Вадим АБРАМОВ: «Миржалол Қосимов халқимизнинг орзусини амалга ошириб, жамоамизни Бразилия сари етаклай олади…»

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи алмашганига ҳам роса бир ой бўляпти. Кечувда отлар алмашинуви рўй берганидан кўп ўтмай Польша ва Украина яшил майдонларида Евро-2012 баҳслари бошланди.

Бош мураббий ўзгаришини катта воқейлик сифатида қабул қилган футболимиз оммаси «кичик жаҳон чемпионати» сабаб бироз чалғиб, таъбир жоиз бўлса, овуниб қолди. Июль ойининг илк куни футбол спектакллари ўз якунига етди ва энди футболимизда бўлиб ўтган катта ўзгаришларни таҳлил қилсак бўлади. Кўпчиликнинг наздида, ЎФФ раҳбарияти бош мураббийни бемаҳал алмаштирди. Ҳеч бўлмаса, Ливанга қарши ўйинни бош жамоамиз Вадим Абрамов бошчилигида ўтказиши керак эди, чоғи. Зеро, қандайдир 3-4 кун ичида оламшумул ислоҳотларни амалга ошириш иложсиз нарса. Ҳаттоки, Пранделли ва Дель Боске ҳам қисқа фурсатда футболчиларни ғалаба сари етаклай олишмайди. 8 июнь куни ҳаммамиз кўрдик, футболчиларимиз майдонда кайфиятсиз ҳолда ўйнашди. Абрамовнинг кутилмаганда истеъфога чиқарилиши терма жамоа аъзолари руҳиятига жиддий таъсир ўтказгани ҳам рост. Эрон ва Ливанга қарши ўтказилган ўйинлар видеоёзувини такроран кўрсангиз, икки хил кайфият ва ёндашувга гувоҳ бўласиз. Кейинчалик қулоғимизга чалинган гап-сўзларга кўра, аксарият футболчилар ҳам Вадим Карленовичнинг термадан кетишини исташмаган… 

 Майли, бўлар иш бўлди. Халқимизда ажойиб бир гап бор: ҳар не бўлса яхшиликка. Буёғига Миржалол Қосимовга ишонч билдирамиз. Ўйлаймизки, Миржалол Қўшоқович халқимизнинг орзусини амалга ошириб, жамоамизни Бразилия сари етаклай олади. Энг муҳими, федерация вакиллари ва мухлислар терма жамоамизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришса, бўлгани.

Вадим Абрамов ўтган бир ой давомида даволанди, муолажалар олди. Икки йиллик фаолияти давомида ҳам миллий, ҳам олимпия жамоамизда ишлаб, бунга вақт тополмаганди. Мана, куни кеча Вадим Карленович билан учрашиб, ундан эксклюзив интервью олдик. Олдинга ўтиб шуни айтиш керак, Абрамов суҳбатга осонликча розилик бермади.

 – Вадим Карленович, ўтган вақт мобайнида ортга назар ташлаб, терма жамоадаги фаолиятингиз хусусида қандай хулосалар чиқардингиз?

– Ўзим учун баҳо бериш нотўғри бўлса керак. Бу хусусда тегишли кишилар фикр билдиришгани маъқул. Улар бу борада ўз хулосаларини беришар ҳали? Лекин шуниси аниқки, фаолиятим давомида вазифамга виждонан ва ҳалол муносабатда бўлдим. Ҳар икки жамоамиз ўйинларида стадион мухлислар билан тўлди. Бу бежиз эмас. Футболчиларимиз кўрсатган ўйин маъқул келганки, улар стадионга тушишган. Ҳозир ўша пайтда берган ваъдам устидан чиқолмаганимдан афсусланяпман. Зеро, жамоамизни Олимпиадага олиб чиқишга сўз бергандим. Минг афсуски, ўз қўлимизда турган Лондон чиптасини БААлик футболчиларга топшириб қўйдик. Бу мағлубиятда барча айбни ўз зиммамга оламан ва яна бир бор мухлислардан кечирим сўрайман. Миллий терма жамоамизда эса ҳали имкониятлар етарли. Ишлар тўғри йўлга қўйилиб, барча ягона мақсад сари интилса жамоамиз, албатта, ЖЧ-2014га боради. Балки менинг истеъфом термамиз фойдасига ишлар? Умид қиламанки, ҳали жамоамизнинг ёрқин ўйинлари олдинда.

