Абдулла Тангриев Лондонга бормайди

Ўзбекистон дзюдо федерацияси расмий сайти ўзбекистонлик дзюдочи, мутлоқ жаҳон чемпиони, Олимпиада йўлланмасига эга Абдулла Тангриев Лондон олимпиадасида иштирок эта олмаслигини маълум қилди.

Бунга сабаб Абдулла Тангриевнинг қонидан наша (канабис) аломатлари топилган. Федерация расмий, шунингдек, Абдулла ўз мухлислари ишончини оқлай олмагани учун кечирим сўраган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Абдулла Тангриев олимпиадада иштирок этмаслиги ҳақида ахборотлар пайдо бўлган бўлса-да, расмий манбалар буни тўлиқ тасдиқламаётган эди. Хусусан, сайтимизда эълон қилинган суҳбатда Абдулла олимпиадада иштирок эта олмаслигининг  сабабини яқинда оёғидан олган жароҳат билан боғлаган эди.

Абдулла Тангриев ўз вазн тоифасида (+100 кг) дунёдаги энг кучли дзюдочилардан бири бўлиб, 2008 йилги Пекин  Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори бўлган эди. Дзюдо бўйича ўз вазн тоифасида ўтган йилги Жаҳон чемпионатининг мутлақ ғолиби. Уч карра бронза медаль соҳиби.

Абдулла Тангриев, бундан ташқари, беш карра Осиё чемпиони ҳам ҳисобланади.

SHARE