Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса. Собир Сайҳон: “САМАРҚАНДИЁН” ҳикояси. IV қисм.

Turkiya, Adana 1954 yil. Afg’onistondan ko’chib o’tgan turkistonliklar. Ikkinchi qator (chapda) yozuvchi  Sobir Sayhon.

Даға ҳокимнинг қилмишлари…

Орадан бир ҳафта ўтди, ўтмади ватандан бемаврут нохуш хабарлар Нодиржонни безовта қилиб, ўз-ўзи билан овора мажнунсифат килиб куйган эди. Нима қилишга ҳайрон. Кетма-кет ҳижрат қилганлар советлар домига тушар, ушланмаганлар даға чегарачиларнинг аёвсиз зулм ва қахрига учрашарди. Яна маълум манзара кампиру кексалар ўққа тутилиб, гўзал хотин-қизлар безовта қилиниб, эркаклар асир мисоли Фаррох, Чихонсур, Лашкаргоҳ ва ё Қандаҳорга пиёда, оч, сувсиз бадарға қилинар ва бисотидаги озгина дасмоялари мусодара қилинарди. 10 кун ўтмай икки отлиқ қаровул билан Гулзай  келиб, тўғрича очиқ турган ҳовлига кирмоқчи бўлди. Аммо олабош ит вовуллагач, шафқатсизча отиб ташланди. Ит бечора миқ этмай жон берди. Мастурахон ҳайрон хаёл билан янги ювган устбошларни арқонга осмоқчи бўлиб турарди. Нурмуҳаммад боғ оралаб кетган. Уйдагилар ҳимоясиз. Мастурахон ўзига хос зарофат ва гўзаллиги узун сочи бошида. Самарқандча дўппи ва узун зардўзи лозими билан ҳар қандай эркакни хаёл оламига олиб бориб, маст қилиб қўйиши ва қичиғини қўзғатишига етиб ортарди.

Ҳоким эшикдан бу табиий маъсума ҳаракатларни кузатиб турар. Одамлари бу манзарадан хабарсиз ўзаро гаплашиб носвой капалашарди. Отларни кишнаши билан Мастурахон Баҳодиржонлар келди деб уйлаган.. Тахмин билан юзи ёришиб, эшик томон қаради. Аммо тўсатдан турган жойда михланиб, нима қилишини билолмай, негадир энди осмоқчи бўлиб турганда чойшаб билан бош аралаш вужудини тўсиб айвон томон югурди.

Ҳоким ўз қилмишидан уялиш ўрнига киритишларини кўрсатиб, ит мисоли хириллади. Узоқдан от дупурини эшитгач, кетга  тистарилиб, одамлар ёнига келиб дарвоза томон йўналди.

Дарвоза пешонасида ёзилган «Самарқандиён»  ёзувини ўқиган киши бўлиб, сир бой бермай турди, лекин 2 кўзи чақмоқ-чақмоқ ховли дарвозаси томон  қарарди. Ҳадемай Нодиржон кетидан Баҳодиржону Нурмуҳаммад кўриниб, ҳокимни кўргач, отдан тушган Баҳодиржон салом бериб, «хуш келдингиз» маъносида ҳурмат кўрсатди. Нурмуҳаммад узоқдан кўзи ерда, қонлар ичида вафодор итига тушди. Югуриб додлаб йиғлаб юборди-ю, итни қучоқлаганча ҳоким ва одамларига қаҳр билан разм ташлади. Аммо бепарво ҳоким алик ўрнига қамчисини шақиллатиб Нодиржонга  ўқталиб, «Самарқандиён» ёзуви ҳануз ҳам жойида-ку, дея дўқ қилди. Баҳодиржон  дудуқланиб қолди. Кейин ўзини йиғиб, нима гап ўзи? Ҳоким соҳиб деди: “Нима гап бўларди, бу ерлар совет ўлкаси эмас, асир самарқанд шаҳри ҳеч эмас. Афғон халқини қони билан сувланган ўлка, мард ва мусофирпарвар халқимизга бегона ном керак эмас. Эртадан тези йўқ. «Деҳ афғонон» дея ёзасанлар. Худди аввалдан бўлиб келгандай” деди ҳоким.