– Кўпчиликнинг фикрича, айниқса, футболчиларни руҳий жиҳатдан тайёрлашда кучлисиз. Устун жиҳатингиз сифатида ҳам айнан шу хусусият тилга олинади. Бу фикрларга муносабатингиз ?

– Футболчиларни ўйинга руҳан шайлантириш мураббийликнинг бир бўлаги. Лекин асосий жиҳат эмас. Футбол – жамоавий ўйин. Йигитларни учрашувга бирдек тайёрлаш жуда мушкул. Бугунги кунда Испания терма жамоасида ана шундай мукаммалликни кўриш мумкин.

Тан олиш жоиз, жамоавий ўйинни шакллантирдингиз, футболчилар тўпни ўз назоратларида ушлаб туришни яхшигина ўзлаштиришди. Кўпчилик таъкидлаганидек, жамоамиз ўйинида «Барселона» услуби кўзга ташланди…
– Такрор айтаман, қилган ишимга ўзим баҳо беролмайман. Бизда кучли мутахассислар етарли. Улар жамоадаги фаолиятимга холис муносабатларини билдиришлари мумкин. Айримлар мени кучли руҳшунос дейишди, баъзилар футболчилар ёрқин ўйин намойиш этадиган ёшга етиб келишгани учун ижобий натижалар қайд этилганини таъкидлашди. Билмадим, бу мавзуда гапиришга қийналаман. Далага экин эккан деҳқон қачон ва қандай ҳосил олишини тахминан билади. Лекин футбол ҳосил майдони эмас-ку! Бир нарсани аниқ айта оламан, бугунга келиб бинойидек жамоа шаклланди. Ваҳоланки, мен иш бошлаган пайтда терма жамоамиз дунё рейтингида 108-ўринда бораётганди. Қисқа фурсат ичида рейтингда сезиларли юксалиш бўлди. Бу ҳам эътиборга молик ҳолат, назаримда. Ўйлашимча, ўзимдан ёмон жамоа қолдирмадим. Фақат бошланган ишни охиригача етказиш керак. Фурсатдан фойдаланиб, бош жамоамизга омад тилайман. Эрон билан ўйинда бизга айнан шу нарса етишмади, қолаверса, ҳакам ҳам ғалаба қозонишимизни истамади…

 – Истеъфодан сўнг ўз хатоларингизни таҳлил қилиб кўрдингизми?

– Камчиликсиз иш бўлмайди. Инсон зоти борки, адашади. Биз нима учун Лондон Олимпиадасига чиқолмаганимизни биламан. Келинг, шу сабабни ошкор қилмай ўзимда олиб қўяй. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Агар терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритса, демак, барча айб менда бўлади. Яъни федерация раҳбарияти мени истеъфога чиқариб, тўғри йўл тутган ҳисобланади.

– Федерация раҳбарияти билан ўртангизда муносабат қандай эди?

– Аниқ айтаман, истеъфомга қадар аъло бўлган. Бундан буён қандай бўлишини билмайман. Юқорида айтдим, ўз вазифамни ҳалол ва виждонан бажардим. Ўтган вақт мобайнида ҳеч бир футболчи билан фикримиз турлича чиқмади. Ким билан ишламайин, ўзаро тил топишда қийналмадим. Шу ўринда футболчилар, мураббийлар штаби, шифокорлар ва массажчилар – ҳамма-ҳаммага ҳамкорликдаги иш учун миннатдорчилик изҳор қиламан.

– Лекин барибир сизнинг истеъфонгиз кутилмаганда рўй берди. Эрон билан ўша ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳали ҳаммаси яхши бўлиши, кейинги баҳсларда йўқотилган очколар ўрнини тўлдириб олишимиз ҳақида гапиргандингиз. Тўғрими?

– Ҳа, ҳақиқатан ҳам федерация раҳбариятининг бундай қарорини кутмагандим. Шуни маъқул кўришибди, демак, қандайдир асослари бўлса керак. Ташқаридан қараганда, ҳар доим вазият яхшироқ кўринган.

– Футболчиларни ўйинлардан кейин моддий жиҳатдан руҳлантириш масаласида ҳам турли гап-сўзлар урчиди…

-Шундай йўл тутгандимки, терма жамоада пул масаласи кўтарилмасди. Бу нарса биринчи ўринда турмаган. Футболчиларнинг ягона орзулари ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритиш эди. Бор гап шу. Бу мавзуда тўлиқроқ маълумот олиш учун яхшиси, футболчиларнинг ўзларига мурожаат қилинг.

