Таниқли ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг “Жинлар базми” романи. IV қисм.

Жинлар Базми 4 кун

Бир зумга Абдулла на кулишини, на йиғлашини билмай қолди. Бу девнинг ҳам атрофида ҳеч ким қолмабдими, ёлғизлигидан мана маҳбусларга бўлса-да ўз зорлигинию, ўз борлигини изҳор этяпти. Ё қоровул аскарлари билан ичиб олиб, уларга ҳайқирганими буниси?
Янги йил ҳам кирибди. Янги йилингиз муборакбод, Абдулла! Бир қиш ўтирсам қиссамни ёзиб битираман, – деган эдингиз. Худо хоҳласа демаган экансиз-да ўшанда. Кўнглингизда бор эдию бу хатар, ахир Фитрату Чўлпон, Вадуд Маҳмуду Ғози Юнус, Анқабою Элбекни олиб кетган жойда сизни тинч қўйишармиди?! “Чўҳ”- деса кетадиган от экансиз, арқонингизни узунроқ ташлаб қўйишган экан-да, “Қани ёзиб турсинчи, роса қизиғида босамиз”, – дейишган эканми.
Янги йилни қаерда кутиб олсанг, йилинг ҳам шундай ўтади, – деган ўрислардан юққан бир ирим бор эди, қамоқда ўтказар экансиз-да бу йилни, Абдулла! Ўтган сафар олти ой деганда қўйиб юборишган эди, бу сафар ана Фитратнинг ҳам, Чўлпониннг ҳам қамоққа тушганига ярим йилдан ошиб кетди. Чиқишидан дом-дарак бўлгани йўқ. Улар ҳам шу атрофдамикан? Бир-икки девор наримикан? Анави барзанги Винокуровга ўхшаб ҳайқирса, жавоб беришармикан?!

Ҳаҳ! Эсига тушди бояда миясида чақнаган анави учқун. Муҳаммадҳакимхон-тўранинг чимилдиқ пойлагани. Деярли ёд олган “Мунтахаб ат-таворих”ни эслади Абдулла. “Аммо камина ҳам айни ёшлик даврим бўлгани учун ва ҳам бир томони шўхлик қилиб ҳеч ёққа қўзғалмадим ва беадаблик йўлига кириб чимилдиқнинг бир чекасида бекинганча, ул ой ва қуёшнинг яқинлашувини тўйиб томоша қилдим. Ҳуллас ўша чоғда Амир Умархоннинг димоғида жуфтлашиш шароби кўпирди, ул дилрабо юзида эса ҳаё тори шабнам донасидек намоён бўлди. Нозу-ниёз лаҳзалари қизиди – ҳаридор иштиёқи кучайиб, мол эгаси мулойимлиги ортди. Чунки орзу кишининг булути мақсадини ҳосил қилиш учун мурод пардаси ортида шай турарди. Гулғунча шамолнинг уятсизлиги натижасида қабога бандини ечишга мажбур бўлди ва ўзининг гулгунлиқ оғушига солди. Омонлик суманининг ғунчаси мақсади ҳосиллик насими ҳилпираши сабабидан оғзини очди ва мақсуд бўстонидан кумуш ранг садафга симоб гавҳари томчилади.

Айни ўша пайт каминанинг кулгиси қистаб қолса бўладими?”

Абдулла бу сўзларни дуосимон пичирлар экан, хаёли ҳар томонга тўзиди. Винокуровнинг наъраси ҳам унинг кулгисини қистатмаганмиди ҳозиргина. У ҳам ўзини бир зумга чимилдиқ кетида писиб ётган Ҳакимхон-тўрага менгзатди, рост, бу чимилдиқнинг деворлари тош, остида эса севги эмас ўлим ҳукмрон эди. Тўхта, тўхта! Жиловни қўлингдан чиқариш вақти эмас бу. Учқур хаёлинг обқочиб кетмасин сени. Жимжимадоргилиги демаса саҳна ажойиб ёзилган, айниқса бошию кети, лекин Абдулла ундан азбарои бошқа туртки олди ўхшайди.

