бўлгандирман. Фақат ўтган йилдан бошлабгина саралаш босқич беллашувларида иштирок эта олдим. Мана, кўриб турганингиздек, Лондон Олимпиада Ўйинларига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдим.

 Би-би-си: Мана, сўнгги Олимпиада Ўйинларида ўзингиз энг ёқтирган услуб – таяниб сакраш бўйича кумуш медали олишга муваффақ бўлгандингиз. Лондон Олимпиадасида нималарга умид қилаяпсиз?

 Оксана Чусовитина: Биласизми, мен ҳеч қачон бу ҳақда ўйламайман. Қандай беллашувда бўлмасин, фақат ҳакамлар қаршисига чиқиб, ўзимнинг нималарга қодирлигимни намойиш этишни хоҳлайман. Энг катта орзуим эса, ҳозир ўзим намоён этаётган гимнастика бўйича Олмония терма жамоасини мусобақалар финал босқичида кўриш ва жаҳоннинг энг сара саккиз жамоаси сафларида беллашиш.

 Би-би-си: Агар индивидуал ҳисобда айтсак-чи?

 Оксана Чусовитина: Ҳозир бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Энг аввало саралаш босқич беллашувларидан ўтишимиз керак. Шундан кейин уёғини кўрамиз.

 Би-би-си: Оксана, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик шогирдларингизга қарши беллашишингизга тўғри келади. Бу сизга ғалати бўлиб туюлмаяптими?

Оксана Чусовитина: Йўқ, менинг учун бунинг ҳеч бир ғалати ери йўқ. Мен буни аввалдан билганман. “Қизларим” билан Лондон Олимпиадасига қадар ҳам бир қанча мусобақаларда бирга иштирок этганман. Ҳатто, Луиза Галиулина ходада мендан яхшироқ ҳам натижа кўрсатган. Мен бундан фақат қувонаман, холос. Чунки шогирдларим мендан яхшироқ иштирок этишаяптими, бу – мен уларга нимадир бера олганимни кўрсатади.

 Би-би-си: Лондон Олимпиада Ўйинларида ўзбекистонлик шогирдларингизни нималарни тилаган бўлардингиз?

 Оксана Чусовитина: Энг асосийси – жароҳат олмасдан, стабил ва бенуқсон иштирок этишларини тилаб қолган бўлардим.

 Би-би-си: Турли хабар воситаларида Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари ортидан, катта спортдаги карьерангизга якун ясашингиз ҳақида кўп гапирилаяпти. Бу гаплар ростми, агар тўғри бўлса, ундан кейинги режаларингиз қандай?

 Оксана Чусовитина: Ҳа, бу хабарлар рост. Лондон Олимпиадаси мен учун энг йирик спорт беллашувларининг сўнггиси бўлади. Чунки кўпроқ вақтимни оилам, эрим ва ўғлим билан бирга ўтказмоқчиман. Менимча, ўзим каби гимнастикачиларга ўхшаб, мураббийлик фаолияти билан шуғуллансам керак. Кўрамиз. Ҳали аниқ билмайман. Бу – умуман янги босқич бўлади. Гаплашиш, ҳал этиш лозим бўлган масалалар бўлади. Бўлса, Ўзбекистонда, бўлмаса, шу ерда, Олмониянинг ўзида мураббийлик қилсам керак.

 Би-би-си: Ўзбекистонлик таниқли спорт гимнастикачиси Оксана Чусовитинанинг Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларидаги иштирокига оид сўнгги хабарларни веб саҳифамиз орқали кузатиб боришни унутманг.

Манба: www.bbc.co.uk/news/

“Vatandosh” dosyesi.  Оксана Чусовитина: 1975 йилнинг 19 июнида Бухорода туғилган. Спорт гимнастикаси бўйича Олимпия чемпиони, Осиё ўйинлари ва “Жаҳон юлдузлари” халқаро мусобақасининг совриндори. «Дўстлик» ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан такдирланган. Оксана Чусовитина 7 ёшидан бошлаб гимнастика билан шуғулланган. Ноёб иктидори, тиришқоқлиги билан мутахассислар назарига тушган ва 1986 йили Тошкентдаги республика олимпия ўринбосарлари билим юртига таклиф этилган. Бу масканда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Светлана Кузнецовадан гимнастика сирларини кунт билан ўрганган. Мамлакат чемпионатларида кетма-кет муваффақият қозонгач, 1990 йили у терма жамоа сафига чақирилди. Ўтган ўн йил давомида дунёнинг энг сaра гимнастикачилари иштирокидаги барча нуфузли мусобақаларда иштирок этди ва уларнинг кўпчилигидан совринлар билан кайтди.  1992 йили Барселона Олимпиадасида жамоа таркибида олтин, 1994 йили Осиё ўйинларида 2 та бронза, 1995 йили жаҳон кубогида битта олтин ва 2 та бронза, 1997 йили “Жаҳон юлдузлари” халқаро мусобақасида 2 та кумуш медални қўлга киритган.  Спорт гимнастикасида узок, йил мусобақаларда муваффақиятли қатнашиш спортчидан катта ирода ва жасорат талаб қилади. Оксана ана шундай матонатли спортчиларимиздандир. Оксана Чусовитина Олимпия ўйинларида уч бор (Барселона, Атланта, Сидней) қатнашган Ўзбекистонлик ягона спортчидир.  Ўзбекистон спортини ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Оксана Чусовитина Ватанимизнинг “Дўстлик” ордени билан такдирланган.

SHARE