Олимпиада “олтин”ини қўлга киритган ўзбек спортчилари $150 минг олади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 17 июль куни Лондондаги Олимпиада ўйинлари совриндорлари ва иштирокчиларини мукофотлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, олтин медални қўлга киритган спортчига 150 минг доллар, кумуш медаль соҳибларига 75 мингдан, бронза медалга эга бўлган спортчиларга 50 минг доллардан берилади.  Ўзбекистоннинг расмий делегацияси Лондонга 24 июль куни учиб кетди.  25 июль куни Олимпиада шаҳарчасида Ўзбекистон байроғини кўтариш маросими ўтказилди. Ўзбекистонни Олимпиадада 16 та спорт тури бўйича жами 54 та спортчи тақдим этади.  Шунингдек, Ўзбекистон дзюдо, бокс, эркин кураш ва каноэда эшкак эшиш бўйича спорт турларида камида 4 та медалга умид қилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, 2008 йили Пекиндаги Олимпиада медаллари учун олинган мукофот пуллари қуйидаги миқдорда эди:

Олтин медаль учун – 100 минг доллар (бу йил – 150 минг доллар)
Кумуш медаль учун – 50 минг доллар (бу йил – 75 минг доллар)
Бронза медаль учун – 25 минг доллар (бу йил – 50 минг доллар)

SHARE