* * *
Ойхон-пошша Сайид Ғози-хожа ҳазратларининг тўнғич қизи эди. Ўн саккизга ҳали кириб-кирмаган бу қиз ёш умрига қарамай кўпни кўрганиданми ўз онаси Қантак пошшога қиз эмас, сингил қатори эди. 1232-нчи йилнинг Жадий ойида улар туғилиб ўсган Ўратепани Хўқанд подшоҳи Амир Умархон босиб, сайидлар паноҳи Маҳмуд-хожаю, бошқа улуғ-улуғ ҳазратларнинг қўлларига кишан солганида, бало Сайид Ғози-хожанинг ҳам хонадонига кириб келди. Қишнинг қаттиқ совуғига қарамай буларнинг барини қор устида зор йиғлатиб бутун борлиғини мусодара қилишди-да, уловга солиб, Хўқанд томон бадарға қилишди. Ойхон-пошша ўшанда ўн беш ёшда эди. Оч-яланғоч булар Хўқандга етишгач, Амир Умархоннинг хожагонга қарши ғазаби битмай, Сайид Ғози-хожаю Ўратепа улусининг бошқа улуғларини ундан ҳам нари, Шаҳрихонга сургун қилди. Ул бечораларни шу қадар талашган эди-ки, бир кулча нон буларнинг кўзларига фалак чархи, жулдур кўйлак эса биҳишт ҳилъатидек кўринарди.

Қиш қаҳратонида яйдоқроқ ерда бир кулба қуриб Сайид Ғози-хожа маҳалладаги учта-тўртта майдага дарс ўқитиш ила, Қантак-пошшо билан Ойхон-пошшо эса дўппи тикиш ила кун кўриша бошлашди. Дўппи гулларини ипакдан тикишса-да, ўзлари бўз кўйлак кийишди. Топган-тутганлари фақат қора қозонни қайнатишига етиб турди холос. Кичик ука-сингилларини – отасини уринтирмасдан – ўзи ўқитди Ойхон-пошша. Уларга аллалар айтди, эртаклар тўқиди, ғазаллар битди.
Ютган аламлариданми, иккинчи қишга бориб, Қантак-пошшанинг аввалига буқоғи шишиб кетди. Кейин битмас йўтал ёпишди. Сайид Ғози-хожа аллақаердан кийик ўти тилаб келди, уни қайнатиб ичиришди, ёрдам бергани йўқ, кўкламга етар-етмас беш болани тирик етим қолдириб, Қантак-пошша бу вафосиз дунёдан кечди. Зор-зор йиғлаб қолишди булар. Энди Ойхон-пошша отасига ягона суянчиқ, ука-сингилларига она ўрнида қолди. Илгари ҳафтасига ўн дўппи тиккан бўлса, энди йигирматадан тикди, ўшанданми шаҳло кўзлари икки ўткир ханжардек чархланди, укаларини ювди, таради, ўқишию ошига қаради, ҳаракатлари сиртлоннинг урғочисидек енгилу эпчил бўлди, бирданига мункайиб қолган отасининг синиқ кўнглини асраб-авайлаб чегалади – овозлари чиннидаги қиёмдек ширалади…

Буни биринчи бўлиб ҳар кўклам Эски-Новқатдан Шаҳрихонга келиб, боғчаларни чопишдаю, экин экишда ёрдам бериб юрадиган амакиваччаси Сайид Қосим-хожа йигитча сеза бошлади. Энди у аввалгилардек ишини битирса, Сайид Ғози-хожа ҳазратларининг дуосини олиб йўлига ошиқмас, балки турли баҳона топиб, бир буларнинг барини ковушларини ямар, бир тандиру ўчоғ атрофидаги сувоқни янгилар, бир деворингиз нураб қолибди, – дея, пахса қаларди.
Сайид Ғози-хожанинг болалари ҳам Сайид Қосимни хуш кўрар, бири унга лой отган, бошқаси хипчин олиб келиб, тойчоқ ясаб бер дея, хархаша қилган, учинчиси “Катта бўлсам, сизга тегаман” – деб, ваъдалашган. Фақат Ойхон-пошша ўзини бу амакиваччаси билан сипо тутар, керагида чойига, керагида жойига қарарди.  Ўша эрта кўклам ҳам бошқа ишларини битириб бўлгач, Сайид Қосим буларнинг икки тупгина токини очиб бериш важҳида яна Эски-Новқатига қайтишга кеч қолди. Ҳолбуки Сайид Ғози-хожа ўша куни Янги-Новқат томон Саҳобани зиёрат қилгани ўзининг 14 яшар ўғли Сайид Олим билан йўлга чиққан эди. Ойхон-пошшанинг икки синглиси маҳалладаги Отинча-бувиникига дарс олгани чиқиб кетишган, ёлғиз кенжатой Сайид Нозимхон уйда ҳали ҳам уйқусидан турмаган эди.

