“МТС—Ўзбекистон” лицензияси 10 кунга тўхтатилди

“МТС—Ўзбекистон” компанияси фаолияти бўйича анчадан бери давом этаётган тергов жараёнлари натижасида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 2012 йил 17 июлда янги буйруқни ўз расмий сайтида жойлаштирди. Унга кўра, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “O‘ZDUNROBITA” ХКнинг лицензияси тўхтатилди.

Агентлик расмий сайтида маълум қилинишича, “Алоҳида фаолият турларини лицензиялаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига биноан назорат қилувчи органнинг кўрсатмаларини бир неча бор ва мунтазам равишда қўпол бузиш, уларни бажармаганлиги учун 2012 йил 17 июль соат 18:00 дан (Тошкент вақти билан) МЧЖ шаклидаги “O‘ZDUNROBITA” ХКга 28.07.2004 йили берилган АА №0000682 сериясидаги лицензия 10 иш кунига тўхтатилади.

Ушбу муддат ичида корхона лицензияда кўзда тутилган мобиль радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш билан шуғуллана олмайди.

Ўз навбатида, “МТС—Ўзбекистон” компанияси Тошкент вақти билан соат 16-00дан эътиборан ўз мижозларига СМС-хабар жўнатиб, ҳақиқатан ҳам, алоқа хизмати 10 иш кунига бўлмаслигини маълум қилган ва кечирим сўраган. Ушбу муддат ичида мижозлар ҳисобидаги маблағлар тўлиқ сақлаб қолинади ва абонентлик тўловлари ечиб олинмайди.

SHARE