Анвар САНАЕВ: “Дўстимнинг хатоси менга қимматга тушган…”

Лойиҳа бошловчиси Толибжон Исроиловнинг бу галги меҳмони — мухлислар томонидан “Муҳаббат куйчиси”, деган таърифга лойиқ топилган хонанда Анвар Санаев. Ушбу суҳбат олдингилардан бутунлай фарқ қилади. Боиси, энди Толибжон Исроилов эл суйган санъаткорларни сизларга яқинроқ таништириш мақсадида уларнинг хонадонига ташриф буюради. Англаганингиздек, Толибжон Исроилов Анвар Санаевнинг хонадонига йўл олди…

— Анвар, бугунги бир пиёла чой устидаги суҳбатимиз анчайин самимий бўлишига ишонаман…

— Албатта! Хонадонимга ташриф буюрганингиздан бошим кўкка етди. Суҳбатни фақат бир пиёла чой устида эмас, бир лаган ош устида ўтказамиз (кулади).

— Бир ошлашайлик дебсиз-да! Анвар, халқимизда жўжани кузда санаймиз, деган нақл бор. Яъни, ҳозирда хонандалар учун тўй мавсумнинг айни палласи. Бу борада ўзингизда нима гаплар?

— Айтганингиздек, тўйлар мавсуми жуда авжида. Бундан ташқари, пахта йиғим-теримига бағишланган концерт дастурлари билан ҳам банд бўламиз.

Бундан чиқди, ўн-ўн беш кунда бир уйга қайтаётган бўлсангиз керак-а?

— Баъзан ўн бир кунлаб халқ хизмати учун сафарда қолиб кетган пайтларимиз ҳам бўлди. Лекин одатда икки-уч кунда уйга қайтаман.

— Бугунги тўйларимиз европача тус олган. Баъзида миллий эстрада йўналишидаги қўшиқлардан кўра ғарбона услубдаги қўшиқларга талаб кучайиб кетмоқда. Бунга хонандалар айбдорми ё мухлислар?

— Бунга тўйдаги бемалолгарчилик, деб таъриф берган бўлардим. Йигирма йил аввал қўл телефонлари, компьютерларга талаб у даражада эмасди. Бугунги кунда улар ҳаётимизни тўла қамраб олган. Тўйларимизнинг замонавийлашиб кетгани ҳам худди шундақ ҳодиса. Замон зайли билан ҳамма нарса ўзгариб бормоқда. Мен ҳам куни кеча мухлисларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда ғарбона йўналишдаги тўйбоп янги қўшиқлар ёзиш ишларини тугатдим.

— Жуда соз. Рафиқангиздан кулдон сўраганингизга қарганда сигарета чекмоқчисиз. Бу борада неча йиллик тажрибага эгасиз (кулади)?

— (Тортинибгина) Икки йиллик.

— Худога шукр, мен сигарета чекишни ташладим. Нима деб ўйлайсиз, сизни ҳам бу ишни амалга ошришга иродангиз етадими?

— Агар астойдил ҳаракат қилсам, чекишни ташлай оламан. Лекин жуда қийин экан.

— Санъаткор нимагадир эришиши учун тинимсиз ҳаракатда бўлиши керак. Баъзида ўз ташвишларинг билан оввора бўлганингда, камига айрим «мухлиса»лар ортиқча бош оғриқ бўлади. Шахсан, ўзим оила аъзоларим тинчини бузгани учун пахтакорлик Шаҳноза исмли «мухлиса»мни судга беришга мажбур бўлганман. Шундан бери ашаддий мухлис, деган тушунчадан қўрқиб қолганман…