-Тўғри, -деди Баҳодиржон, қон ва ғазабга тўлган кўзини тикиб, кейинроқ ясама табассум билан.

“Мен ҳозир ҳужжатларни олиб чиқаман, унда ҳоким, маҳалла- кўй, оқсоқол ва расмий кишиларнинг имзоси ва муҳри бор. Бу харобани обод қилишга бошлаганимда  шарт қўйганман”.

– Басс, -деди ҳоким, кир тишларини ғижиллатиб, – ҳаддингни бил афғон ҳокими олдида турибсан-а,  у нима деса ўша бўлади. Қонун  манман, эски ҳужжатларингнии керакли жойнгга тиқ, у қоғозлар сохта, ҳукмсиз, сан кимсан ўзи рус жосуси, ватанфуруш, каллахом, чапандароз. Санга ким қўйди шарт-парт сўзлашни, тилингни тий. Қонун асосида бегоналарга ер сотилиб ҳужжат берилмайди. Сан ижарачисан, агар хилоф ҳаракат қилар экансан, бундан кейинги ҳодисалардан масъулсан, қамаласан, дуо қилки, мандай мутадайин (маданиятли) мусулмон виждони пок одамга дуч келдинг. Баҳодиржон,- соҳиби олам, ҳужжатларни текшириб кўринг, адолат нима бўлса биз рози, бош эгамиз. Ман ватанфуруш эмас, муҳожирман, пайғамбар йўли бўлган, ҳижратга тил узатиб туриб, мусулмонликдан дам уриш қандай гап ва қайси мантиққа сиғади ҳали бу тупроқлар, дея сўзини чўзмоқчи бўлди-ю лекин ҳоким ер тепиб беадабча чустоҳлик қилма, бола-чақанг ҳурмати. Санга… ичини тортиб яна ҳовли томон қараб хаёл оламига чўмди. Нега хаёл сурмасинки бу ҳайвонсифат даҳа хотини туғилгандан бери соч тарамаган, юзида кўкимтир ҳол, бурнида темир халқа боғланган, айиқдай, оёқ кирини кўрган бир ҳафта овқат емай қусади. Ичкаридаги аёлчи? Дунё жаннатида юрган ҳури, боғда гул очган бир ғунча, ўйлаб кўрганнинг нафаси тезлашади. Ўз-ўзига паст овозда ҳозиргача ман ҳам одамман, дея юрганаканман дунёга келиб, дер эди. Шу пайт чамаси 10 ёшлардаги шоҳиатлас кийган оппоқ пок-покиза юзли, оёғида зар кавуш бир қизча чиқиб Баҳодиржонга интилиб дадажон, дея эркаланди. Ҳоким хаёл оламида унинг сочини силамоқчи, Баҳодиржоннинг эркаклиги қўзғаб ўз номусини рашк қилди шекилли, қизи Машҳурахонга боринг уйга киринг, дея бемаврид дўқ қилди ғайриихтиёрий, нима қилишини билолмай. Қизча йиғламсираб ҳовлига югурди. Ҳоким аламига чидаёлмай одамларига ишора қилгач, улар ариқдан балчиқ олиб, Самарқандиён лавҳасини суваб лой чаплашди. Саводсиз дағал қоровуллар нима эканлигини билишмас, аммо ҳоким амрига ит мисоли бўйин эгиб вазифаларини бажаришган бўлишди.

