Таниқли ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг “Жинлар базми” романи. VI ва VII қисмлар.

Жинлар Базми 6 кун

Қуёш тафтию ашула ҳовури ҳали ҳам музлаб бўлмаган хавода овунар экан, улар Кўк Жетик деган яйловга кириб келишди. Ўтов ичида оёқларини ёзиб, асрни ўқиб бўлгач, Сайид Қосим-тўра отларини боқиб берган таниш қирғиз йигитлардан бирини ўзи билан олди-да, қоронғуда қолиб кетмайлик дея, яна йўлга шошилди. “Орада бир довон қолди”, – деб, Ойхону укаларига тушунтирди у қирғиз йигитнинг тоғ шевасини… Ана шу довонда юрак-пураклари чиқиб кетди Ойхоннинг. Йўл тепага шу қадар тик кетар эканки, отлар ҳансираб қолишди. Сайид Қосим-тўраям, бояги қирғиз йигитча ҳам, аравадан тушиб, бири тизгинни ушлаганича отларни тепага торта бошлади, бошқаси эса араванинг кетидан баҳоли қудрат итара бошлади.

Ҳалигина Ойхон ўз ашуласида айтганидек, қуёш ҳам тоғ тепасига қоқилдию бир вақтга қадар қотиб қолди гўё; тоғ ортига думалаб кетай деса, буларнинг аравалари тепароқ чиқавериб қуёшни кўздан йўқотишмади. Сайид Қосим-йигит ҳам худди бор кучини шу қуёшни узоқроқ ушлаб туришга, қўрққанидан, араванинг бурчагига биқиниб, чимматига бурканиб олган Ойхон юзларида, чиммат узра бўлса-да, қуёш нурлари ўйнашини орзулагандек эди. Довоннинг энг тепасига чиқишганида яна ўша ишком тепасидаги туйғу йигит юрагини чулғади: “Илло, энди арава шотиси билан қуламасам” – деган хаёлда қора тер босган қўйнига туфлаб қўйди. Тепа ёп-ёруғ, довоннинг икки тарафидаги воҳаларга эса қоронғуликнинг илк сояси тушган эди. Бу тоққа чиқиш қўрқинчлироқмиди Ойхон учун, ё тушиш йўлими, ким билсин, лекин қоронғу тушиши билан улар сойлари кокил каби таралган Орол номли обод ерга, яна бир соат деганда эса осмонида юлдузлар чарақлаган Эски-Новқатга кириб келишди. Умрида бу қадар бахтли бўлмаган эди Ойхон ўша бир ҳафта.

Аммо бир ой ўтар-ўтмас уларнинг кулбасига Амир Умархоннинг совчилари бостириб келишди. Ўша йилнинг Сунбула ойида эса Ойхон-пошшани зўрлаб, Амир Умархонга учинчи хотин сифатида никоҳлашди ва у чимилдиққа қамоққа тушган қушдек кирди…

Бу фикрни эндигина тўйган Абдулла кимнинг оғриғидан инграётганини ўзи билмай қолди. Навқирон йигит Сайид Қосимнинг ишком эмас, довон эмас, чарақлаган юлдузли осмонидан қаро ерга қулаган вужудининг оғриғимиди бу, ё қор устида зор йиғлаб турган болаларни музлаб қолган кўзларида ҳаргиз эритолмайдиган Ойхон-пошшанинг азиятимиди? Қаерда ўзи у? Нималар бўляпти бу дунёда, бу битмас зулматда?! Оғриқдан ортиқ нарса борми ўзи?..
Тоғ тепалаб ботаётган қуёш, бешта норинж бўлиб, пастга думалаб кетди-ю, Абдуллани қоронғу уйқу босди…

* * *

Эрталаб қамоқхонанинг эшиги шарақлаб очилди-да, чўчиб: “Қаердаман ўзи?” – деб уйғонган Абдуллага ошпаз аскар бир товоқ бўтқа билан бир кружка чой қолдирди. Қамоқдаги биринчи уйғониш бошқача бўлади. Буни Абдулла биринчи қамалишидан эслаб қолган: тушсиз уйқуда бўлса-да, қамоқда эканлигингни англайсану, уйғонгач биринчи хаёлинг – тунги васвасаларим туш бўлиб чиқса-я! – деган ўй бўлади. Лекин, қарайсанки, босинқираш ёки алаҳсираш эмас экан у, ростданам қамоқдасан. Ростданам кеча 31-нчи декабрь уч киши келиб, қўшнинг гувоҳлигида уйингни тинтув қилишган, Раҳбару болалар қор устида зор йиғлашган, гўдаклигида: “Кўтаринг бер!” – деб, қўлга ўрганган кенжатойи Маъсуд: “Дадажон!” – дея, кишанланган қўллари томон талпиниб қолган…

Урилгани, тепилгани ҳам рост, бурчакда турган пақирдаги сувга турмоқчи бўлган Абдулла бутун вужуди зирқираганидан яна жойида узалиб қолди. Йўқ, насҳ босиб, бомдодниям қазо қилибди, аста туриб таҳоратини олиши керак, қазо қилиб бўлса-да бомдодни ўқиб олиши лозим… Бадандаги оғриқини енгиб, Абдулла ўрнидан турди, бурчакда таҳоратини олди, ётоғига қайтиб, қибла қайси томонда эканини билмасдан, гардкамига қазо бўлган бомдодини ётоқ бўйлаб ўқиб олди. Бўтқага кўнгли бормади, тахир чойни ичиб олди. Чой фикрларини ёзиб юборди.