— Фикрингизга қўшиламан. Айнан ўша Шаҳноза тинмай кеча-ю кундуз қўнғироқ қилавериб, «смс» ёзавериб мени ҳам кўп безовта қилади. Ҳатто, уйимгача келиб жанжалар қилган. Унинг рақамини «қора рўйҳат»га киргизиб қўйсам, бошқа рақамдан қўнғироқ қилишни бошлайди. Яна бир ҳазорасплик Нилуфар исмли «мухлиса»м бор. Қўнғироқ қилиб, «сизни севганим учун турмушга чиқмай юрибман. Аллоҳ юрагимга шу муҳаббатни солган», дегани-деган. Жахлим чиқиб, қаттиқ гапирсам, «аччиқ гапларингиз жонга роҳат!» дейди. Етти йилдан бери аҳвол шу! Ҳатто Ички ишлар ходимларига ҳам мурожаат қилдим. Шунда ҳам «Мени тергов қилишди, лекин барибир муҳаббатимга содиқ қолдим», деб смс жўнатибди. Энг қизиғи, концерт дастуримда бошловчи «Барно исмли қизлар борми?» деса, ўша Шаҳноза «Мен, мен Барноман», деб саҳнага чиқиб олса бўладими? Андиша бўлмаса ёмон экан-да!

— Турмуш ўртоғингизнинг бунга қандай қаради?

— Уларни эс-ҳушдан озганлиги шундоқ аён, худди шундай қабул қилади. Ортиқча асабини бузиб, эътибор қаратиб ҳам ўтирмайди.

— Кайфиятни тушурмай, бошқа мавзуга ўтайлик. Анча йилдан бери санъатдасиз. Рейтингингизни қандай қилиб бир маромда ушлаб туришга эришасиз?

— Рейтингни бир маромда ушлаб туриш санъаткорнинг қўлида эмас. Хонандалар ижодини концерт залига ўхшатаман. Бир зўр истеъдодли хонанда саҳнада қўшиқ куйлаб турган вақт эшикдан бошқа бир хонанда кириб келса, барча мухлислар эътиборини ўша томонга қаратади. Саҳнадаги одам айни шу лаҳзада ёддан кўтарилади. Санъатга эндигина қадам қўйган хонандалар шу вақтгача рейтинги баланд санъаткорларга доим ўз таъсирини ўтказиб келган.

— Лекин Анваржон, ҳатто ўша эшикдан киргани билинмайдиган «хонанда»лар ҳам бор-ку!

— Фикрингизга қўшилмайман. Барибир унга эътибор бўлак-ча бўлади. Масалан, Озодбек Назарбеков санъатга дадил қадамлар билан кириб келди, мухлисларнинг эътиборини ҳалигача ушлаб туришнинг уддасидан чиқяпти. Аслбек Неъматов ҳам шиддат билан кириб келди. Лекин кейинчалик ижоди анчайин сусайиб қолди.

— Ўзингизнинг рейтингизни қай даражада деб биласиз? Масалан, беш баҳолик тизимда Анвар Санаевга неча баҳо берасиз?

— Барча имкониятларимдан келиб чиққан ҳолда “уч ярим”- “тўрт” баҳо қўяман. Чунки, устоз санъаткорлар ҳам бор-да!

— Шогирдларингиз борми?

— Мени «устоз», деганларни шогирд, деб қабул қиламан. Лекин баъзан хунук ҳолатларга ҳам дуч келиб қоламан. Халқ хизматларида юрганимда, бир йигитнинг ота-онаси ўғлини ёнимга олиб келиб, «овозини эшитиб кўринг, маъқул келса шогирдликка олинг», деди. Ёнида ота-онаси бўлгани учун ноилож овозини эшитиб кўрдим-да «фалон пайт офисимга келсанг, бафуржа гаплашамиз», дедим. Шунда ота-онаси «Овози яхши экан, унда навбат беринг, тўйда қўшиқ айтиб, қойил қолдирсин. Аслида тўйларда қўшиқ куйлаб юради», дейди. Жаҳлим чиқиб, «Унда ўша тўйларда қўшиқ куйлаб юраверсин», дедим. Водийлик кўплаб “шогирд”ларим иши битгунча ёнимда «ака, ака», деб хизматимни қилиб юриб, танилиб олгач, “салом-алик” ҳам қилмай қўйган.