Мана бу ишлар бошланишидан ўн йилча ўтиб замону вақт умрлар ҳам бир жойга бориб қолди. Ватансизлик ҳўрланиб озор эшитиш пешонага ёзилиб, толесизлик Баҳодиржонни хуноб қилар, аммо Машкуранинг кўзга кўриниб қолиши унга куч берар. Гўдак бир кун ўз ватанини кўрар деган умид уни қамчиларди. Вафодор рафиқаси Мастурахон бўлса, маҳалла болаларига миллий ва диний соҳаларида муаллимлик қилиб кўз ёши билан тасалли топарди. Андиларда ўзига қарамай ҳам қўйган, аммо ҳануз ҳам маҳалланинг энг гўзал ва чиройлиси. Маҳалладан йигирмага яқин самарқандли аёл унга САМАРҚАНДИЁН маҳалласининг маликаси, дея унвон беришган. Ватанда Туркистон миллий харакатларининг ташкилотчилик ишлари тобора тубанлашиб вақт ўтган сайин озодлик нишонаси йўқолиб, сония, дақиқа, соату кун, ҳафта, ой, йиллар келгинди ёд босқинчиларга ёр бўлиб, толе бегоналарга кулмоқда. Махфий ташкилот сирлари Фарғона-ю, Самарқанд-у, Бухорода бир-бир фош бўлиб, хусусан жиззахликлар эзилиб асорат занжирига халқа устига халқа уланиб муҳожирлар олисларда хору-зор саргардон юришга маҳкум юришмоқдалар. Маънан бўйни букук, изғиб юришдан бошқа ишлари йўқ. Ғуруру нафсоният ва кайфияти чўкиб, ҳақ йўлидаги кураш жасорати етиб қолган, хусусан, маҳаллалардаги самарқандликлар на қиларини билолмай хайрон. Моддан жуда қийналишмаган, чунки боғ маҳсулоти ва меҳнатлари туфайли бегона очкўзларга муҳтож эмас эдилар. Ана шундай ғам тўла кунларда шаҳар ҳокими даға Гулзай ҳафтада камида икки-уч бор «САМАРҚАНДИЁН» маҳалласига бачкана баҳоналар билан келиб боғдагиларни кўз остидан, зимдан тинтиб юрарди. Шайтон руҳли ёрдамчи ва югурдаклари шахсий манфаат учун биргалашиб, сайъ ва қўшиш билан найранг устига найранг режалаштиришарди. Кўпинча Баҳодиржон билан тўғридан дўстлик қуриб боғга ўзи ёлғиз борди-келди қилар, шумлик йўлларини қидириб, режа билан сирларини ўрганиб, ҳовлидаги заиф томонларни аниқлаб, ҳийла билан қандай қилиб Баҳодиржон вужудини йўқ қилиш учун мия қотирарди. Охирида нозик томонини топди ҳам.

Дағаларнинг “Бузкаши” ўйини … Зулмат пардаси остида қолган ватандошларимиз. 