Ўйламабмиди, шу деворлар орқасида Ғози Юнус аллома бўлиши мумкин, Фитрат домла бўлиши мумкин, Чўлпон, ҳа, Чўлпон бўлиши мумкин, деб. Аравада ашула айтган қизни Чўлпон ёзмаганмиди, ана ким Шаҳрихоннию Эски-Новқатни афзалроқ чизиб бериши мумкин эди. Қўмсади Чўлпонни Абдулла. Қанчадан қанча гаплашадиган гаплари тугулиб юрган эди кўнглида. Энди кўришармикан у билан бу ерда? Энди етказа олармикан унга рус хотинининг ҳавотиру ташвишларини?…
Қамоқдаги биринчи кун айрича. Нималар бўларкин? – деб, пуч хаёлларда эшик орқасида қитир этган ҳар бир сасга қулоқ тутиб ўтирасан. Лекин узоқ-узоқ ҳеч нарса бўлмайди. Бундан яна беҳудаю зое хаёлларга бериласан. Яна бир нарсаларни эслайсан, яна ўз кўнглингни оғир тегирмон тошлари орасига соласан. Бундан чиққани эса – пуф деса тўзиб кетадиган тўқимаю тахайюл уни…
Оғир тош деди. Лекин Ойхон-пошшанинг ўз қамоғидаги биринчи эртаси бундан юз карра оғир бўлмаганми? Зўрланган ул қизнинг, эрталаб келин саломга чиқиб, ўз отаси Сайид Ғози-хожага бош эгиши, ундан сўнг хонага бирин-кетин кириб келаётган хотин-халаж, уни зўрлаган ва ҳалқумидаю қорнида оғир бир тугун қолдирган Амирнинг онаю холалари, аммаю хотинлари олдида қад эгиш оғирлгини бир зумга сездию Абдулла, ўз нолишини шу кезоқ унутиб, хаёлини Оллоҳнинг зикрига бурди.

Озми-кўпми вақт ўтди, қамоқхона эшиги яна очилиб: “Заключенный Кадыри, руки за спину, на выход!” – деган аскар уни ертўладаги бошқа бир катакка бошлади, у ерда қўлига номери ёзилган тахтача тутқазиб, бир – юзи тарафидан, бир – ёнидан расмга туширишди, кейинги катакда эса қартайган жуҳуд сартарош сочию соқол-мўйловини тозалаб қиртишлади. Ғўдайиб турган аскар ўнгида оғиз очишга изн берилмаганиданми, соқовликдан ичи ёрулгудек у сартарош пишшилларди, вишшилларди, шивирларди, илож топмагач, гапга чанқоқлигини қўллари орқали ифодаларди. У Абдулланинг кўпикдан озод бетларига енгил шапатлар туширар, яктагининг ёқасини тортиб қўяр, қулоғига энгашиб яна пишшиллар, вишшиллар, яна ўзига бир нарсаларни шивирларди.
Абдулла бирданига Сайид Қосим устида гиргиттон бўлган Ойхонни эсладию, бирданига кулай деворди. Йўқ, устара остидаю анави аскарнинг муздек кўзлари ўнгида ўзини жиддий тутгани дуруст. Келиб-келиб бу кулгининг нуқси манови бечора сартарошга ҳам урмасин. Уям ахир бир навъ маҳбус эмасми? Қўлга тушмай деб, буларга ишлаётганмикин? Ё чинданам маҳбусмикан? Қўлларини аямай оппоқлади у Абдулла яноқларини.

Соч олдириш осон эса-да, бир зумда бесоқолу бемўйлов бўлиш оғир экан – тепа лаби дўрддайиб кетди Абдулланинг. Яхшиям расмга бу ҳолатда тушмади… Анови туксиз рус аскарига қараганиданми, қиссасида кейинроқ ва кенгроқ ишлатмоқчи бўлган бир ҳикоя эсига тушиб кетди.

19-нчи асрнинг бошида Россия қарамида бўлган Польшанинг Шавел шаҳрида аслзода Виткевичлар оиласида ўғил туғилади. Отаси унинг отини Ян, француз маданиятига моил онаси эса Жан деб аташади. Бола зукко ва абжир бўлиб ўсади. Поляк тилидан ташқари ёшлигиданоқ рус ва инглиз, француз ва немис тилларида бемалол гаплашади. 14 ёшида Краж шаҳрининг гимназиясида ўқир экан, Ян Виткевич “Қора қардошлар” деган махфий ташкилот тузиб, халойиқ орасида русларга ва Россия мустамлакачилигига қарши шеърлару варақалар тарқатаётганда қўлга тушади. Ёшлигига қарамай, барча мулкию, ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этиб, бу ўспиринни бадарға қилишади.
Рост, қадди-қомати ўспирин эмас, йигитлик даражасида эканлигиданми, қўнғир сочлари бараварида ҳали мўрт мўйловларинаям аскар сартароши қиртишлаганида, лаблари дўрдайиб қолганини у кейинроқ ўз хотираларида ёзган эди.
Орск чўлида, татару қозоқлар орасида, у маҳаллий тилларни ўрганишга киришади, ҳамда илмининг ўткирлигидан татарлар орасида Ян эмас, Жан эмас, Галимзян, қозоқлар орасида эса Алимжанга айланади.
Онда-сонда Бухородан Маскўвга кетаётган савдогарлардан у форсчани ҳам юқтириб олади. Бу уринишларда олти йил ўтади. Ўша пайт Сибир экспедициясидан қайтар экан, Оренбургда машҳур немис шарқшуноси Вильгельм Ҳумбольт тўхтаб ўтади. Тасодифан 20 яшар Ян Виткевич билан учрашиб қолган олим, унинг билимларига қойил қолиб, эндигина Оренбург губернатори этиб тайинланган полковник Перовскийга Виткевични тавсия этади.

Чор ҳукумати тарафдан Ўрта Осиёни забт этиш вазифаси юклатилган Перовскийга Виткевичдек одамлар айни муддао бўлганидан, у Галимзянни 1835-нчи йили Бухорога жосус сифатида юборади. Бир йил деганда у Бухоро қушбегию вазирлари билан танишиб, маълумоту ахборот йиғиб, Перовский олдига қайтади. Бундан сўнг у яна бир қанча жосуслик сафарларига Туркманистону Афғонистонларга йўлланади.
Русларга ва Русия ҳукуматига кўрсатган хизматлари учун уни зобит этиб тайинлашади, ҳақ-ҳуқуқларини тиклашади. Келажаги порлоқ 30 яшар зобитни 1839-нчи йили пойтахт Петербургга чақиришади. Меҳмонхонада экан, у тасодифан ўзининг ёшлигидаги дўсти шоир -Константин Тышкевич билан учрашиб қолади. Шунча йил кўришмаган икки дўст хонага қамалиб, ёшлик орзуларинию бошларидан кечганларини бир-бирига ошиқиб-тошиқиб сўзлашади.