— Ўзингиз қандай шогирд бўлгансиз?

— Устозим — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Ҳолиқовнинг ёнида беш йил мусиқачи бўлиб юрганман. Дарров қўшиқ куйлашга интилмаганман. Назаримда, рисоладагидек шогирд бўлганман.

— «Бек вокал»да янгилик қилибсиз. Халқ хизматларида ёнингизда бир қиз сизга қўшилиб қўшиқ куйлаётганига кўп бора гувоҳ бўлдим.

— Бу ўзгариш ҳам мухлислардан бўлган талаб-истаклар асосида. Асосан концертларда «бек вокал»да йигит-қизлар турарди. Энди бу урф тўйларга ҳам аста-секин кириб боряпти. Аввалига замонавийликка алоҳида урғу берадиган оилалардан талаб тушганда эътибор қилмагандим. Кейинчалик, бошқа хонандалар тўйларда ҳам «бек вокал»ни ишлатаётганини гувоҳи бўлдим. Четдан қараганда жуда чиройли кўринар экан. Қолаверса, қўшиқ куёлаётганингизда қиз боланинг овози қўшилиб турса, қулоққа ёқимли бўлади. Шундан сўнг жамоамга «бек вокал»чи қизни таклиф қилдим.

— Санъаткор “нон”ини тўйлар орқали топади. Шу маънода хизмат ҳаққингизни бермаган тўй эгалари ҳам бўладими?

— Гулистоннинг Гулистон маҳалласида шундай воқеа бўлган. Куёвнинг акаси маст бўлиб олиб, «Она» қўшиғимни куйлашимни сўради. Тўй бошида кўпроқ пул қистириб қўйгани кейин алам қила бошлагандир-да (кулади). Лекин ўша пайтдаги ахволим сира кулгили эмасди. Ишонасизми, «Она» қўшиғини кетма-кет ўн марта айттирди. «Яна бошидан», деб пул узатди, оламан, десам қўлини олиб қочяпти. Шунда қўшиқни тўхтатиб, «Ака, бундай ўйин қилманг, «Она» қўшиғини етарлича куйладим», дедим. Шу пайт куёв бола ёнимга келиб, «Анвар ака, куйлай қолинг, акамнинг феъли чатоқ», деб қолди. Зокир Ўрмонов орага қўшилганди, уни дўппослашди. Хуллас, шу тариқа тўй катта жанжалга айланди. Дилозорлик жуда ёмон-да!

— Концерт дастурлари ёки тўйларга ҳеч кеч қолиб борган пайтларингиз бўлганми?

— Бир марта дўстимнинг айби билан кеч қолганман. Лекин унинг бадалини тўлаш оғир бўлган. У икки ой аввал хизмат ҳаққини тўлаб, тўй кунини ёздириб кетган. Манзили, соатини сўрасам, «ўзим келиб олиб кетаман», деган. Ўша кун келди, қани энди ўша дўстимни тополсам. Ўша вақтларда қўл телефони Самарқандга киргандан сўнггина ишларди. Шаҳарга киришимизни биламан, қўл телефоним тинмай жиринглаб, ҳали униси, ҳали буниси «тўй соат ўнда бошланган, соат ҳозир тўрт бўлди. Қаерда юрибсан?» деб ҳақорат қила бошласа бўладими! «Менга манзилни айтишмаган. Қаерга борай?» десам, «Бўлди, керакмассан!» деб гўшакни қўйиб қўйишди. Нима қиларимни билмай, тўй эгасининг номини айтиб, сўраб-сўраб охири Қайроқли қишлоғини топиб борганман. Тўйхонага кириб борсам, тўйга айтган дўстим қулоғимга пичирлаб, «Анвар, айб мендан ўтди. Фақат бу ердагиларга мени сотма. Бу вазиятдан ўзим сени қутқараман», деб илтимос қилди. Ҳамманинг олдида «Анвар йўлда келаётиб автоҳалокатга учраган. Шундай бўлишига қарамай, кеч бўлса ҳам тўйга келди», деб гапирди. Шундан сўнг тўй эгалари жаҳл билан эмас, ачинган нигоҳ билан қарай бошлашган. Энг ёмони мендан бошқа биронта хонанда айтишмаган экан. Даврани Шерали Ҳожиев олиб борган. У бечора тинмай гапиравериб-гапиравериб, гапи ҳам қолмаган.

