АҚШ кечирим сўради

Покистон Афғонистондаги НАТО кучлари учун юклар транзитига рухсат берган. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти раҳбари Ҳиллари Клинтоннинг расмий баёнотида маълум қилинади. Унга кўра, АҚШ давлат котиби Покистон ташқи ишлар вазири Хина Раббоний Хар билан телефон орқали мулоқотида ўтган йили ноябрь ойида НАТО ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган 24 нафар покистонлик аскар учун расман кечирим сўраган.
«Мен ҳалок бўлган покистонлик аскарлар оиласига ўз таъзиямни билдирдим. Биз Покистон қуролли кучлари қурбонлари учун афсус чекамиз», дейилади Ҳиллари Клинтоннинг расмий баёнотида.
Экспертлар ҳисоб-китобича, бу Шимолий таъминот тармоғи орқали НАТО юкларини транзит қиладиган давлатларга анчагина жиддий моддий зарар келтиради. Гап шундаки, Покистон орқали юкларнинг етказиб берилиши НАТО кучларига ойига 8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни тежаб қолиш имконини беради. Қолаверса, НАТО кучлари томонидан покистонлик аскарларнинг ўққа тутилиши оқибатида транзит йўлларининг ёпилиши уларга ойига 38 миллион долларга айланган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳозирга қадар Афғонистонга ер орқали етказиб берилаётган юкларнинг 75 фоизи Шимолий таъминот тармоғи орқали ўтмоқда. Шимолий таъминот тармоғидан жами юкларнинг 40 фоизи, ҳаводан 31 фоизи, Покистондан 29 фоизи етказиб берилмоқда.
Узоқ муддат давомида Покистон ўз ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишга рухсат бермасдан келаётган эди. Бу борадаги музокаралар ҳам боши берк кўчага кириб қолаётган эди. Бунда расмий Исломобод АҚШдан ҳалок бўлган аскарлар учун расман кечирим сўраш ва товон пули тўлашни талаб қилаётган эди.
Шу йилнинг май ойида АҚШ мудофаа вазир Леон Панетта “ABC News”га берган интервьюсида Покистонни товламачиликда айблаган эди. Унинг фикрича, расмий Вашингтон ажратаётган ёрдамларга қарамасдан, Исломобод ҳар бир бир юк машинаси учун 5000 доллар талаб қилмоқда. “Албатта, америкаликлар транзит учун пул тўлашга тайёр, аммо бунинг учун нархлар адолатли бўлмоғи лозим”, деди мудофаа вазири. Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг ноябрда ойида АҚШ ҳарбий учоқлари томонидан покистонлик ҳарбийлар ўлдирилгач, Исломоб транзит йўлини ёпиб қўйган эди. Ўша воқеага қадар ҳар бир юк машинаси учун Америка 250 доллар тўлар эди.

SHARE