Америкача мусиқанинг Ўзбекистон сафари

     

    Таниқли “Pine Leaf Boys” гуруҳи АҚШ Давлат Департаментининг “Маданият елчилари жаҳон бўйлаб” дастури доирасида Ўзбекистонда иккита концерт бериши мўлжалланган эди. Концертларнинг бири  26 июнда Бухородаги амфитеатрда ўтказилди. 30 июн эса Тошкентдаги “Туркистон” ёзги саройида бўлиб ўтди.

    АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси тарқатган хабарга қараганда, “Pine Leaf Boys” АҚШ Давлат Департаментининг Америка мусиқаси ва маданиятини бутун дунёга таништирувчи гуруҳ бу сафар Ўзбекистонга таклиф этилди. Ушбу мусиқий гуруҳ 2009 йилдан буён жаҳон бўйлаб ўз ижодини намойиш этиб келмоқда. Жамоа илгари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қуддус, Латвия, Дания ва Словенияда концерт дастурларини тақдим қилган.

    Машҳур Грэмми мукофотига тўрт марра номзоди қўйилган “Pine Leaf Boys” гуруҳи ўзининг кажун мусиқаси ва жўшқин ижроси билан ажралиб туради. Унинг репертуари американча кажун мумтоз куйлари ҳамда рақс залларида машҳур қўшиқларни ўз ичига олади. Гуруҳ ҳақида ёзар экан, “Нью-Йорк Таймс” газетаси “сўнгги йиллардаги энг яхши янги, ғайратли, сурурбахш кажун мусиқаси ижрочиси” деб таъриф беради.

    Иккита концерт дастуридан ташқари, “Pine Leaf Boys” мамлакат бўйлаб мусиқа мактабларида маҳорат дарслари ҳам ўтказиб, уларда Америка жанубий штатлари мусиқасининг ўзига хос томонлари хусусида маҳаллий талабаларга сабоқ беради.

    Кажун мусиқаси американча йўналиш бўлиб, АҚШ жанубидаги Луизиана штатининг француз тилида гаплашиладиган ҳудудларда келиб чиққан. Французча ва Америка жанубидаги штатлар мусиқасини уйғунлаштирган ҳолда аккордеон ва скрипкада ижро этилувчи ушбу мусиқа чин маънода Луизиана ва Америкага хосдир.

    АҚШ элчихонаси “Pine Leaf Boys”ни Ўзбекистонга олиб келишда “Ucell”, “Mix&Match” продьюсерлик маркази ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан яқиндан ҳамкорлик қилди.

    SHARE