Ян ҳам ўзининг Галимзяну Алимжонга айланганини, Бухорою, Нишопуру, Кобулларда бўлган саргузаштларини айтар экан Тышкевич тобора оқариб, бўзариб, ахир Виткевич ўз ҳукукларида тикланганию, зобит мартабасига кўтарилганини сўзлаганида, бирданига уни кесиб:
– Сен биласанми кимсан? Сен сотқин. Сен хоин. Ахир буларга қарши ўлгунча курашамиз деб қасам ичмаганмидик?! Сен эса буларнинг малагига айланибсан, – деб, шартта ўрнидан турадию, эшикни шарақлатиб ёпганича, хонадан чиқиб кетади.
Эртасига миясига ўқ еган Виткевичнинг жасади, қўлида тўппончаси билан, ўз хонасида топилади…
* * *

Абдулла бу хомроқ ҳикояни кейинроққа сақлаб қўйган, балки пишганида, “Рус рулеткаси” деган бир боб қилиб ёзар. Иншоллоҳ, бу ердан эсон-омон чиқиб олсин-чи, ҳали Виткевичнинг Бухородаги саргузаштларига ҳам қайтади. Бу ҳикояни серсув қиладиган бир-икки қўшимча қочиримлари бор. Тилини ҳам анча зийнатлаш керак. Ҳозирча жўнгина қилиб манови рус йигитга айтиб берсамикан бу ҳикояни? Тушунармикан? Тўзиб кетди Абдулланинг хаёллари ўзининг тўкилган сочлардек. Ақлини бир ерга жамлаб олиши керак. Айниқса бу ерда…
Сартарош ҳам ўз ишини битирди. Яна бояги бир-бирига ўхшаган темир эшиклар бўйлаб уни ўз қамоқхонасига бошлашди. Ақлини бир ерга тўплаши керак. Бедов хаёлларининг жиловини қўлга ўраши керак. Сўроқ бўладиган бўлса, нималарни сўрашади? Буларга жавобларини пишитиб қўйиши лозим. Нималарда айблашди кеча уни? Татар терговчининг қоғозида, хато қилмаса, 57-нчи, 67-нчи моддалар кўрсатилганди. Эрталаб кўрмаган экан, эшик ёнида титкиланган китоб – Жиноий Кодекс ётибди. Уни қўлига олиб, ўз моддаларини қидиришга киришди Абдулла. 57-нчи модда: “Совет Иттифоқи Конституцияси ва Иттифоқдош республикалар Конституцияларини, Совет Иттифоқи ва Иттифоқдош автоном республикаларнинг ишчи-деҳқон ҳокимиятини ағдариб ташлашга, қўпоришга ва ё заифлаштиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, ҳамда Совет Иттифоқининг халқ хўжалигининг пролетар революцияси қўлга киритган ғалабаларни қўпоришга, заифлаштиришга қаратилган уринишлар контрреволюцион деб ҳисобланади.

Совет Итифоқи таркибига кирмайдиган меҳнаткашларнинг бошқа бир давлатига қарши қилинган хатти-ҳаракатлар ҳам, барча меҳнаткашларнинг манфаатини, интернационал бирдамликни ҳимоя қилиш мақсадида контрреволюцион деб ҳисобланади”.
Абдулла бу моддани қайта-қайта ўқиб, ўзининг қайси бир ҳаракатини ушбу йўсинда йўйиш мумкинлигини билмай, ўйланиб қолди. Ё: “Дўппи бўлса бош топилади” – деган хилиданмикан буниси?
Бир неча бет варақлаб у 67-нчи моддани ҳам топди: “Контрреволюцион мақсадда қилинган ҳар бир ташкилий фаолият, ва ё унга тайёргарликда қатнашган, айни пайтда юқорида қайд этилган биронта жиноятни содир этган шахслар ушбу бўлимнинг контрреволюцион жиноятлар сирасида кўзда тутилган моддаларга мувофиқ жиноий жавобгарлкка тортилади”.
Бунисини ҳам қанча тиришмасин, Абдулла тушунгани йўқ. Бир томондан тушунмаганлиги юрагига аллақандай ғулғула солгандек бўлса-да, бошқа тарафдан ақли: “Буларга менинг ҳеч қандай дахлим йўқ-ку!” – дегандек, енгил тортди.
Бекорчиликда бошқа моддаларни ҳам кўздан кечира бошлади у. “Безорилик” деганда Тошпўлат-тажангини эслади. “Қўшхотинлик” деган моддага Отабекини солди. “Диний даъватга” Калвак Махзумини ўлчади. “Ўғрилик”ни очганда, ният қилиб қўйган Намоз-ўғрини хотирлади. Китобни бир бошидан, бир оёғидан титкилаб, буларнинг барчасига ҳазил-ҳазил модда топиб чиқди, лекин ўзига ярашасини кўрмади. “Хаёлпарастлик” – деган жиноят йўқ-ку ахир. “Ўйчанлик” ё “Орзукашлик” деган ҳам модда учрамайди бу китобда.
Жиноят дейдиган бўлса мана буни сўзлаб берсин у…

