Ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсири

Тошкентда  глобаллашув жараёнлари ва ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилар, экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этди. Бугун замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Хусусан, интернет тармоғи энг оммабоп ва тезкор ахборот тарқатиш воситасига айланди. Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Глобаллашув жараёни чуқурлашаётган, инсон онгини эгаллашга интилиш тобора кучаяётган ҳозирги шароитда ёш авлодни ижтимоий тармоқлардаги салбий ахборотлардан асраш муҳим вазифадир, дея қайд этади ЎзА.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ёшлар ўртасида ушбу масалаларга оид махсус социологик тадқиқот ўтказди. Унда йигирмага яқин олий ўқув юрти талабалари иштирок этди. Ушбу тадқиқотга кўра, ҳозирги ёшлар глобал ахборот тармоғидан асосан маълумот олиш мақсадида фойдаланадилар. Экспертларнинг фикрича, ёшларнинг кўп ахборотга эга бўлиши уларнинг билим ва дунёқарашини юксалтиради. Бироқ айрим ёшлар хорижий сайтларга мурожаат қилаётгани маълум бўлди. Бу миллий сайтларимизни ривожлантириш ва интернетда ёшларимизнинг қизиқишига мос маълумотларни кўпайтиришни тақозо этади.

Давра суҳбатида ёшларни салбий ахборотлар таъсиридан ҳимоялаш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш маҳоратини ошириш, интернетдаги миллий сегментни ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Манба:www.anons.uz

SHARE