Абдулла Тангриев: “Ҳали кураш тугагани йўқ, тез орада яна майдонга қайтаман”

Аввал хабар берганимиздек бу йилги Лондон Олимпиадасида муваффақиятли иштирок этиши кутилаётган Абдулла Тангриев жароҳат олиб, сафдан чиқди. Абдулла тўрт йилда бир марта бўладиган нуфузли мусобақада юртимиз шаънини ҳимоя қиладиган спортчилар орасида энг умидлиларидан ҳисобланаётганди. Унинг шу вақтга қадар қўлга киритган ютуқлари ҳам бунга асос бўла олади.  Ўтган йили ўтказилган жаҳон чемпионатининг мутлақ чемпиони, 2008 йилги Пекин Олимпиадасининг кумуш медали соҳиби, уч марта жаҳон чемпионати бронза медаллари эгаси, Осиёнинг беш карра чемпиони, 2005 йилда кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби бўлган бу йигитга биргина Олимпиаданинг олтин медали камлик қилаётганди. Афсуски, бу орзу яна тўрт йилга ортга суриладиган бўлди. Иқтидорли курашчимиз ўтган ҳафта машғулот вақтида жароҳат олиб, сафдан чиққанини эшитгач, у билан боғланиб, далда беришга ошиқдик. Табиийки бундай вақтда исталган инсон тушкун кайфиятда бўлиши аниқ, аммо Абдулла биз билан суҳбат қуришдан бош тортмади.

– Абдулла, бўлиб ўтган кўнгилсизликни эшитиб қаттиқ афсусландик. Тезроқ кураш майдонига қайтишингизга тилакдошмиз.

– Раҳмат. Бунақа бўлишини ким ҳам ўйлабди дейсиз? “Фалокат оёқ остида туради” деганларидек, кутилмаганда жароҳат олдим.

– Аслида нима бўлди ўзи? Қандай қилиб машғулот вақтида бундай жароҳатга йўлиқдингиз?

–  Ўтган ҳафта сувда бажариладиган машқларни ўтаётган эдим. Эхтиётсизлик қилиб, бассейннинг чиқиш зинасига оёғимни уриб олдим. Жароҳат жуда оғир бўлган экан, докторларнинг айтишича учта бармоғимнинг пайи узилиб кетибди. Жарроҳлар узилган пайларни қайта улаб, тикиб қўйдилар. Ҳозир оёғим гипсда турибди. Кўп ҳаракат қилиш мумкин эмас экан.

–  Жароҳатингизнинг тузалиши учун қанча вақт керак бўлишини айтишдими?

– Бир ойлардан сўнг гипсни олиб ташлайдилар, у ёғига тикланиш жараёни бошланади. Физиотерапия курсларини ўтайман, турли муолажалардан сўнг яна спорт билан шуғулланишим мумкин бўлади. Тўлиқ сафга қайтиш учун аниқ қанча вақт кетиши ҳозирча айта олмайман.

– Демак Лондон Олимпиадасида иштирок эта олмаслигингиз аниқ экан-да?

– Афсуски шундай. Бундан жуда қаттиқ хафа бўлдим. Лондон Олимпиадасида иштирок этиш учун йиллар давомида тайёргарлик кўрган эдим. Бошқа мусобақаларга ҳам Олимпиадага тайёргарлик сифатида қарардим. Яқинда Москвада бўлган “катта дубулға” туркумидаги мусобақада муваффақиятли иштирок этиб қайтгандим. Лондон Олимпиадасидан жуда катта умид қилгандим, насиб қилмаган кўринади.

– Сизнинг ўрнингизга Олимпиадада ким иштирок этади?

-Рейтинг бўйича мендан кейинги ўринда турган спортчи. Бу спортчи юртимиздан бўлмайди. Менинг ўрнимга хорижлик дзюдочи Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

-Олимпиадада қандай натижа кўрсатишни кўзлаётгандингиз?

-Биласизми, курашда олдиндан қандай натижа қайд этиш мумкинлигини айтиш жуда қийин. Фақат оғир атлетикадагина қандай натижа эришишингизни олдиндан билишингиз мумкин. Дзюдода эса рақибнинг техникаси ва усулига қараб кураш олиб бораверасиз. Аммо ўзим шу сафарги Олимпиадада фақат юқори марраларни кўзлаётган эдим.

-Энди нима қилмоқчисиз? Келгуси режаларингиз ҳақида айтиб бера оласизми?

– Ҳозирча жароҳатдан батамом қутулиб, бемалол спорт билан шуғуллана оладиган бўлишим ҳақида қайғуришим лозим. Кейин, ортимдан яхши шогирдлар қолдириб, улар билан ҳам улкан ютуқларга эришишни истайман.

– Шогирдлар дейсизми? Аммо ўзингиз ҳали бемалол кураш тушадиган ёшдасиз-ку? Ҳали бир неча йиллар фаолиятингизни давом эттирсангиз бўлади.

-Албатта давом эттираман ҳам. Мен шунчаки ўз тажрибамни ёшлар билан ҳам ўртоқлашиш ҳақида гапираётгандим. Ҳали олдинда жаҳон чемпионати турибди, келгуси Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ниятим ҳам бор. Жароҳатимни даволатиб олганимдан сўнг, қаттиқ меҳнат қиламан ва аввалги спорт формамни тиклаб, яна халқаро майдонларда юртимиз шаънини ҳимоя қиламан. Битта жароҳат туфайли таслим бўлиб қолиш ниятим йўқ. Омадсизликларга қарамасдан ҳаёт давом этаверади ва ишонаманки аввалги ҳолатимга ҳали қайтаман.

– Мухлислар сиздан кўп нарсаларни кутаётгандилар. Суҳбатимиз охирида уларга нималар деган бўлардингиз?

– Уларнинг ишончини оқлай олмаётганимдан жуда хафаман. Аслида Олимпиадада юртимиз байроғини баланд кўтаришни жуда орзу қилган эдим. Афсус, бу ишни бажариш насиб қилмаган экан. Мусобақада рақиблар билан беллашиш ўрнига, жароҳатимни даволатишим лозим бўлади. Аммо боя айтганим сингари, ҳали кураш тугагани йўқ. Насиб қилса, яқин вақтлар ичида яна майдонга қайтаман ва ғалабаларга эришиб, мухлисларни хурсанд қиламан. Лондон Олимпиадасида эса Дилшод Чориев ва Ришод Собиров каби дзюдочиларимиз ажойиб ғалабаларга эришиб, мен қила олмаган ишларни амалга оширадилар деб умид қиламан. Ўзим ҳам бутун Ўзбекистон халқи қатори сафдошларимга мухлислик қиламан.

Баъзи ОАВ хусусан Франциянинг sports.fr  спорт нашри Абдулла Тангриевнинг Олимпиадага бора олмаслигига унинг қонида кучсиз наркотик моддаси аниқлангани сабаб бўлганлигини хабар қилган. Шу боис, спортчи икки йилга барча мусобақалардан четлаштирилган, деб ёзади интернет нашри. Биз билан суҳбатда Абдулланинг ўзи бу ҳақда лом-мим демади.

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди.


SHARE