АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистонга келади

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк 2012 йил августида Ўзбекистонга ташриф буюради.

АҚШ вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси йиғилишида Роберт Блейк Ўзбекистон билан ҳар йиллик икки томонлама маслаҳатларда қатнашиш учун Тошкентга ташриф буюрадиган АҚШ делегациясига раҳбарлик қилишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Афғонистонни тиклаш масаласида муҳим ҳамкор ҳисобланади. Шунингдек, у Ўзбекистон Афғонистонда тумир йўл қурганини ва бу мамлакатга электр энергиясини етказиб беришини эслатиб ўтди. Блейкнинг таъкидлашича, Ўзбекистон орқали НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари учун катта ҳажмдаги юклар олиб ўтилади.

Шунингдек, АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси икки томонлама маслаҳатлар давомида томонлар савдо-иқтисодий ва инвестиция муносабатларини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилишини қайд этди. Кун тартибидан таълим ва маданий алмашув, инсон ҳуқуқларини ҳисоя қилиш, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам ўрин олган, дея хабар беради UzDaily. Роберт Блейк АҚШ Ўзбекистон билан ҳамкорликни бир нечта йўналишда ривожлантиришни режалаштирганлигини қайд этди. У Ўзбекистон ўз иқтисодиётига Америка компанияларини ҳам жалб этиш учун қадам ташлашига умид билдирди.

 Манба: UzDaily.

SHARE