Одил Аҳмедов: “Ҳамиша вақт топдим дегунча, она юртим – Ўзбекистонга боришга ҳаракат қиламан”.

Махачқалъанинг «Анжи» клуби айни пайтда Австрияда йиғин ўтказмоқда. Ўтган ҳафтада Россиянинг «Р-Спорт» нашри шу жамоа сафида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон термаси етакчиси Одил Аҳмедов билан қисқача суҳбатда бўлди.

– «Анжи»нинг янги мавсумга тайёргарлик ишлари қай даражада кечмоқда? Европа Лигасидаги стартдан олдин ўзингизни қандай ҳис қилмоқдасиз?

– Айни пайтда машғулотларда бор эътиборимизни жисмоний тайёргарликларга қаратмоқдамиз. Ҳамма таътилдан қайтди. Энди тезликни оширишимиз керак. Шунингдек, тактик машғулотлар ҳам ўтказилмоқда.

– Россия чемпионатида жамоа олдига қандай вазифалар қўйилган?

– Ўтган мавсумда 5-ўринни қўлга киритдик. Ўз ўрнимизда тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Янги мавсумдаги вазифамиз – кучли учликка кириш.

– Гус Хиддинкнинг иши ҳақида нима дея оласиз?

– Биринчи ўринда, унинг инсоний хислатларига урғу бермоқчиман. Хиддинк жамоага келган пайтда уни калондимоқ, деб ўйлагандим. Аслида бунинг акси экан. Гус шундай инсонки, клубдаги ҳар бир киши билан тил топишади. У ҳаммамизни тинимсиз қўллаб туради. Бундай мураббий билан ишлаш ёқимли.

– Легионерлар лимитига ўзгартириш киритилгани ҳақида қандай фикрдасиз?

– Тўғриси, ортиқча ҳиссиётга берилмадим. Бу мен учун албатта, яхши. Чунки кўпроқ майдонга тушиб, ўсиш имкониятим ошади. Европада лимит тушунчаси йўқ. Шу боис ҳам футболчилар ўзларини эркин тутишади. Агар Россияда ҳам чекловни бекор қилишса, яхши бўларди. Негаки, маҳаллий футболчилар таркибга кириш учун ўзларини кўрсатишга уринадилар. Ҳозирда россиялик футболчилар ўрнимиз кафолатланган, деб ҳисоблашади.Бу уларнинг хотиржамликка берилишларига олиб келиши мумкин.

– Ўтган мавсумда Европа клубларидан бирига ўтишингиз мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар урчиганди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Янги даражага кўтарилишга қачон тайёр бўласиз?

Тўғри, гап-сўзлар қанот ёзди. Агар иложи бўлса, ўз кучимни Европада синаб кўришга қарши эмасман. Бу ўзим, оилам ва мухлисларим учун ёқимли. Қайси мамлакат чемпионатида ўйнашим эса унчалик муҳим эмас. Италия, Испания, Германия, Франция ёки Англия жамоалари тўла маъқул.

– Таътилни қандай ўтказдингиз?

– Ҳамиша вақт топдим дегунча, она юртим – Ўзбекистонга боришга ҳаракат қиламан. У ерда ота-онам ва оилам бор. Бўш вақтимни доимо яқинларим даврасида ўтказаман.

– Сиз унчалик катта бўлмаган шаҳарда яшайсиз. Маҳаллий мухлисларнинг муносабатлари қандай?

– Албатта, у ерда мени яхши кўришади ва ҳурмат қилишади. Наманган шаҳрида одамлар оддий. Ҳамма футболни севади, менинг Россиядаги фаолиятимни кузатиб боради. Шаҳарда фамилиям ёзилган футболкаларда юрган мухлисларни тез-тез учратиш мумкин.

– Билишимизча, бўш вақтингизда видеоўйинларга берилишни ёқтирасиз. «Анжи» мухлисларига қарши ўйнашга тайёрмисиз?

– Ҳа, бу ажойиб ғоя. Жамоамизнинг мухлислари билан ҳар нарсага тайёрман!
Ж. БОБОХОНОВ тайёрлади

SHARE