Прокуратура: “Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонасига Ташқи ишлар вазирлиги орқали терговнинг бориши ҳақида мунтазам равишда маълумот бериб бориляпти”

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида “МТС-Ўзбекистон” компаниясига оид тарқалган хабарларга ўз муносабатини билдирди.

Бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида бир ёқлама хабарларнинг пайдо бўлиши муносабати билан Бош прокуратура шуни маълум қиладики, «Ўздунробита» МЧЖ ХКнинг мансабдор шахсларига қарши жиноий иш очилгандан бери тергов органлари томонидан суриштирув жараёнининг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида барча чоралар кўрилмоқда.

Жиноий иш доирасида «Ўздунробита» МЧЖ ХК фаолиятининг молиявий-хўжалик текшируви қонунчиликка қатъий риоя қилинган ҳолда олиб борилмоқда. Тергов амалиётлари чоғида жиноят-процессуал қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилинмоқда. Иш бўйича айбланувчиларнинг ҳар бири ҳимоя билан таъминланган, ҳеч бир тергов уларнинг адвокатисиз ўтказилмаяпти, тергов давомида улардан ҳеч қандай жиддий эътироз ёки шикоят тушгани йўқ, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий сайти.

Шу ўринда расмий баёнотда “Россия Федерацияси фуқароси Р.Даутовни тергов қилиш Россия элчихонаси вакиллари иштирокида амалга оширилмоқда, у ҳибсда сақланаётган жойга дипломатлар ва ҳимоячилар ҳеч қандай чекловларсиз келиб тургани” кўрсатиб ўтилган.

Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали терговнинг бориши ҳақида мунтазам равишда маълумот бериб бориляпти.

Прокуратуранинг қайд этишича, «Ўздунробита» МЧЖ ХК ва унинг шўъба тузилмаси бошқарувида, хусусан, оила-қариндошчилик тамойили асосида шаклланган жиноий гуруҳ фаолият кўрсатган. Ушбу гуруҳ аъзолари солиқлардан қочиш, келтирилаётган жиҳозлар ва материаллар нархини ошириб кўрсатиш, валютани яшириш, лицензиясиз фаолият кўрсатиш кабилар билан шуғулланган.

Мазкур жиноий схемаларни амалга оширувчи бир қатор ноқонуний тузилмалар, йирик пул маблағларини гўёки амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун “бир кунлик фирма”лар ҳисобига ўтказиш ҳолатлари аниқланди. Бу шахсларнинг жиноий ҳаракатлари туфайли етказилган зарар 500 миллиард сўмдан ошади.

Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг тергов жараёнида ҳамкорликка тайёрлиги ва очиқлигига қарамай, “МТС” ОАЖ ўз шўъба корхонаси менежерлари томонидан қонунчиликнинг мунтазам бузилиши ва иқтисодий зарар ектазиши билан боғлиқ жиноий ишни сиёсийлаштириш ва вазиятни сунъий равишда кескинлаштиришга уриняпти. Қолаверса, тергов органи асоссиз равишда процессуал қонунчиликни бузишда айбланяпти, жамоатчиликка хорижий инвесторни сиқувга олиш ҳақида ёлғон маълумот тарқатиляпти.

Айни пайтда компаниянинг бўҳтонлари ва ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлари Россия телеканаллари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари  томонидан бир ёқлама тарқатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тергов жараёнига таъсир кўрсатишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб, оммавий ахборот воситаларини тергов жараёнини холис ёритишга чақиради.

SHARE