Баҳодиржон от минишга уста туркийзабон халқининг ота мероси суворийликка ўч, лекин ҳозиргача бу шаҳардаги улоқ ўйинларга қатнашмаган, чунки дағалар бу ота меросимизга “БУЗКАШИ” дея ном қўйиб, дунёга жар солишар, гўё, ўз миллий ўйинларидай туркий халқнинг ғурурини оёқ ости қилиб ўғирлик қилишарди. Ўзини билмаган сотқинлар ҳам уларга ёрдамчи бўлишар, шу сабабли ўйин қоидалари ўзгарган. Баҳодиржон кабилар бу адолатсизликдан нафратланиб, юраклари қон бўларди. Суҳбат орасида мавзу ўртага ташланиб, Баҳодиржон ўз ташвишларини баён қилса-да, ҳоким ўз истаги билан пайшанба куни Даштиқаводиёнда уюштирилган улоқ ўйинига Баҳодиржонни ҳам беллашув ўрнида ёздириб қўйган. Аслида у режани кўпдан буён мулжаллаб, ўз одамларига тайинлаб ҳануз эшакка минишни бажаролмаган барзанги дағаларга энг абжир отларни совға қилиб туркманлар назоратида тарбиялаб қўйган. Шу васила билан бир тош билан икки қушни овлаб, Баҳодиржонни йўқ қилиб, ўз малъунона (шайтоний) ниятига эришмоқчи. Нариги томондан туркийзабон халққа қараганда дағалар уста эканлигини исботлаб “Бузкаший” дағалар миллий ўйини эканлигини исботлаб, парчинламоқчийди. Баҳодиржоннинг ёкасига кана каби  ёпишиб олган бу одамнинг орзусига мажбуриятдан бўйин эгиб, қабул қилган бўлса-да, пойгани соғиниб қолган. Улоқ ўйинининг ҳаяжони ичида, лекин масаланинг аслига воқиф Нурмуҳаммад ва Нодиржон тўсқинчилик қилиб ташвиш билан оёқ тирашарди. Томирида оталарининг асл қони оққан содда Баҳодиржон берилган сўздан тонишни номардлик билиб, ҳатто масалани рафиқасидан ҳам махфий тутганини пайшанба куни эрталаб бомдодни адо қилгач, йўлга тушишга хозирланар экан, Баҳовуддин Балогардон (Мозори Шарифдаги зиёратгох назарда тутилмокда) зиёратгоҳига учраб, дуодан сўнг Тагитут номли растасида нонушта вазифасини бажариб, беллашув майдонига югурди. Бир ҳафта олдиндан хабардор ўйин ташналари ва қизиққан оломон ўйин майдони томон югуришарди. Аммо туркман, ўзбек, тожик, ҳазора, қирғизу қозоқ отминарлари бор эди. Эллик кишича даға отлиқ қарши қирғоқда тайёр турар, нариги туркийзабон халқ мусобақа ва пойга натижаси устида тўхталиб, ўзаро фикр баён қилишарди. Гўё турк ва дағазабонлар орасида бастма-баст рақобат учун тарбияланган мард майдонидай бир ҳаво сезиларди. Нурмуҳаммад ҳайрон, чунки мусобақаларга кўп қатнашган, аммо ҳозиргача сир тутар, учиб турган чап қовоғини туфуги билан ҳўллаб,  “Иш қилиб Худо хайр қилсин” деган маънода дудоқ бурарди. Соат 10да майдон жарчиси ўйин ва  пойгадаги қонун ўрнида забту – рабт ҳақида қатновчиларга сўз билан қоида ва тартиб ҳақида тушунтирди ва ҳоким тўппончасини портлатгач, улоқ ўйини бошланиб кетди. Сўйилган эчкими, қўйми маълум эмас. Аниқланган нуқтадан уста бир чавандоз ердан узиб олди-ю хаё- хуй, қий-чув бошлаб паҳлавонсифат улоқчи ортидан икки юз элликка яқин отлиқ қувлаб кетди. Шунда ён томонда 25 га яқин даға суворий қимир этмай диққатлича пойлаб туришар, улоқ ўйинига қатнашганларнинг ҳайратомуз қарашлари томошабинлар кўзидан қочмаган эди. Улоқ тўрт беш маротаба бошқа-бошқа суворийлар қўлига ўтгандан кейин Баҳодиржоннинг тўруқ оти сапчиб улоқни олиб бораётган суворийнинг ўнгига ўтиб олди.

