Президентни Facebook орқали сайлаш имконияти

Америкалик сайловчилар Facebook орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Вашингтон Facebook ижтимоий тармоғи орқали сайловчиларни рўйхатга олишга жорий қилган АҚШдаги илк сайлов округларидан бири бўлди. Рўйхатдан ўтиш тизими учун интернетдан фойдаланувчи исми ва туғилган санаси киритилади. Шунингдек, рўйхатдан ўтмоқчи бўлганлар шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳайдовчилик гувоҳномаси маълумотларини киритиш талаб қилинади.

Он-лайн регистрация шу йил ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан татбиқ этилади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШда сайловчиларни рўйхатга олиш ҳар доим муҳокама марказида бўлиб, жиддий танқидга учраб келади.

Масалан, шу йилнинг февраль ойида  Pew  тадқиқотлар маркази ушбу масала юзасидан ўрганишлар олиб борган эди. Уларга кўра, АҚШда 24 миллион нафар сайловчини рўйхатга олишда амалдаги қонунчилик талаблари бузилган. Эътиборли жиҳати, рўйхатга олинган сайловчилардан 1,8 миллион нафари аллақачон ҳаётдан кўз юмган бўлса, 2,75 миллиони бир штатда бир неча марта рўйхатдан ўтказилган. Айни пайтда 51 миллион сайловчи ҳали рўйхатга олинмаган. Тадқиқотчилар фикрича, бу вазият амалдаги сайловчиларни рўйхатга олиш тизими бирмунча эскиргани туфайли юзага келган.

“FoxNews” олиб борган сўровларга кўра эса, АҚШ фуқароларининг 70 фоизи сайловларда қатнашишга гувоҳнома орқали рухсат беришни кўзда тутувчи қонун тарафдори экан. Уларнинг фикрича, бу сайловларда фирибгарликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Респондентларнинг 26 фоизи бунга тескари жавоб берган. Бу қонунга итоаткор фуқароларга ҳалақит беради, дейишмоқда улар. Шу кунларда АҚШда сайловчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш ёки қилмаслик масаласи жиддий муҳокама қилинмоқда. Март ойида Техасда шундай тартиб ўрнатишни кўзда тутувчи қонун қабул қилинишини АҚШ адлия вазирлиги тўхтатиб қўйган эди.

Экспертлар эса мазкур ташаббусларнинг таг-замирида республикачиларнинг ғаразли мақсади ётибди, дея таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, этник камчиликни ташкил қилувчилар ва кам таъминланган оилалар демократлар партиясининг асосий электорати ҳисобланади. Республикачилар ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали демократларни етарлича овоздан маҳрум қилишни кўзламоқда.

SHARE