1242-нчи ҳижрий йилнинг Шаъбон ойи, эрта баҳор. Қарши ҳокими Насруллохон яна черик чорлаб, Бухоро томон юзланган. Бу сафар унинг шашти баланд, бу сафар улоқни у олажак. Отаси Амир Ҳайдар ул бевафо дунёни тарк этганида, улуғ оғаси Амир Ҳусайн тахтга чиқди. Бухоро остонасига черик тортган Насруллоҳ сув бўйидан сув ичмасдан қайтди. Уч ой ўтар-ўтмас Амир Ҳусайн ҳам фонийдан боқийга отаси кетидан йўл олгач, Карманада ҳоким бўлиб ўтирган кичик иниси Амир Умархон эпчиллик қилиб тахтга уйқашиб олди. Бир сафар оғам деган эса Насруллоҳ, иккинчи сафар иним деб, яна Бухоро остонасидан қуруқ қайтди.
Энди Ҳаким-қушбеги юборган чопардан эшитишича Амир Умар салтанат ишлари эмас, айшу ишрату, кайфу сафо билан куну кеч бандмиш. Амирлик емирилаётган бир пайт Амир Умар чоғиру таннозлардан ўзгасини билмасмиш. Бундан нолиган вазирлару беклар Ҳаким-қушбегини ўртага солиб, чопарларини яна кимга – Насруллохонга жўнатишди.
Бу кез энди ёлғон мулозаматга бориш йўқ. Насруллохон шахтидан қайтмайди, тахт тиланмас, тахт улоқ каби юлиб олинар экан. Бухорога етишдан аввал Насруллохон Хожа Баҳовиддин мақбараларини зиёрат этиб, Ҳожатбарор Пиримиздан ўз ишларида дастак сўради. Мушкулларини раво қилиб бердими Ҳожатбароримиз, бир неча ҳафта қамалдан сўнг 1242-нчи сана, Шаъбон ойининг йигирманчи куни Ҳаким-қушбеги бошлиқ аъён Амир Умарга хиёнат қилиб, Арк дарвозасини Насруллохонга очиб бердилар ва ўша куннинг ўзидаёқ инисини тутиб, Амир Насруллоҳ-хонни тахтга кўтардилар.
Пиримиз хожа Баҳовуддин Ҳожатбарор руҳлари ҳали элимаган эканми Амир кўнглидан, орада Эшон Муҳаммадшариф-хўжа ўртачи бўлиб, расвои-раддибало Умархонни ўз отига айқаштириб, шаҳардан олиб чиқиб кетди. Йўлда оламондан бири амирга қўл узатиб, бошидан зар қалпоғини, бошқаси эса белбоғу зарчопонини юлиб олса бўладими! Бухоро кўчаларидан бошялангу яланғоч чиқиб кетди кечаги амир… Э, бевафою беоқибат дунё! Агарчи Эшон Муҳаммадшариф-хўжа ўзларининг фақирлик кулоҳларини амир бошига кийгизган эканлар.

Подшохларга муносиб тож ила авранг эрур,
Йўқса билмиш ҳар гадо эски кулоҳ бош узра тож…

Амир Насруллоҳ-хон тахтга чиққач, Ҳожатбароримиз буюрган мурувват ила унга қўшилган инилари Зубайрахон Ҳамзахон ва Сардорхонларга инъом сифатида Бухоро туманларидан бири – Наразим ҳокимиятини топширди. Ҳаким-қушбегини қайта вазирликка тайинлади, халойиққа Арк ўнгида ош тортди…
Мана энди Ҳаким-қушбеги билан юзма-юз ўзининг хос хонасида ўтирар экан, ўзини дўсараликка солган қушбеги ўсмоқлаб:
– Шояд инингизни озод қўйиб юборганингиз хайрия йўлига йўйилса, – деб қўйди.
– Недан? – деб дўққироқ тарзда сўради амир.
– Салотини Усмониянинг ажиб бир расми бор экан деб эшитдим, тахт ворисидан ўзга барча иноғалар гўдаклигидан қатл этиларкан! Тахтга даъво бўлмасун деб…
– Дуруст, унда бизам шаҳид кетган бўлурдик – деб дўлайиброқ жавоб берди Амир Насруллоҳ.
– Астағфирулло, – деб ўз хатосини ямашга шошилди Ҳаким-қушбеги. – Мақсад – бу тахт табаррук қўлингизга тушгач, уни даъвою, дўқ-даварадан озод этиш…
Шипдаги чилчироқ липиллаб ёнар, Ҳоким-қушбегининг салқи юзида ажиб соялар ўйнарди.
– Сeн менга ўзгача гапни айт, баковулинг ўзи қандай одам? Ишонса бўладими? – ўзини гўлликка солиб сўради Насруллоҳ-хон.
– Қўлингиздан ўтгач, таълимингизни ҳалигача унутмаган… – гап қаёққа бурилаётганини билмай каловланди қушбеги.
– Сўраётганим, падари бузрукворимиз бехосдан касалликка учради. Оғамиз Амир Ҳусайннинг навқирон умри бир зумда хазанакка айланди. Буларда шу баковулингни қўли йўқми? – деб синагандек бўлди ёш амир.
– Илло-билло! – деб, уф тортди айёр қушбеги, суҳбат жиловини яна қўлига олар экан. – Мўмин одам, ҳолвадан ортиғига парвои фалак…
– Ҳолва дейсану, иниларимдан эҳтиёт бўлсакми дейман…
Чекадан бу суҳбатни эшитаётган одам нималарни ҳам тушунарди, лекин беш-олти амирни кўрган қушбеги чинни пиёлага қараб, бу пиёланинг ичидаги нимпиёладан ҳам бохабар туриши шарт. Охирги гапни, шайху эшонга кўниб, ўз иниси Амир Умарни озод қўйиб юборган Қарши ҳокими мўрт Насруллоҳ-бек айтяптими, ёки Ҳаким-қушбегининг гапларини қулоғига қуйган тахт оғаси Амир Насруллоҳ-хонми?
– Баковул бунда, ул зотлар Наразимда, – деб ўртага синов тошини отди қушбеги.
– Шуни айтаман-да…
Йўқ, ўз фикру-ниятларини беркитишда ҳалиям мўрт амиримиз, баковул айтмиш: қиёмига етмаган. Буни илғаган қари тулки Ҳаким-қушбеги шахдамлик билан:
– Чорасини Ғозибек-мирохўр қалмоққа топширамиз, – деди.
Бир ой ўтар-ўтмас Амир Насруллоҳ-хоннинг уч иниси: Зубайрхон, Ҳамзахон ва Сардорхонларнинг нозанин бўйинларига тун ярмида пичоқ тортилди. Бухоро салтанати Амир фармонига мувофиқ малъунлар қўлида шаҳид кетган шаҳзодаларга уч кун мотам тутди…
Мана буни жиноят деса бўлади, – деб ўйларди Абдулла…