Баходиржоннинг бевақт ўлими…

Баҳодиржон улоқни даст кўтариб тортиб олди-ю от ёли устига ва эгар устига ортиб шамолдай учди. Шу пайт кутилмаган вақтда бир ҳаракат бошла,,б чегарада бемалол пойлаб турган даға суворийлар Баҳодиржоннинг теварагини қуршаб бебошлик билан қоидани бузиб ўртага ташланишди. Баҳодиржон бор кучи билан ғурур василаси  -улоқни ҳимоя қилмоқчи бўлди. Аммо дам ростлаб жинс Туркман отлари устида хўрпайган барзанги паштунлар қуршовидан қутулиш мумкинмасга ўхшарди. Баҳодиржон чарчаган. Паштунлар тобора сиқувга олиб бебошлик қилишарди. Баҳодиржоннинг соғу сўлида туркий қавмдан кимсалар йўқ. Баҳодиржонни от устига ётизишиб, атрофини чулғаб олишди ва савалаб ургани бошлашиб бир даға қўлидаги узун ханжар билан от эгари қайишини кесиб юборди. Муозана тарозисини йитирган Баҳодиржон отлар орасига гурсиллатиб тушди. Аммо дағалар ҳануз ҳам атрофни ўраб, отлар туёқлари остига ётқазишмоқчи бўларди. Ўшандан бўлса-да бир қўп  ўйинларга қатнашган ақлли отлар бу ғайрий инсоний зулмни раво кўрмагандай Баҳодиржон устидан ирғиб ўтишмоқчи бўларди. Баҳодиржон хушдан кетиб, аранг қутулиш умиди қолмай дағалар қамчи урушлари орасида қимир этмай ётарди. Катта от ўйнатиб келмоқда бўлган боши телпакли туркман ва тожик яна бир дўппи кийган бир йигит орқасидан жун дўппи кийган бир ҳазора чол қоидаларга хилоф ҳаракат қилган дағаларни  тарқатмоқчи бўлиб, улар устига ёпирилишди ва яна бир ўзбек йигит вужудини сипар қилиб Баҳодиржон устига ётиб қўриқламоқчи бўлди. Бир кўп сувори вазиятдан хабарсиз ҳайрон улоқ ортидан хайё хуй ва қувала-қувала овози даштни қоплаган, афсуски, 25га яқин даға сувори, бир неча кишилик туркий мусобақачилар устига ҳужумларини тобора орттириб боришарди. Бир ярим соатча ўтди улоқ назоратчилари ҳуштак чалиб ҳодисачиларни  айирмоқчи бўлди, аммо кучлари етмай қолишди. Уруш майдонига айланган эр майдонида ит эгасини танимай қамчибозлик ва зўравонлик бошлаб кетди. Негадир ҳоким кулимсираб, кўзини чақчайтиргач, даға суворийлар от жиловини бошқа томон буриб, гўё улоқ кетидан қувламоқчи бўлишар, уммондай куринар эди. Ерда думалаб ётган 4-5 кишининг ҳаёт асари йўқдай эди. Отлар тўхтаб хансираб сўзда даға кабилар жиноят масаласидан, иш-ишдан ўтиб, майдон аҳволи жаноза маросимига айланган, аммо дағалар рахм қилиш ўрнига ватан эгаларига қараб кулишар эди. Ўз халқининг малъунона ниятларини ошкора қилгандай вазифасини бажарганлар адосида ўз золим хокимига имо ва ишорат бериб севинч ила боқишар эди.

Қаҳри афғон, раҳми ўзбек деган нотўғри мақол, аслида ўзбек кахри афғон рахмидан афзал дея бўлиши керак эди. Аскарлар ҳоким амри билан 5-6 туркман ўзбекни ушлаб, гўё бу ишдан улар масъулдай калтаклашиб занжирбанд отлар думига боғланиб, ерда судралиб олиб кетилди. Шом пайтга яқин узоқларга пода ҳайдаб юрган чўпоннинг шундай овози туюларди.

Намози шоми ғариби – рух баман кард,

Сарам жилва заду ёду ватан кард.

