Саида Раметова: “Ўз жиянимни кўролмас эканман…”

Аёл, она, севимли ёр, ўз касбининг устаси, серқирра ижодкор Саида Раметова жуда киришимли инсон сифатида таассурот қолдиради. Доим етакчилик қилишни яхши кўради. Бугун унинг қилаётган ишлари, ҳаётга бўлган қарашлари, хамда қалб кечинмаларини очиб беришга ҳаракат қилдик.

 Аёл, она, севимли ёр, ўз касбининг устаси, серқирра ижодкор Саида Раметова жуда киришимли инсон сифатида таассурот қолдиради. Доим етакчилик қилишни яхши кўради. Бугун унинг қилаётган ишлари, ҳаётга бўлган қарашлари, хамда қалб кечинмаларини очиб беришга ҳаракат қилдик.

— Кино соҳасидан умуман узоқ бўлган одамлар ҳам бугун кино олиб, ўзини режиссёр деб аташмоқда. Энг ачинарлиси шу фильмларда ҳам сизни кўряпмиз.

— Ҳа, нима қилай энди… (афсусланиб) Баъзиларга йўқ дейман. Кимнидир юзидан ўта олмай рози бўляпман-да, энди. Ўртага бирорта обрўлироқ одамни қўйиб илтимос қилишади. Шахсан ўзига “йўқ ўйнолмайман” десангиз “ҳаволаниб, бизни менсимади” деб жар солишади. Агар иккита фильмда кўринмай қолсангиз томошабинлар “нега экранда кўринмай қолдингиз?” дейишни бошлайди. Имкон қадар танлаб роль ижро этишга ҳаракат қиляпман.

— Тижорат фильмлари балки катта гонорар беришгани учун ҳам рози бўларсиз?

— Йўқ, пулим ўзимга етарли. Қанийди, биз актрисалар айтган пулни режиссёрлар берса. Мен режиссёрлар берганини оламан. Агар ўзимга нарх қўйиб истаган пулимни олганимда челагим ҳам тилладан бўларди. Хоҳлаган режиссёрингизни чақириб сўрашингиз мумкин. Мен бирор марта “мана шунча берасиз” деганмасман. Ҳаттоки, баъзан текинга роь ўйнаган пайтларим ҳам бўлади.

— Шунақа бағрикенг инсонмисиз?

— Энди… билмадим. Буни атрофимдаги инсонлардан сўрашингиз керак менимча. Ҳаммаси меники бўлсин, деган тушунча менда йўқ.

— Жиянингиз Зуҳра Солиева билан келишмай қолибсиз. Шу ростми?

— Салом берса, алигини оламан. Шу ниҳолни ўзим экдим. Униб, ўссин. Яхши бўлса, ошини ейди, ёмон бўлса бошини. Ҳаётдаги ўрнини топсин. Турмушга чиқсин, фарзандли бўлсин. Халқимизни севимли актрисасига айлансин. Лекин камтарин бўлсин. Мен Зуҳрага меҳр бердим (кўзига ёш олди). Шунақа қаттиқ мехр бердимки, ҳатто буни сўз билан ҳам тасвирлаб беролмайман. Ҳаттоки, саломини ҳам мендан қизғанади. Яқинда бир газетада мен ҳақимда шундай гапларни гапирибдики, эшитиб дилим оғриди. Унинг айтишига қараганда мен 20 йилда машҳурликка эришган бўлсам, у бор йўғи 2-3 йилда машҳур бўлиб кетибди. Уни театрга ишга қабул қилинмаслигига ҳам мен сабабчи бўлган эканман. Уни кўролмас эканман (кўз ёшларини артиб). У мени шогирдим, жигарим. Агар Зуҳра шу мақолани ўқиётган бўлса, шу гапларни унга айтмоқчийдим: “агар мен сени ўнг юзингни урсам, чап юзингни тутиб беришинг керак эди. Агар мен сенга танбеҳ берсам, хатоингни тўғирлашинг керак. Чунки мен ҳеч қачон сенга ёмонлик тиламайман. Ҳаттоки, тўйларим кўпайиб кетса ҳам ўғлим Азизга Зуҳра опангга ҳам тўйлар юбор. Кам-кўсти тўлсин дейман. Биламан бу гапларимни ҳозир сен барибир тушунмайсан. Қачонки сен ҳам юракдан кимгадир қаттиқ меҳр берганингда ва у меҳрга жавобан ёмонлик қайтса, ўшандагина мени юрагимдагини ҳис қила оласан”. Ўттиз йил менга ўхшаб ҳам ижодни, ҳам оилани баб-баравар олиб борсин. Танилиш осон. Турмушга чиқиш ҳам осон. Халқимизнинг чиройли бир гапи бор-ку. “Эрга тегиш осон, этигини тортиш қийин”. Оналик бахтига эришсин. Қайнона- қайнотани, турмуш ўртоғини кўнглини олсин. Бу хаётда буларни ҳаммасини бирдек эплаш осон эмас. Бунинг учун катта куч, катта сабр талаб қилинади. Ҳаётда бир ўзингиз учун яшаш осон. Эрталаб хоҳлаганда туриб, хоҳлаган жойига бориб, хоҳлаган ишини қилиш осон.