  * * *

Жинлар Базми 7 кун

Тўзиди Абдулланинг текис хаёллари. Иккинчи дафъа қамоққа тушса-да, кўникмас экан бунга инсон. Тушликка йўғон макарон билан озгина хантал сурилган котлета берилибдиям-ки, Абдулланинг кўнглида “Босинқирашим узунроқ чўзиляптими? Энди уйғонсам ҳам уйғонаман, уйғонмасам ҳам уйғонаман”, – деган қатъиятга қарши кун давом этаверди. Пешинини ўтирган ерида ўқиб олди Абдулла. Раҳбарни, болаларини қўйшармикан ҳабар олгани? Темирйўлчилар саройига Янги йил арчасига бориш ўрнига ташқарида Ленинградская кўчасининг изғирин совуғида бировларга ялиниб туришганмикан? Текис хаёллар деб ўйлаётган эди у. Бунақанги ҳолатда текис ўйлар келармиди мияга. Текис ерда тўзиб кетган ҳаётга жавоби ҳам манови тўзиб кетган ўйлар бўляптими? Қай бирига ёпишишини билмайди, қай бири унга эп келиб, тушган ҳолатига малҳамми ё жавоб бера олади? Ё чиндан ҳам васваса босдими уни? Жин чалган ўйларига яраша ҳаётини ҳам жин чаляптими? Болалигида Абдулланинг раҳматли отаси жинлар базми ҳақидаги ҳикоясини сўзлаб бўлгач, ўғлига ҳазиломуз тарзда: “Хаёлларингни тузук қил, яхшироқ нарсалар ҳақида ўйласанг бўлмайдими?” – деб қўярди.

Балки чиндан ҳам дурустроқ нарсалар ҳақида ўйлагани маъқулмиди? Ахир бу қиссадан ҳам “Ўтган кунлар”нинг бир турини ясаса бўларди-ку?

Моҳларйимни эслади у. Жаҳонотинни, Амирий тахаллуси остидаги Умархонни. Йўқ, бошиданоқ айтақолсин: Нодирабегим, Увайсию Амирийларни.
Моҳларойим шаҳзода Умархонга узатилган куниданоқ бошлаб, ўз эрини қизғанарди. Аввалига амир эмас шаҳзодалигига, сўнг шаҳзодаларнинг отаси Амир Олимхон оламдан кўз юмиб, аморотини ўғлига мерос қилиб қолдиргач, салтанатнинг битмас ишларига, девону шикор, юришу зиёфатларига қизғана бошлади.
Бутун дунё Амир Умархонни Моҳларойим қучоғидан тортиб олаётгандек туюларди унга:
Куйдурди чаман гулларини рашк ўти бирла,
Ул ғунчаи хандон ила ул наргиси шаҳло…

Никоҳдан бир кун аввал Моҳларойимнинг падари бузруквори Андижон ҳокими Раҳмонқулибек ўз қизига насиҳат тариқасида: “Эрингга яхши қарагин. Эркак зоти кўча-куйда ҳоким. Уйга қайтгач ҳокимни ҳам хотин бошқаради. Ана, онангдан ўрган!” – деб айтган эдилар. Албатта бу сўзларда волидаи муҳтарам ўз манфаатларини кўзлаган бўлишлари ҳам мумкин, бироқ астойдил уқибдими ўшал насиҳатга Моҳларойим, аҳён-аҳён ўз шаку гумонларини текшириб ўз-ўзига: “Тавба!” – деб қўярди.
Туновида Амир Умархон эркак зотини Сирдарё тўқайларига овга бошлаганида, Моҳларойим зерикмаслик учун саройга аёлларни буюртиргач, тўю зиёфатдан сўнг ўйин-кулгу бошланиб, Жаҳонотин бир чистонларини ўқиган эди:

Ул на гумбаздир, эшиги туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгунпўш қизлар анда айлабдур макон.
Синдируб гумбазни қизлар ҳолидин олсам хабар,
Юзларига парда тортиғлиқ турарлар бағри қон…

Кимдир “Амирнинг ҳарами” деди, кимдир “тандирдаги нон” деди, фақат зукко Моҳларойим икки шамани ҳамоно илғаб олган эди: ул гумбаз шаклидаги нарсанинг на эшиги ва на туйнуги бор, ҳамда ул қўлга сиғар нарса бўлмоғи даркор, ахир “синдириб гумбазни” дейиляпти-ку. Парда ортидаги қизларнинг бағри қонлиги суратга ранг бериб, Моҳларойим: “Анор” – деганларида, Жаҳонотин таъзим бажо келтириб, маликаи дилрабо отига таҳсинлар ўқиган эди: “Чиндан сиз Нодирасиз!”
Куни кеча эса маликаи дилором ўрниларидан кечроқ тураркан, эртароқ девонларига чиқиб кетган завжи хумоюнларининг ҳали ҳидлари ўчмаган ва кўрпа устида қолиб кетган ҳилъати гулгунларини қўлларига олар экан, жайбидаги бир парча қоғозга кўзи тушиб қолди. Олсалар – ўз илки олийлари ила битилган ғазал:

Бўлди то табдин ҳарифи лаъли жононим анор,
Гул қилур хуни жигардин хори мижгоним анор…

Бул радифга ёзилган матлаъни ўқибоқ, Моҳларойимнинг бетига анор сувидек қип-қизил қон урди. Юраклари дони сепилган анордек бўшашиб, кўзлари ғазал узра югурди.

Ҳусн боғи мевасига ёр ноз айлаб деди:
“Лабларим анжирдур, себи заноҳдоним анор”.

Боғ гул бирла анориға агар ноз айласа,
Ёр айтур оразим гул, лаъли хандоним анор…

Моҳларойим, лаблари пичирлаб, бу байтларни ўқир экан, кўнглида ғичир-ғичир анор донасидек юз минг хаёллар исёнкорона ачишди. Анжир деб, уларнинг ошиқ-маъшуқ тилида нима аталишидан огоҳ Моҳларойим ажиб бир ғулғула туя бошлади.

