АҚШ Душанбедан Жаҳон банкининг эскпертизаси якунига қадар Роғун ГЭС қурилишини бошламай туришни сўрамоқда

 АҚШ Тожикистон расмийларини Жаҳон банки экспертлик ҳисоботларини тайёрлаш якунига етмагунича Роғун ГЭСи қурилишини қайта бошламаслик ва Вахш дарёси ўзанини ўзгартирмасликка чақиришда давом этмоқчи. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк маълум қилди.

Намояндалар палатасининг Европа ва Евросиё мамлакатлари бўйича қўмитасида 24 июль куни сўзлаган Блейк АҚШ Давлат департаменти Тожикистон ҳукуматини Роғун тўғони борасида Жаҳон банки билан тўлалигича ҳамкорлик қилишга ҳамда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши бўйича тадқиқотлар якунлангунига қадар ГЭС қурилишини қайта бошламаслик ва Вахш дарёси ўзанини ўзгартирмасликка чақиришида давом этаверишини билдирди.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

– Биз энергетика ва сув заҳираларини бошқариш Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги таранглик манбаси эканини эътироф этамиз ҳамда бизга дўст бўлган ҳар иккала мамлакатни орадаги зиддиятни ўзаро мулоқот йўли билан ҳал қилишга чақирамиз, деди АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк.

Намояндалар палатасидаги эшитувлар шу ой бошида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Конгресси делегациясига бошчилик қилмиш республикачи депутат Дэн Бэртон раислиги остида бўлиб ўтди. Мазкур делегация шу йил 5 июль куни Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, 6 июль куни эса Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинган, ахборот агентликларининг хабарларига кўра, бу учрашувлардан томонлар мамнун қолган. Мазкур учрашувларда америкалик конгрессменлар Қўшма Штатлар Буюк Ипак йўли қайта тикланиши тарафдори эканини ва бу йўлдаги сунъий тўсиқлар бартараф қилиниши лозимлигини таъкидлашган.

Сешанба куни Конгресс Намояндалар палатасида ўтган эшитувларда Роберт Блейк АҚШ Роғун лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши бўйича Жаҳон банки томонидан ўтказилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлашини урғулади.

Мазкур икки тадқиқот, Жаҳон банки маълумотларги кўра, Тожикистон ҳукумати томонидан танлов асосида саралаб олинган халқаро консалтинг фирмалари тарафидан ўтказилмоқда ҳамда Жаҳон банки мутахассислари кўмагида Халқаро Тараққиёт ассоциацияси лойиҳаси доирасида молиялаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Жаҳон банки томонидан яна икки мустақил экспертлар гуруҳи – Тўғонлар хавфсизлиги ва муҳандислиги масалалари бўйича гуруҳ ва Экологик ва ижтимоий таъсирни баҳолаш гуруҳи тузилиб, молиялаштирилмоқда. Бу гуруҳлар Роғун бўйича тадқиқотларда халқаро сифат стандартларига нақадар риоя қилинганини ҳамда уларнинг холислиги ва ишончлигини ўрганиб, ўзларининг мустақил тавсия ва хулосаларини берадилар. Гуруҳ экспертлари тан олинган халқаро мутахассислар бўлиб ҳисобланади.

Роғун ГЭСи қурилиши экспертизасини Жаҳон Банки 2010 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан бошлаган эди ва унга оид хулосаларнинг 2013 йил сентябрида берилиши кутилмоқда.

Манба:«Шёлковый путь» янгиликлар лентаси

SHARE