— Қачон дилингиз оғрийди?

— Мисқоллаб йиллар давомида йиққан обрўйингизни кеча чиққан ижодкор оё ости қилса дилим қаттиқ оғрийди.

Қачон, қай ҳолатда йиғлашингиз мумкин?

— Мен авваллари йиғлоқи эдим. Зуҳра Солиевага минг раҳмат! Менга ҳаётда йиғламасдан қатъий туришни ўргатди. Унча-мунчага эътибор бермасдан юракни тош қилиш кераклигини билиб олдим. Бунинг учун Зуҳрадан миннатдорман.

— Санъаткорлар хақида салбий фикр билдиришса қандай ҳолатга тушасиз?

— Ўзи тупроғимиз енгил. Иложи борича ўзимизни назорат қилиб юришимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон ўзлигини йўқотмаслиги керак. Чунки биз элнинг назаридаги одаммиз. Кичкина хатоимиз ҳам катта бўлиб кўриниши табиий. Ҳозирги пайтда 4-5 марта турмушга чиқиш модага айланиб кетди. Учинчи маротаба эрга тегиб, оқ кўйлак кийиб одамларга нимани кўз-кўз қилмоқчи бўлишади билмайман. Яна олдида бўйи тенги фарзандлари бор. Ўша дабдабали тўй узоққа чўзилса ҳам майлийди. Улар кимга спектакль қўйиб беришади ҳайронман. Бундай томошалар кимга керак ўзи? Минг ўзимизни фаришта қилиб кўрсатмайлик қилаётган хатоларимизни кўргувчи зот борку. Асл қиёфамизни кўрсатаман деса бир дақиқани ўзи ҳам етарли экан. Шарманда қиламан деса хеч гап эмас. Шундан Худони ўзи асрасин. Хаммамиз хом сутган эмган бандамиз. Хаммамизни ичимизда шайтонимиз бор… Уни назорат қила билиш инсонни ўзига боғлиқ. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Шу соҳада қилинган бошқани хатосини жабрини хамма таниқли инсонлар биргаликда кўряпти. Халқ хизматларидаги таъна ва дашномларни айтмаса ҳам бўлади. Ҳаттоки бизга нисбатан кесатишяпти ҳам. Бу гапларни эшитиш қанчалик оғирлигини биляпсизми? Ёшларни кечириш мумкин. Лекин ёшлар устоз деб билган инсонларни хатолари хақида бирон нарса деёлмайман. Санъатда яхши ижодкор бўлиш мумкин. Лекин хақиқий инсон бўлиш бу умуман бошқа нарса. Мана Дилбар Икромова бор йўғи уч ой турмуш қурган. Биз азалдан жудаям кўп айтганмиз. Дилбар опа, турмушга чиқинг. Сўққабош ўтманг. Ёлғизлик ёмон деймиз. Лекин Дилбар опа шундай фаришта мисол аёлки қайта турмуш қуришни ўзларига ор деб биладилар. Ўғлимни юзига қандай қарайман дейдилар. Санъат фидоийлари ҳам бор. Лекин беҳаё видеолавҳалар тарқалишига сабаб бўлаётган баъзи яллачилар бизни номимизни булғаяпти. Уларда ор номус йўқ. Номуси йўқ киши инсон деган номга НОЛОЙИҚ!

ДИЛБАҲОР ва НОДИРА суҳбатлашди.
Манба: http://sahro.net/stat_cht

 

 

SHARE