Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги “МТС—Ўзбекистон” атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар юзасидан ўз муносабатини билдирди

Вазирлик расмий сайтида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот ва матбуот департаментининг баёноти эълон қилинди. Унда Россия Ташқи ишлар вазирлиги “МТС” очиқ акциядорлик жамиятининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХК атрофидаги воқеаларни кузатиб бораётгани қайд этилади.

Ташқи ишлар вазирлиги Россия фуқароси, компания директори вазифасини вақтинча бажарувчи Р.М.Даутовнинг эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб турилишини қаттиқ чоралардан бири сифатида Ўзбекистон тарафига расмий  равишда ўз ташвишини етказганини билдиради.

Вазирликка кўра, Россия элчихонаси Ўзбекистон томони билан ушбу масала юзасидан мунтазам алоқа қилиб бормоқда. Элчихона консуллик вакилларига ҳеч қандай тўсиқларсиз Р.М.Даутовни кўришга шарт-шароитлар яратиб берилган. Ҳибсга олинган шахснинг руҳий-психологик ҳолати қониқарли даражада бўлиб, уни изоляторда сақлаш шароитларидан шикоятлар йўқ. Унда шикоятлар, шу жумладан, соғлиғи бўйича мавжуд эмас. Унга маъмурият томонидан муносабат тўғри ташкил этилган. Тергов ҳаракатларини олиб боришда унинг адвокати таклиф қилинмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия фуқароси, шунингдек, “МТС—Ўзбекистон” билан боғлиқ  муаммолар Россия — Ўзбекистоннинг стратегик шериклик ва ҳамкорлик доирасида ҳал этилади ва икки давлат манфаатларига жавоб беради, деб умид билдиради.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси махсус баёнот  билан чиқиб, Жиноий иш доирасида «Ўздунробита» МЧЖ ХК фаолиятининг молиявий-хўжалик текшируви қонунчиликка қатъий риоя қилинган ҳолда олиб борилаётганини қайд этган эди. Тергов амалиётлари чоғида жиноят-процессуал қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилинмоқда. Иш бўйича айбланувчиларнинг ҳар бири ҳимоя билан таъминланган, ҳеч бир тергов уларнинг адвокатисиз ўтказилмаяпти, тергов давомида улардан ҳеч қандай жиддий эътироз ёки шикоят тушгани йўқ, деб ёзди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий сайти.

Расмий баёнотда, шунингдек, “Россия Федерацияси фуқароси Р.Даутовни тергов қилиш Россия элчихонаси вакиллари иштирокида амалга оширилаётгани, у ҳибсда сақланаётган жойга дипломатлар ва ҳимоячилар ҳеч қандай чекловларсиз келиб тургани” кўрсатиб ўтилган.

Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали терговнинг бориши ҳақида мунтазам равишда маълумот бериб бориляпти.

SHARE