Тошкент шаҳрида чиқиндиларни таркибига қараб саралаш йўлга қўйилади

Шу йилнинг 1 августдан Тошкент шаҳрида маиший чиқиндиларни ажратиш, тўплаш, йиғиш ва ташкилий равишда олиб чиқиб кетиш бўйича янги қоидалар кучга киради.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессияси муҳокама қилинган ва қабул қилинган янги қоидалар шаҳардаги санитария-эпидемиология вазиятини яхшилаш ва тозаликни сақлаш қаратилгандир.

Мазкур тартиблар шаҳар ҳудудидаги барча ташкилотлар, корхоналар, идоралар, муассасалар, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига мажбурий ҳисобланади.

“Тошкент оқшоми” газетасининг ёзишича, чиқиндилар беш турга ажратилди:

 

Пластмасса чиқиндилари: баклажкалар, пластик идиш ва бошқалар мовий рангдаги пакетларга солинади.

Оқ пакетлар қоғоз чиқиндиларига мўлжалланган, яъни картон, эски газета ва журналлар ҳамда бошқа қоғоз буюмлар ташланади.

Сариқ пакетларга озиқ-овқат чиқиндилари, яъни озиқ-овқат қолдиқлари, мева ва сабзавотлар, полиз экинларининг пўчоқлари жойлаштирилади.

Мазкур тоифаларга кирмайдиган чиқиндилар қора пакетларга солиниши керак.

Ишлатилган симобли лампалар учун махсус контейнерлар ўрнатилади. Ўз навбатида, пакетларга сараланган чиқиндилар худди шу рангдаги мовий, оқ, сариқ ва қора контейнерларга ташланиши лозим.


Чиқиндиларни бинолар, уйлар ва чиқинди учун мўлжалланмаган жойларга ташлаш қатъиян ман этилади.

Чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш жойлари санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига жавоб бериши ҳамда чиқиндилар турлари учун етарлича контейнерлар билан жиҳозланиши зарур.

Айни чоғда Ободончилик бош бошқармаси ва туман ҳокимликларига шаҳар Бош архитектура бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахт кўчалари ва жамоат жойларида тегишли ахлатдонларни ўрнатиш режасини ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, бундай тартиб ривожланган мамлакатларда кенг тарқалган бўлиб, бу чиқиндиларни утилизация қилиш ҳамда иккиламчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришда қўл келади.

SHARE