Шу ҳақсизликлар давомида узун бўйли қорақош покиза кийимли икки афғон одам ҳоким Гулзайга яқинлашиб, ўйинбузар имоси билан ушланган кишиларни бегуноҳлиги ҳақида фикр баён килиди. Бу ҳақсизликни коралаб, бегуноҳ қамоққа олинганларни ҳимоя қилмоқчи бўлди. Чунки ҳодиса бутун очиқлиги билан кўзлар ўнгида жарён этиб, ошга пашша тушиб, хийла ишлатиб, айёрона амалга ошган эди. Ишни асли ва сири, албатта, бир кун фош бўлиб, ҳар миллатдан майдонга келган афғон халқи ҳижолат бўлиб қолишга ишонганлар йўқ эмас эди. Ҳоким уларга қулоқ бериб, ҳақиқатни тахқиқлаш ўрнига сўз эгаси икки афғон инсофли кишини ҳам  мутаххам қилиб, сиз қандай афғонсизларки, бегоналарга тарафдорлик қилиб келгиндиларни ҳимоя қиласизлар. Ким бўлса сизлар ўзи томорингиздаги шижоатли афғон қонига нима бўлган тўғнаб қолганми,- деб бақирди. Икки йигитдан бири, – ман Аҳмат ғилжойи яна биттаси эса ман Қодир ғилжойи дея жавоб берди. Даға ҳоким иягини ушлаб бош ирғади. Аскарлар иккаласини ҳам мужримлар қаторида қўшиб ушлади.

Нажиб афғонларга туҳмат қиляпти, бу аблаҳлар,- дея жаҳли чиқиб айблади ҳоким. Чунки у билардики ғиржойи афғонларни асли келиб чиқиши турк юрти. Туркистон охирги 250 йилда тутсоқ тутилган. Аммо асл бўлган бу халқнинг ахлоқи ва виждони ҳақ. Шиорини йитирмай ери келганда сўзини аямаган мард мусулмон кишилар эди.

ҚИСМАТ…

Жаноза тупроққа берилиб, марҳум мужоҳид Баҳодиржоннинг уч, етти, йигирма ва қирқ маросимлари номига лойиқ ўтказилди. Маҳалладаги хонадонга яқин самарқандликлар ғам ва аза ичида келажакда нима бўлишини тасаввур қилолмай суҳбат ва маслаҳатлар натижасиз қолар эди. Бебошлик, раҳбарсизлик қандайдир оғир эканлигини энди-энди пайқашиб етишган бўлиб, довдираб қолишган эди. Даға ҳоким минг бир турли баҳоналар билан, гўё Баҳодиржон оиласи-ю самарқандликларга ғамҳўрлик қилиб, ёрдам бермоқчи бўлгандай шайтоний режалар билан келиб кетарди. Келганда ҳам тўғри ҳовлига кириб борар, Машкура қизни ўпиб парда орқасидан чиқмаган Мастурахонни кўрмоқчи  бўлиб, хол аҳвол сўраб, мўралар эди. Бу харакатлардан энг кўп  Нодиржону Нурмуҳаммад безовталаниб юришса-да чора тополмай хайрон. 6 ой ўтиб кетди. Қора аза кийими ичида Мастурахон хижолат. Шу замонда даға хоким 100 бор келиб кетди. Бир марта юз кўролмай, гуё жинни бўлиб оҳ урар, хатто гўзал  кўриниши учун соч-соқол қирдириб, гўё ўзини гўзал киши санаб кўрди. Ундан ташқари иккинчи даға  хотинини ҳам талоқ қилиб, гўё Мастурахонга  «кўнглим санда» дегандай бачкана йўл ва хийлаларга бош урар эди. Қуроқ ўтган йил шу сабабли ишлар қийинлашиб, ҳоким қўлига фурсат  тушгандай кўринарди. Қиш ўтгач, маҳалладагилар бўйдоқ Нодиржонга мурожаат қилишиб, Мастурахонни ўз никоҳига олишни таклиф ва илтимос қилишди. Аммо Нодиржон унамади.Ундан ташқари шаръан тўғри бўлса-да бу иш унинг виждоний кўз қарашига ва одамийлигига баробар келмаганга ўхшар, унинг учун ўйлаб ўтирмасдан рад жавоби бериб, ҳатто бу киши  – янгаси Мастурахонга кўринмай қолди. Ана шу кунларда маҳалладагилар орасида ватан ҳасрати кучайиб, юраклар рахналашиб, Навоий, Машраб, Бобур асарларидан ғазалхонликлар бошлаб, хусусан, “Қоракўзим” куйланиб, шу пайтларда Мастурахоннинг кўзи ёшга жиққа тўлиб, ўтган яхши-ёмон кунларни ўйлаб, дунёга сиғмай кетарди. Ўшандай бўлса-да замзама билан:

Оёқ остида қолдим деб дема вой,

Бўлур чин коса кўп теп-ку еса лой.

