АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқаларга бағишланган янги китоб чоп этилди

“Niso-Poligraf” нашриётида таниқли журналист Мавлон Шукурзоданинг “Америка — Ўзбекистон алоқаларининг хронологияси. 1992—2012” деб номланган янги китоби чоп этилди.
АҚШ ва Ўзбекистон дипломатик алоқаларининг 20 йиллигига бағишланган мазкур ахборот-маълумот тўпламида икки томонлама алоқаларни ривожлантиришдаги энг муҳим факт ва рақамлар, воқеалар тизимлаштирилган, умумлаштирилган.

Китобда икки томонлама алоқалар йўналишлар бўйича, яъни сиёсий, иқтисодий ҳамда гуманитар йўналишлар кесимида келтирилади. Айрим ижтимоий-сиёсий воқеалар аҳамиятидан келиб чиқиб, кенгайтирилган ҳолда очиб берилган.

Тўпламни тайёрлашда Ўзбекистон ва АҚШ расмий шахсларининг нутқлари, миллий ва халқаро монографиялар, Ўзбекистон ва АҚШ элчихоналари материаллари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, АҚШ давлат департаменти ва таҳлил марказлари маълумотлари, Ўзбекистон Ташқи ишлар, Ташқи иқтисодий фаолият, савдо ва инвестициялар вазирликлари, “Ўзбекистон маданияти ва санъати” жамғармаси, шунингдек, оммавий ахборот воситалари материалларидан фойдаланилган.

SHARE