Конгрессменнинг Тошкент сафари: Афғонистон атрофидаги гап-сўзлар

 

Маълумки, ўтган ҳафта АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси қуйи қўмитаси раиси Дэн Бертон ва конгрессмен Грегори Микс Марказий Осиёга, жумаладан, Ўзбекистонга ташриф буюриб, расмий учрашувлар ўтказди. Хусусан, АҚШ парламенти вакилларини Ўзбекистон давлат раҳбари ҳам қабул қилди.

ЎзА ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, суҳбат чоғида кенгайиб бораётган парламентлараро алоқалар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий таркибий қисмларидан бири бўлиб, ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлашда, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, гуманитар соҳалардаги кўп қиррали шерикликни, шунингдек, демократия ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Умуман, сўнгги пайтларга АҚШ сиёсий доираларининг Тошкент сафарлари бир қадар жадаллашиб қолганини кўрсатмоқда. Булар, айниқса, расмий Тошкентнинг ОДКБ аъзолигини тўхтатиш ҳақидаги қароридан сўнг янажа жонланди. Бунда, албатта, Афғонистоннинг истиқболдаги тақдири икки давлат учун музокаралар мавзуси бўлаётгани сир эмас.

Гап шундаки, 2014 йилда Афғонистонни НАТО кучлари тарк этади. Шу билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият Афғонистонда тиклаш ва ривожлантириш жараёнларига молиявий кўмакни кучайтиришни мўлжаллаб турибди. Шу боис АҚШ парламенти вакиллари Президент Ислом Каримов билан учрашув чоғида Ўзбекистон икки томонлама асосда Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмага оид, мазкур мамлакатда тинч ҳаётни тиклашга қаратилган иншоотлар қурилишида қатнашиб келаётгани ва бундан буён ҳам иштирок этиши таъкидланди.

Шу боисдан ҳам НАТОнинг Чикагода бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Амударёдаги Ҳайратон кўприги орқали афғон заминидаги ягона темир йўл линиясини барпо этганини алоҳида қайд этди. Албатта, бунда халқаро молиявий институтлар молиявий кўмак кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон пойтахт Кобулни тўлиқ электр-энергия билан таъминламоқда. Афғонистон Ўзбекистоннинг оптик толали алоқа тизимига уланган. Айни чоғда Ўзбекистон Болтиқ, Қора денгиз портларини Афғонистон билан боғлайдиган Шимолий таъминот тармоғининг муҳим йўналишларидан биридир.

АҚШ парламентарийларининг ташрифи эса бу борада Ўзбекистон позициясини чуқурроқ тушуниш, Америка ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини ҳар доим ҳар доим маъқуллайвермайдиган Конгресс хайрихоҳлигини уйғотишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Яқинда МДҲ мудофаа вазирлари кенгашида иштирок этган Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Рустам Ниёзов Термиздаги ҳарбий базадан НАТОга аъзо давлатлар учун транзит сифатида фойдаланилишини маълум қилган. “Транзит масаласига келсак, у БМТ қарорлари доирасида амалга оширилади ва биз уни амалда рўёбга чиқарамиз”, деб қайд этган.

Сарвар Ўрмонов (ЎзА) олган сурат.

SHARE