Порламаётган юлдузлар

Порламаётган юлдузлар

Анвар Ражабов
“Бухоро”да танилиб, “Бунёдкор”нинг нишонига айланган Анвар Ражабов учун биринчи давра кўнгилдагидек ўтмади, деб бемалол айта оламиз. Мавсумнинг биринчи қисмини “қалдирғочлар” сафида ўтказган ҳужумчи ўтказилган 13 учрашувнинг биттасида 31 дақиқагина ҳаракат қилди. Бу келажаги порлоқ сифатида эътироф этилган ўйинчи учун жуда камлигини биз айтмасак ҳам маълум. Ёдингизда бўлса, бир йил аввал Ражабов умуман футболни тарк этадиган ҳолатга тушиб қолганди, аммо “Бунёдкор” раҳбарияти ҳужумчини яна жамоага қайтариб унга имконият берди. 2011 йилги мавсум Анвар учун омадли келганди, у қатор учрашувларда муҳим голларни уриб, “қалдирғочлар”нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланганди, аммо бу йил вазият ўзгарди. Жамоадаги ўрнини йўқотиб қўйган Ражабов омадини Таиланддан изламоқда. Қани кўрамиз, Ражабов яна ўзбек футболига қайтармикан?!

Лочин Солиев
Бундан икки йил муқаддам ҳам олий лиганинг тўпурар ўйинчиларидан бири бўлган Лочин Солиев ҳам “сўниб” бормоқда. Ваҳоланки, уни ўз вақтида Миржалол Қосимов миллий терма жамоа йиғинига ҳам таклиф қилганди. Футболчи бир ўйинда ҳисобига гол ҳам ёзиб қўйган. Бироқ шундан сўнг Солиев ўзига ўхшамай қолди. “Андижон” ҳужумчиси бу йил тўрт учрашувда майдонга тушиб, майдонда жами 184 дақиқа ҳаракат қилди. Биргина беллашувни тўлиқ ўтказган Солиев рақиблар дарвозасини ишғол қилишга ҳам муваффақ бўлди.

Олим Навкаров
Вадим Абрамовнинг топилмаларидан бири бўлган Олим Навкаров 2012 йилнинг биринчи қисмини қайси жамоа сафида ўтказганини кўпчилик мухлислар билмаса ҳам керак. Сабаби, ярим мавсум мобайнида у бор-йўғи 9 дақиқагина ҳаракат қилди. “Локомотив” жамоасида юзага келган рақобат уни захирага михлаб қўйди. Орадан бир йилгина ўтиб, Навкаров ҳам кўз тегди. Ёдингизда бўлса, Олим Осиё Кубогида Абрамовнинг ишонган ҳужумчиларидан бири бўлганди. Иккинчи даврада “темирйўлчилар” янада кучайиши ҳақида гаплар юрибди. Агар шундай бўладиган бўлса, Навкаров фаолиятини бошқа клубда давом эттиришга мажбур бўлади.

Музаффар Умрзоқов
2007 йил олимпия терма жамоамизнинг асосий ўйинчиларидан бири бўлган Умрзоқов ҳам охирги йилларда “сўниб” қолган ўйинчилар қаторига киради. Фаолиятини “Локомотив”да давом эттираётган Муча (футболчининг лақаби – муаллиф) ортда қолган ярим мавсумда 157 дақиқагина ҳаракат қилибди. Бу футболчи ҳам жамоада юзага келган рақобат туфайли захирада қолиб кетмоқда. Шу кетиш бўлса, Музаффар ҳам порламай сўнгган юлдузлар қаторига кириб қолади.