Лаблари шафтолисиға зормен, эй боғбон,
Тўкмасин беҳуда истиғно била қоним анор…

Шарбатим қондур агар топсанг ул ой базмиға бор,
Лаъли хандонинға еткур арзим, эй жоним анор…

Кўз энтикиб илгари югурса-да, кетидан илашган ивирсиқ онг: “Подшоҳим ҳаргиз лабимни шафтолига менгзатмаган эди” – деган фикрда, анор эзган қўлдек, қовжираган юракни эзарди.
Ёралиғ кўнглимни кўз ёшида қилдим парвариш,
Ким эрур бу боғ аро мақбули султоним анор

Себи ғабғаблар фироқида беҳидек сарғариб,
Қон ютарменким эмастур боби дандоним анор

“Себи ғабғаблар” калимасини ўқидию Моҳларойим, синоатли анор гумбази бузилиб, сир туйқусдан очилгандек бўлди: йўқ, ёш киз эмас, жувон бу… Тўкилган доналар эзилди, янчилди… Наҳотки…

Кўз лабинг уннаби ҳижронида йиғларким, тўкар
Қатра-қатра қон ёшимдан жайбу домоним анор.

“Унноб эмас, аъноб!” – деб йўл-йўлакай рашкини жаҳлга бурди Моҳларойим.

Олам элида вафо топилмас,
Бу гавҳар эрур жаҳонда ноёб… ¬-

деб кўзларидан ёш оқизди Нодира. Бир томчи ёш ҳилъати хумоюн жайбидан пинҳона олинган хитой қоғоз устига томди-да, “унноби” деган ёзув эриб, “вов” харфи “аъйн”га айлана бошлади. Моҳларойим зудлик билан енгини қоғозга босди. Афсус, из қолиб бўлганди. Рашк, алам, ғазаб, ўкинч, араз шарбати қону кўз ёшига сачраган Моҳларойим хира нигоҳ ила ғазал мақтаъсига боқди:

Оразинг раммонини бу боғ аро истар Амир,
Мудаодур анга эй сарви хиромоним анор…

“Хато устига хато” – деб ўйларди Моҳларойим. Лекин назарида нени тутарди? Арабчада “анор” сўзини англатувчи “руммон” сўзининг “раммон” деб ёзилишиними, ё ўз гумонларида янглиш бўла олишиними, ё-да аксинча ўз ёри-дўстига вафодорлигию оқибатининг хатосиними, ёинки бу дунёю бу ҳаётнинг адашлигини?

Себи заб-заб бирла аъноби лабинг ҳижронида
Меваи алвони боғу бўстоним бўлди талх.

* * *

Кеч тушаётганини Абдулла юрагининг бўшашятганлигидан сезарди. Ертўла бу қамоқда панжара йўқки, осмон рангидан огоҳ бўлиб турсанг. Кеч тушаётганини Абдулла, зерикиб, кечаги кечани эслаганидан туярди. Намозшомда ёзишни яхши кўрарди Абдулла. Шомни ўқиб бўлгач, деразага ёни билан тиралган столи ўнгида ўтирарди-да, ғира-шира осмонга тикилиб, ҳазин юрагидаги ҳануз илиқ соғинчларни оқ қоғозга тўкарди. Чўлпоннинг ажойиб шеъри бор, “Кечкириш” деган. Шуни ёддан биларди Абдулла. Мана энди ҳам бу шеър бехосдан эсига тушганидан, кеч тушаётганини тушунди Абдулла:

Баланду паст катта-кичик бинолар
қизил, кўм-кўк, яшил томлар устида
ола-була, қуюқ-суюқ булутлар…
кўкни қоплаб бир томонда тўпланган.

Кун ботадур…тарқоқ, ёйиқ лолалар,
унда-мунда булутларнинг юзида
сил юзидек ранги кетиб сўлиблар…
Қоронғулик Шарқ томондан қўзғалган

Шом азони, муаззиннинг йўсунсиз,
кучсиз товши титрабгина чўзилган…
ёмғир пича ёғиб ўтган, бузилган
қинғир кўча четидаги узун из…

Қисмат излаб ҳар томонга тарқалган
катта-кичик, ёшу-қари бўшашиб,
хориб, чарчаб, секингина қайтадир,
маҳалланинг бир ерига тўпланган
бир тўп бола турлик ўйин ўйнашиб,
кетганларни кутадир…
Белгисизлик қанотини кенг ёйиб,
коинотни қучоғига тортадир.
Чироқлар ҳам жин кўзидек йилтиллаб
хира қараб, мунғайиб
кўриндилар –
килкиллаб –
ёмғир суви ер бағрида ётадир…

Кеча ҳам Самарқанд Дарвозасининг тепалигидан Кўкча томондаги уйларнинг томларига қараб ўтирганида, Камолан Дарвозаси тарафдаги масжиддан муаззиннинг йўсинсизроқ овози етишгандек эди. Булутлар, булутлар, – деб ўйларди Абдулла, – қаердан қаёққа кетяпсиз, кунни тунга боғлаб, не гувоҳликларни ўзингиз билан ўтмишга олиб кетяпсиз. Бу белгисиз соатни ўтказиб олсам, қоронғунинг равшан чироғида яна ёзишга киришаман. Янги йил кутишгача икки-уч қоғоз қоралаб оларман, – деб беқарорликда ўтирганида, эшик тақиллаб қолди. Қўшни хонадан зиёфат дастурхонини ёпишаётган болаларининг овози етишди: “Дада, эшикни кимдир тақиллатяпти!” Абдулла елкасига чопонини ташлаб эшик томон юрди.

Қисмат излаб хар томонга тарқалган
катта-кичик, ёшу-қари бўшашиб
хориб, чарчаб, секингина қайтадур…

Ким келган экан бу бемаҳал соатда, киши борки, ҳозир ўз ўйида Янги йилга тайёрланиб ўтирмайдими, – деб хаёлидан кечирди Абдулла ва эшик тамбасини очишдан аввал: “Ким?” – деб сўради. Эшик ортидан: “Мен, домком Раҳматилла акайзман!” – деган овоз келди. Қизиқ, ойда-йилда бу ерга келмаган домком нима қилиб юрибди, тинчликмикан? – деб эшик тамбасини очган эдиям-ки, салом йўқ, алик йўқ, қора ёмғирпўш кийган уч нусха ёпирилиб кирди.
Эшик қийиғидан Абдулла “Қора қузғун” машинасини кўрдию, барини тушунди.