Сайид Қосим-йигит аввалига ишкомининг бир-икки ямоғини янги ходалар билан ямади. Бир чой қайнар вақтдан сўнг токни очишга киришди, бардиларни аста бир чекага йиғди, қўндоқланган токни авайлаб очди, хар тугул совуқ урмабди, ва оҳиста таг-тагидан бошлаб, ток поясинию, новдаларини истак билан ишкомга тараб-тараб боғлай бошлади. Кўклам жони поя танасидан югура бошлаган, шўралар эгилиб-букилиб, ҳар томон гажак ташлай бошлаган эди.

Шу пайт чойини кўтариб Ойхон-пошша келиб қолди. “Ҳормангиз, ака!” – деб сўрашди-да, қўлтиғидаги қийиқчани ёзиб, ичидаги нонни ушатди, чойни пиёлага қуйиб имо қилди: “Чойдан ичиб олинг, қувват бўлади!”. “Майлингиз!”, – деб жавоб берди Сайид Қосим ва дастурхонгача яқинлашар экан, Ойхон-пошшанинг анави гажак-гажак шўралар каби ўгирилиб, уй томон кетажагини пайқади-да, бирдан:
– Менга ёрдамингиз керак эди, Ойпошша! – деди.
Ойхон бир қиё боқди-да:
– Нима эди, ака? – деб сўради.
Бу “ака” деб айтган сўзида неларни англамади ўша он Сайид Қосим-йигит, дами ичига тушиб кетиб, қарийиб шивирлади:
– Шотини ушлаб туролмайсизми. Ишкомнинг тепаси нозикроқ, шўрани боғлаб олай…
Ойхон бебоғ шўрадек ялт этиб ўгирилди.
– Майлингиз…

Чой ҳам бир чекада қолиб кетди, Сайид Қосим-йигитча, қўлу-нафаси титраганича, ишком тагида ётган нарвонни турғизиб, ишкомнинг пухтароқ бир ходасига тирадию:
– Мана бу тарафдан ушлаб турсангиз, мен дарровгина токни тараб ташлай, – деди.
Ингичка Ойхон қаддини ростлаб, бор жаҳди билан нарвонга ёпишди. Сайид Қосим эса бирданига ўзини дорбоз янглиғ ҳис этиб, шоти тепасига учиб чиқди. Кўклам шабадаси унинг юзу-сочларини қитиқлар, у эса ўзини ишком тепасида тугул, бутун олам узра учаётгандек сезарди. Қўлидаги истак билан бир новдани боғлади, иккинчисини. Учинчиси – бебошроғи хийла узоққа қайирилган экан, истак ушлаган қўли билан чўзилганини билади Сайид Қосим-йигит, бирданига нарвон бир томонга оғиб, боягина янгидан ямалган ишком катаги қарс этдию, қизнинг “Дод!” – деганига қарамай, Сайид Қосим-йигит нарвони билан осмондан ерга қулади.
“Дод!” – деб, Ойхон йигит олдига ташланди, бетларига уриб боқди, ёқасидан ушлаб силкитиб кўрди, қани жон асорати кўринса. Йигитнинг юзига дув-дув ёшлар оқди, жонсарак лабларини йигитнинг тер босган манглайига босган эди, йигит бирданига бир ингради.
– Вой худойим! – деб ҳитоб қилган Ойхон кетидан:
– Кўрдим, кўрдим, ўпишдийла! – деган овоз қизни чўчитди…

Кечаси кенжа укаси Сайид Нозимхонни қучоғида олиб ётаркан, Ойхон-пошша унга:
– Сиз боягини ҳеч кимга айтиб юрманг-а, яна, – деб сирлашарди.
Қўшни хонада ётган Сайид Қосим-йигитнинг эса урилган бадани лўқ-лўқ қақшаса-да, юраги елвизакка бўй берган новдадек сарҳуш эди…

Давоми бор.

 

SHARE