Дея кўз ёши қиларди. Ўз-ўзига хос овоз билан бошқа ғазалларни тараннум қилиб кун кечирарди. Яна шу кунларда даға ҳоким Гулзай уст-устига совчи юбориб, ўз никоҳига кириши учун Мастурахонни безовта қилар, ҳатто агар кўнмаса, муштумзўрлик билан бу ишни амалга оширажагини сўзлаб, қудрати борлигини имо қилиб, ўз савдосига даво топмоқчи бўлар, хатто ва хатто, боғларга сув оқизган қувирларни ер билан яксон қилишни ҳам дағдаға йўлига бош уриб, қўрқитарди. Ёз ўртаси боғ сувга, меҳнатга ва пул маҳсулга муҳтож. Мастурахон бутун бу қийинчиликларнинг уддасидан қандай қилиб чиқиш йўлини қидирарди. Ундан  бошқа жуда нозик томони шу эди-ки боғнинг камида ўндан бир ҳиссаси Жиззах ва Самарқанддаги советларга қарши ер ости миллий ташкилотига қарашли. Бу хусусни Баҳодиржон дафъаларча бу омонат ишни  ўртага ташлаб ўтганди. Агарчи юборилган қуролларга Баҳодиржон ҳам ўз шахсий  пул  ва маблағдан тўлаган. Бу масала халққа маълум илгарида миш-миш мавзуи бўлмаслиги учун Баҳодиржон руҳини нотинч қилмаслик керак эди. Бир тасалли бор эдики, шу боғда камида 25 хонадан самарқандлик жон сақлар, халқнинг пули яна ўз халқига сарфланганди. Насиялар ҳужжатсиз берилган марҳумнинг вафотидан сўнг маблағлар унмай қарздор дағалар тониб, моддий қийинчилик бошланиб қолгаиди. Агар қизи Машкура бўлмаганида ўзи билиб иш қилар, аммо наиложки, қизча энди вояга етиб келмоқда, жуда ёш. Бир кун шом пайти ноқулай бир хабар маҳалладагиларнинг энсасини қотириб қўйди. Нодиржон гўё овга чиққан-у жардан юмалаб ўлган. Маҳалладагилар ва Мастурахон бу бевақт ўлимнинг сабаби жиноятчилар иши эканлигини очиқ билишарди. Чунки Нодиржон умрида бир бор ҳам овга чиқмаган. Борди-ю ҳавас қилиб эрмак учун чиққанда ҳам, қуролсиз эди-ку. Зеро, унинг қуроли Мастурахон хонасида жойда осилганча турарди. Яна бир хусус, жар томон овланадирган жой йўқ, хатто тоғ какликлари ва паррандалар дағалар қўрқусидан боғда тунашарди. Бутун уялар у томонда бўлгандаям афғонлар овга рухсат беришмас эдику. Хабар бир зумдаёқ ёйилиб, тарқаб, ҳокимнинг қанчалик золим ва айёр эканлиги яна бир бор исботланган эди. Ҳоким вақт ўтказмай Мастурани зиёрат қилиб, ғамҳўрлик билан таъзия билдирганди, хатто хар қандай кўмак учун тайёр эканлигини билдириб кўнгил олмоқчи бўларди. Мастурахон айёр ва хийлакор золим ҳокимга қуруққина ташаккур билдириб, юз бермай жўнатиб қўяқолганди. Аммо ичида бир қўрқув бор. Хусусан Машкурани ўйларди. Озгина маош билан қаноат қилиб юрган порахўр ҳоким боғни айланиб чиқар. Бу жаннат еру сув, бойликка, айниқса Мастурахонга эга бўлиб, меросга эга бўлиб қолиш, кўзи олдига намоён бўлиб, жинни мисоли куларди. Мана, Нодиржоннинг жиноятга қурбон кетганлигига қирқ кун бўлиб, бутун маросимлар бажо келтирилди ва ҳокимнинг хали идда тўлмай қилган мурожаатлари акси садо берган. Қотил ҳануз ҳам ушланмай, оқибати мажҳул “Мозори Шариф”нинг машҳур “тафт боди” (иссиқ шамол) бошлаб, ҳаво тахминлардан иссиқроқ экинлар қовжираб, сувталаб, аммо сув анчадан буён оқмайди.