Кўз олдида болалари. Қўлига кишанлар солиб, уни машина томон судрашятканида Анисими, ё Адибаси у томон интилиб, остона тагида турган обдастага қоқилдию, кўзида ёш – ётиб қолди. Кўзойнак таққан анови татар терговчи кўзойнагини чақнатиб унга шавқатсиз назар ташлади.
Белгисизлик қанотини кенг ёйиб
коинотни қучоғига тортадир.
Чироқлар ҳам жин кўзидек йилтиллаб
хира қараб мунғайиб
кўриндилар –
килкиллаб –
ёмғир суви ер бағрида ётадир…

Бир кун ўтибди.

* * *

Бир кун ўтар-ўтмас Моҳларойим ўзининг кечаги шак-шубҳаларидан ўзи уялар: “Наҳотки битта сўзнинг иккита шеърда учрашидан у қадар гумонларга борсам? Ахир Жахонотиннинг анор чистонини султонимга ўзим ҳам айтган бўлишим мумкин-ку…
Ановинда:

Маъшуқ аҳлидин васл рамзини сўрсам ўлдирур сўрмасам ўлам,
Дард аҳлиға ишқ дўконини қурсам ўлдирур, қурмасам ўлам.

матлаъли ғазалини Жаҳонотиндан эшитиши биланоқ, ўшал кечаёқ ўз рашкини Амирул-мўминийннинг Амирий рашки билан босиш учунми, бошдан оёқ, қизишиб, ўқиб берганди-ку.
Ҳатто мақтаъсига етганида, “Вайсий” тахаллусини “Нодира”га алмаштирай дейишига бир баҳя қолган эмасмиди:

Мендан ор этар, хору-зор этар, фоний дунёдин ушбу жон кетар,
Нодира ғариб, ранги сарғариб турсам ўлдирур, турмасам ўлам…

Ваҳолонки, “Нодира” “Вайсий”дан бу мисрга кўпроқ ва хўброқ ярашур эрди.
Лекин Жаҳонотиннинг феъли барибир ажибу-ғариб. Минг яқин тутмасин Моҳларойим унга ўзини, сарой ҳарамида хос отин дея, не қадар эъзозланмасин, ўз ғазалларини унутиб, хаттотларга қанчалик Увайсий девону баёзларини топширмасин, Жаҳонотиннинг на оёғига, на хаёлига тушов солиб бўлмайди. Кўнглида нелар сақлаганини ҳам билиб бўлмайди. Мана охирги ёзган ғазали:

Хўқанд шаҳридан келганлар, кафшим йўқолди, сандаму?
Ҳоли дилимни билганлар, кафшим йўқолди, сандаму?

Нима ҳақда ўзи бу ғазал? Анинг даъвоси неда?

Бу ғамда йўқ, менда ҳамдам, йўқ, йўқотдим, дийидамда нам,
Кўкабиби, жонга марҳам, кафшим йўқолди, сандаму?

Қайси кафш ҳақида гап кетяпти ўзи? Эртакдаги малика бўлиш учун ўлчалган кафшмасмикан ул кафш?

Ман жисмдурман, сан жоним, ташлаб кетганим армоним,
Арзим эшит Қўзихоним, кафшим йўқолди, сандаму?

Ўз зукколиги билан бу ғазалнинг моҳиятига етолмаган Моҳларойим ҳар бир сўзни синчковлаб текширар, аммо ғазал унинг ақлини майна қилгандек, сирдан сирга кўмиларди. Моҳларойим ахир ғазалнинг мақтаъсига етди-да, на ҳайқиришини, на дамини ичига ютишини билмай, гаранг бўлиб қолди:

Шояд хабардор ўлса шоҳ, тўққиз фалакдин ўтди оҳ,
Дуо қилгил, Вайсий, гумроҳ, кафшим йўқолди, сандаму?

Йўқ-йўқ, шукурки, у заминдаги шоҳни чорлаётгани йўқ, қизғанмаса бўлади Моҳларойим, лекин арши муаллодаги Шоҳга даъват этяпти, ҳа-да, арши муаллодаги Султони Азимга “кафшим йўқолди, сандаму?” – дейишга ҳадди сиққан арзандадан ул аршнию, ул Султонни қизғанмай бўлармикан? Ул рашки аъзамда ўз каломидан муқобилини тополмаган Нодира Фузулийни эсга олишга мажбур қолди:

Раҳм қил, давлатли султоним,
Мурувват чоғидур…

* * *

Шомга Абдулла “Ваз-Зуҳа” билан “Ваш-Шамсу”ни овозини чиқариброқ ўқиди. Намоз ярмида эшик яна шарақлади-да, кечки нонуштага бижиганроқ карамнинг қовурдоғи билан бир бурда қора нон келди. Анави карамнинг ўткир ҳиди бутун қамоқхонани тутди. Намозни дилга ўтқазиб, Абдулла ошпаз аскарнинг қўлидан овқатини кутиб олди. Негадир эсига тўнғич ўғли Ҳабибулланинг доимий ҳазили – қачонки уйда карамдан томоқ пиширилар экан, “лутфи караминг…” деб, хиргойи қила бошлаши тушди. Касал қолди-я, ётган ерида тўнғичи. Олдига кириб хайрлашишга ҳам қўйишмади.
Кечки овқатни тарқатган аскар йигитча мусулмондан эканми, чиндан ҳам темир товоқдаги таомни узатишида аллақандай лутфу карам бордек эди. Кимга ўхшатди-я шу йигитни Абдулла? Гап очиб боқса бўларди, аммо намозини бузгиси келмади. Балки бу йигитча воситасида Чўлпонми, Ғози Юнуслар билан хабарлашармиди… Намозини ўқиб бўлгач, Абдулла овқатдан татиб боқди. Бижиган карамнинг тахир тами оғзини қамаштирди. “Есам, кейинроқ ерман”, – деб, нонини кавшай бошлади у. Кечга келиб суяклари яна оғрий бошлаганини сезди. Ҳар бир чайнашдан жағларининг оғриғи чаноғига, чаноғидан икки курагига, куракларидан қовурғаларига, қовурғаларидан белию оёқларига тарқарди. Бир бурда нон оғриқ билан ейилди. Рост оғизда ширин бир таъм қолди. Уни анови бижиқ карам талхи билан бузгиси келмади Абдулла ва яна ўйга толди.