Шавкат Раимқулов
2003 йил БАА майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган Шавкат Раимқулов мундиалдан кейин умуман ўзига ўхшамай қолди. Клублардаги фаолияти ҳам кўнгилдагидек чиқмади. Кўплаб жамоалар сафида ўйнади, аммо асосий вақтини захирада ўтказди. Бундан ўн йил муққадам бу ҳимоячи ўзбек футболининг келажаси деб эътироф этилганди. Бироқ Шавкатга қаердандир кўз тегди чоғи, “йўқолиб” қолди. Футболчининг “Насаф”даги фаолияти ҳам кўнгилдагидек чиқаётгани йўқ. Биринчи давранинг биринчи қисмида Рўзиқул Бердиев ҳимоячига ишонч билдирмаётганди. Усмон Тошев давранинг охирги икки ўйинида унга таркибдан жой берди. Ҳатто бир ўйинда Шавкат майдонда тўлиқ ҳаракат қилди. Умумий ҳисобда 188 дақиқа тўп тепган Раимқулов яна порлашига умид қилиб қоламиз.

Темур Ғаниев
Бу футболчи ҳам 2003 йилги мундиалда иштирок этган, аммо Нестеров ўша пайтда ҳам биринчи посбон бўлганлиги боис, жаҳон чемпионатини захирада ўтказиб қайтганди. Аҳамиятлиси шундаки, Игнатий фаолияти давомида бирор марта ҳам хориж жамоаси сафида ўйнагани йўқ. Темур Арманистоннинг “Бананц” клуби таркибида УЕФА тасарруфидаги бир қатор турнирларда иштирок этишга муваффақ бўлган. Лекин бу ҳам унинг фаолиятини ижобий тарафга ўзгаришига сабаб бўлгани йўқ. Юртимизга қайтиб, “Олмалиқ” шарафини ҳимоя қилиб келаётган дарвозабон бу йил иккитагина ўйинда майдонга тушди. 180 дақиқа ҳаракат қилган беллашувда ўз дарвозасидан 3та тўп олиб чиққан Ғаниев Павел Харчикнинг соясида қолиб кетди.

Мурод Холмуҳамедов
Мисрда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қаҳрамони Мурод Холмуҳамедов ҳам “захира қироли”га айланиб улгурганига анча бўлди. Ўтган мавсумларни жароҳат туфайли захирада ўтказиб юборган Мурод бу йил ўзини кўрсатадаги деган умидда эдик, аммо Деян Журжевичнинг ишончини қозона олмади. Мурод Исмоилов эса, унга бир учрашувда имконият берди. Лекин унинг ҳаракатлари мураббийга маъқул келмаган чоғи, ҳимоячи яна захирага “михланиб” қолди. Натижада Муроднинг майдонда 53 дақиқадан кўп ҳаракат қилгани йўқ. Айни тўп тепадиган вақтида биргина ўйинни ҳам тўлиқ ўтказа олмаслик ҳар қандай футболчининг фаолиятига салбий таъсир қилади.

Фарҳод Тожиев
Фарҳод ҳам асосий вақтини жароҳатлари туфайли захирада ўтказиб юборди. Ўз вақтида миллий ва олимпия терма жамоасида ажойиб ҳаракатлари билан рақибларнинг ашаддий кушандасига айлана олган Фарҳод мавсумнинг биринчи қисмини Холмуҳамедовдан ҳам камроқ ҳаракат қилди – 39 дақиқа. Балки шунинг учун бўлса керак, давралар орлиғида у жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Қани кўрамиз, сўнаётган юлдузимиз Эдгар Гесс қўлида порлаб кетармикан?!

Ярослав Крушелницкий
Бу ҳимоячи ҳам бир вақтлар ўзбек футболининг келажаги сифатида эътироф этилганди, аммо нимадир бўлди чоғи, захирадан мустаҳкам жой эгаллади. “Пахтакор”дан хорижга кетиб, ўйнаб кетган кам сонли ўйинчилар қаторига кирадиган Ярославга кимнинг кўзи теккан билмадикку, лекин футболимиз яхшигина иқтидор эгасидан айрилгани айни ҳақиқат.

Фурқат Нишонов
Манба: «FutGOL» газетаси

SHARE