Кичик сув эҳтиёжи ҳам қаршилашдан узоқ. Қудуқлардан фойдаланилмоқда, аммо етарлимас. Қувурлар атайлаб парчаланиб, сув изидан чиқарилиб, меҳнат талаб бўлиб қолган, тўғрироғи ҳоким ва миробнинг ризосига боғлиқ. Бу жиноятларнинг сабабчиси, албатта маълум, аммо қўл-оёқлар боғлиқ, чора йўқ, чунки ўз тупроқларида асир бўлган ерли халқ дағалар ҳокимияти остида эзилмоқда. Яна шу кунларда совчилар кетма-кет Мастурахонни безовта қила бошлашган. Бир кун маҳалла кексаларини тўплаган Мастурахон маслаҳат сўраб мурожаат қилганида бир кўплари қарши келишса-да, боғу роғини арзонга сотиб бошқа шаҳарларга, хусусан ўзбеклар гавжум бўлган Қундус, Хонобод ва ёки Кобул томонларига кўчишини ўйлаб қолишди. Аммо баъзилари сабр қилиб, охиригача курашишни солиқ беришарди. Аламзада Нурмуҳаммад келажакни ўйлаб, фурсат кутиб вақт қозониш учун чора кўриш кераклигини сўзлаб, эски ва янги пайдо бўлган интиқом ва ўч олиш туйғусини изҳор қиларди. Охирида Мастурахон мажбурият хонасида ёдгор бўлиб қолган шу боғу , еру, сув эгаси 150 га яқин ўз юртдошлари ҳимояси учун ўзини қурбон қилишга тайёр кўринарди. Келгуси баҳор турмушга чиқиш шарти билан бир қарорга бормоқчи бўларди. Унинг мақсади шу йил боғни сувсизликдан ўтказиб қолиш. Қандай бўлса қишда ҳовузларни қор-пор билан тўлдириб бўлса ҳам сув билан таъминлаш мумкин бўларди. Тўғрироғи ҳам ўйлаб кўриш ва ишларини режалаш учун вақт даркор. Келажак баҳор, худо меҳрибон. Балки ватан озод бўлиб, Самарқанжонга қайтиш ҳам насиб бўлиб қолар дерди Мастурахон. Самарқандиён номини абадиятгача яшатмоқ учун биргина йўл – хоким билан турмуш қурмоқ. Ўн икки йилдан бери олмаси шуҳрат қозонган. Ундан ташқари яшаб турганлар учун янги ҳужжат керак эди. Ундан ташқари жинояткор қотилларнинг ушланиш иши ва қасос масаласи ҳам бор эди. Бу ҳамма ишларни  амалга олиш учун бошқа чора ҳам йўққа ўхшарди. Бутун молу мулкка даға хоким хақдор бўлиб қолгудай бўлса нималар бўлмасди. Унинг учун никоҳ масаласи катта бир жумбоқ. Аммо шояд вазият ундай бўлмас, бутун бу ишлар учун кимга ва қаерга додлаб бориш мумкин, борганда ҳам натижа маълумку: даға дағани тишлармиди? Бор, тақдир шундай  экан, демак қулай. Мусулмончилик ҳам ўзи шундай, аммо келажакдаги қўрқинч ходисаларнинг  муқаддарот дея қаршилаш  ҳам тўғри эмас ахир.

SHARE