Эслаганларини барини ёзиб улгурганмиди? Ёзиб улгурганларини эсладими холос? Ё бари тўзиб, ақлига келгани пойинтар-сойинтар бўлдими? Чунки ёзса буларнинг барини: Умархоннинг Хўқанд саройию Насруллоҳ-хоннинг Бухоро Аркини қориштирмасди. Чунончи орада бир эмас, ўн йил фарқ бор. Амир Умархонга муқобил қиладиган бўлса Амир Ҳайдарни кўпроқ ёзарди. Лекин, нега бирданига Насруллоҳ-хонга ўтиб кетди? Хаёллари, ҳаёти тўзиб кетганиданми? Сезганлари анча тиниқроқ эдику… Моҳларойимнинг ҳам феъли-атвори бошқачароқ эди эмасми? Нима бўляпти Абдулланинг миясида ўзи? Жин босди дегани шуурига ҳам етиб бўлдими?
Абдулла зўр бериб буларнинг барини унутишга ҳаракат қилди. Чўлпон айтмиш:

Тун ёмон, тун қоронғу,
тун қўрқинч, тун азоб,
тунда эски ва янги
ҳар нарса хаёл, сароб…

Буларнинг барини ўзининг сўнгги пайт севиб-севиб ўқиган “Зарбул масали”га алмаштирмоқчи бўлди. Шу нарсанинг ҳалига қадар поёнига етгани йўқ эди. Қай йўсинда қиссасига киритишини уйлаб-ўйлаб, ўйларининг кетига етмаган эди.

“Аммо ровийлар андоғ ривоят қилурларким, илгарига айёми нафаржомда Фарғона иқлимида Кайкубод отлиғ подшодин қолган бир эски шаҳристон бор эди. Аммо ани ҳавоси хуш ва боди дилкаш. Сабза, раёҳин, анвои гуллар, чечаклар касратидин кўрган баҳор чоғда товуснинг парларидек турланиб, мунаққаш кўринур эди. Ва анинг ёнида бир ёғочлик ерда Япалоққуш маскани, ота-бобосидан қолган жойи бор ерди. Аммо Бойўғлининг бир қизи бор эрдики меҳри ховарий юзига банда эди.

Оразидин шамсу қамардур ҳижил,
Сўзларидин шаҳду шакар мунфаил,
Ҳосили умри эди ул бойни,
Оти Гунашбону ўшал ойни….”

Ахир бу Амир Умархоннинг Сайид Ғози-хожа қизи Ойхон-пошшага уйланиши тарихи-ку! Наҳотки ҳозирга қадар Абдулла буни сезмаган бўлса! Қойил-э!
Лаззатидан ўзича ёдга тушиб қолган сўзларни бирма-бир қайтарар экан, Абдулла ички севинч билан ўз инкишофини ўзи тасдиқлаётгандек эди. Япалоқ Кўрқушни совчиликка юборганини эслаб, Ҳаким-тўранинг “Мунтахаб ат-таворих”ига қиёслади:
“Бойўғлининг бир чиройлик қизи бор эмиш. Бизни тарафдин совчи бўлиб боринг. Ҳарқанча қалин бўлса топилур.
Анда Кўрқуш айди: “Бор мақтанса топилур, йўқ мақтанса чочилур” – деган яхшиларнинг масалидур. Бойўғлининг оғзининг бурчидан чиқар: “Минг чордевор қизимнинг қалини” – деб. Ҳоло подшоҳимиз Ҳазрат Сайид Умархон Амирул-муслимийн аҳд ва замонларида одам маъмур ва раоё масрур. Ҳар нечук аёлмандлар тасбиҳи маржондан уйрулур – бир бўш чордевор топилмас, уялурмиз. Нечукким айтмишлар: “Ёлғон масал турмас”, “Уят – ўлумдин қаттиғ”. Яна айтмишлар: “Эрман ёғочини эгилгани – сингани, эр йигитнинг уялгани – ўлгани… ”

Ахир Гулханийнинг ҳам Тожикистон тарафларда туғилганини билмасмиди Абдулла? Аттанг, текшириб боқмаган экан, Нола тахаллусли шоир Сайид Ғози-хожага агарчи қариндош чиқмаса, онҳазрат қўлларида таҳсил олган бўлмасин… Сайид Амир Умархон ҳақидаги заҳарханда бундан далолат эмасми?…
Ундан кейин Фазлийдан маълумки, Гулханий Умаршохга навкар бўлган. Ким билсин, бу дўлвор одамни Амир Умархон Ҳакимхон-тўрага қўшиб Сайид Ғози-хожаникига важоҳат учун юборган бўлса-чи?! Ҳакимхон-тўра қиз билан ота орасида нималар ўтганини ёзмаса-да, Гулханий “Зарбулмасал”да бу саҳнани тоза ўхшатган-ку!
“Анда Бойўғли айди: “Ори, боланинг бўйи етибдур. Ўзидан сўраб жавоб берсам керак”, – деб, туруб, қизининг олдига кирди: “Эй болам, Япалоқ бибининг боласи Қулонкирсултон ҳавохоҳ бўлуб, совчи юбормиш, на жавоб берурсан?”
Анда Гунашбону ойим, нечукким рўзғор қизларининг аълоларидур, “Сукут – аломати ризо” дегандек, бошини қуйи солиб ўлтурди. Бойўғли қизнинг майлини билиб айдики: “Бу болиғанинг кўнгли эр тилар ўхшар”, – дегач, қиз тилга келиб айди: “Эй, беъмани чол, соқолингдин уёл. Хомуш турмоқлик жавоби бўйла бўлурми? Хайр ишиға мутакаллим бўлғоннинг хитоби бўйла бўлурми?”

Шу пайт калитлар ғичири билан эшик шарақлаб очилди-да, йўғон ва малла навкар Гулханий ўрнида девсимон Винокуров қамоқхонага кириб келиб: “Ну что, с Новым годом что ли, буржуазно-националистическая крыса, думал зарылся в нору здесь? А я тебя тут же за хвост!” – деб, “Карнайчидан нима кетди, пуф” – дея, Гулханий билан хайрлашишга улгурмаган Абдулланинг оғзи-бурнини бир қилиб, урибу тепиб кетди…

* * *

Давоми бор.

SHARE