— Анвар, уйингизни махсус лойиҳа асосида қурдирганмисиз ё тайёр ҳолда харид қилганмисиз?

— 2002 йил шу уйни тайёр ҳолда сотиб олганман. Лекин тез орада қайта таъмирлатганман. Бунинг ҳам тарихи бор (кулади). Уйга кўчиб ўтгач, печкани ёқдик, хоналар исиди. Эртаси куни оилавий 3 кунга Самарқанга кетдик. Қайтиб келсак, уйни ичи қоп-қора, қараб бўлмайдиган аҳволда. Дарҳол шу уйнинг печкасини қурган одамни топиб келганман. Кейин билсам, мендан аввал турган уй эгаси усталарга хизмат ҳаққини бермаган экан. Усталар ҳам аламзада бўлиб, печканинг ўртасини тўсиб қўйишган. Натижада мен печкани ёққанимда қора тутун уй ичига урган. Роса қимматга тушгандим, ўшанда. Хурсанд бўлганим, яхшиям ўша куни уйда бўлмаганимиз. Йўқса, зарарланишимиз ҳеч гап эмасди.

— Уй дизайни билан ким шуғулланган?

— Рафиқам билан бирга маслаҳатлашиб, шу ҳолатга келтирганмиз.

— Бирон нарса харид қилишда иккиланасизми ё дангалчимисиз?

— Авваллари дангалчи эдим. Ҳозир анча иккиланадигна бўлиб қолганман. Масалан, биллиард хонага икки марта кондиционер ўрнатдим. 16 ?? кучга эга кондиционер хона ҳажми катта бўлганигами, яхши ишламади. Сўнг 18 ?? кучлисини қўйдирдим. У кондиционер яроқсиз чиқди. Энди 24 ?? кучга эгасини оламан, десам 950 доллар дейишди.

— Ёз мавсуми тугаганда ҳам шунча қиммат бўлар эканми?

— Мени ҳам шунга бошим қотяпти-да! Энди шошмаяпман (кулади).

— Уйдаги жиҳозларни ким танлаган?

— Рафиқам иккаламиз. Буларни итальян мебел дўконидан анча қиммат нархга харид қилганмиз. Битта мавсумда ишлаган пулим кетган-да (кулади). Ишқибозчиликдан сотиб олганим учун аввалига ачинмаганман. Кейинчалик шу-у-нча пулга харид қилиб, менга зарурмиди, деб алам қилган. Рости, битта микроавтобус, яна ҳам аниқроғи ўша пайтдаги уч хоналик уйнинг пули кетган-да!

— Анвар, нима учун уйингизга йўлбарсларни йиғиб қўйгансиз?

— (Кулади), бу юмшоқ ўйинчоқлар мухлисларимнинг совғаси.

Биринчи қаватда биллиард хонага кўзим тушди. Билишимча, бу ўйинга жуда қизиқасиз-а?

— Ҳа, жуда. Биллиардга 2001 йиллар қизиқиб қолганман. Бўш қолдим дегунча, биллиард ўйнайман. У кишига руҳий хотиржамлик беради. Ашаддий ишқибозлигим сабабли дизайнерлар билан маслаҳатлашиб, биллирад хона қурдирдим. Санъаткорлар билан йиғилиб, биллиард ўйнаб турамиз. Ютқазганлар учун алоҳида чолғу асбоблар бурчаги ташкил қилганман. Жазони исталган чолғу асбоби билан ўташади-да (кулади)!

SHARE