 – Икки терма жамоада ишлаш сизни чалғитиб қўймадими?

– Йўқ. Агар Олимпиада йўлланмасини қўлга киритганимизда, ишончим комилки, бу савол бугун кўтарилмасди. Агар яна шундай имконият берилса, икки жамоада ишлашдан воз кечмасдим. Эътибор беринг, олимпия ва миллий жамоада қанча футболчи ўз дебютини нишонлади. Японияга қарши учрашувда 3-4 нафар олимпиячи ҳаракат қилди ва тарихга кирди. Мен ўз қарорим билан авлодлар алмашинуви вақтида кучсизланишнинг олдини олишга уриндим. Нима бўлса, ўзбек футболи ривожи ва эртанги кунини ўйлаб қилдим. Айтганча, олимпия жамоасидаги ишим учун маош олмаганман. Фақат миллий жамоадагисига ҳақ олардим.

– Бир вақтнинг ўзида ҳам клуб, ҳам терма жамоада ишлаш ҳақида нима дейсиз?

– Бунга турлича ёндашиш мумкин. Шуниси аниқки, клуб ва терма жамоада ишлаш умуман бошқа-бошқа масала. Бир-биридан кескин фарқ қилади. Ҳар иккисида ишлаб кўрганим учун фикр билдиришга ўзимни ҳақли, деб ўйлайман. Мисол учун, Англия, Испания каби кучли чемпионатларда клуб мураббийларининг бир вақтнинг ўзида терма жамоада ҳам ишлашлари мантиққа тўғри келмайди. Чунки терма жамоа бош мураббийида танлаш имконияти юқори. Беш кун олдин жамоага номзод футболчиларни бир жойга йиғиб, тегишли кўрсатмаларни бериши мумкин. Шундай давлатлар борки, бунинг умуман акси. Ички чемпионатда рақобат кучли эмас. Тайёр футболчини ўйнатиш ҳар доим осон бўлган.

– Легионер ва маҳаллий футболчилар терма жамоа ихтиёрига турли жисмоний тайёргарлик ҳолатида етиб келишган. Сиз ҳам бу борадаги номутаносибликка дуч келдингизми?

– Табиийки, бундай ҳолатлар бўлиб туради. Агар жамоангиз тўғри ўйнаса, камчиликлар кўзга кўринмайди. Бир футболчининг хатоси ёки сустлигини қолганлар ёпишади. Мабодо салбий натижа қайд этилсачи, бунда барчаси кўзга ташланиб қолади.

 – Терма жамоадаги фаолиятингизда сизга ҳеч ким ишлаш учун халақит бермадими?

– Йўқ. Лекин айрим ташкилий масалалар яхшироқ бўлиши ҳам мумкин эди.

Максим Шацкихнинг ўйинларини, ҳатто Киевга бориб, кўриб келган эдингиз. Умуман, терма жамоамиз фахрининг кейинги фаолияти ҳақида нима дея оласиз?

– Макс бой тажрибага эга футболчи. Бугунги кунда унда бор тажриба ҳеч бир футболчимизда йўқ. Мен буни ишонч билан айта оламан. Шацких жамоанинг кенгайтирилган таркибига киритилган ва ҳатто Эрон билан ўйинда майдонга тушиши керак эди. У билан бу мавзуда кўп гаплашдим. Афсуски, бироз бетоб бўлиб қолгани боис Тошкентга келолмади. Ундан кўп нарсани кутгандим. Балки ўша куни Максим майдонга тушганида, ўйин бошқа ҳисоб билан якунланармиди? Айнан Шацкихдаги тажриба лоақал битта ҳужумдан самара чиқаришимизда асқотармиди? Футболчининг ёши ўтгани сайин тезлиги пасайиши аниқ, лекин фикрлаш ва тўғри қарор чиқариш масаласида аксинча, янада юксалади.

– Ўзингиз ишлаган пайт асосида рамзий терма жамоани айтиб бера оласизми?

– Ҳамиша рақибга қараб таркиб ва тактика танладим. Жароҳатлар ва йўқотишсиз бўлган ўйинларда бошланғич таркибни аниқлаш қийин кечмади. Ҳозир рамзий терма жамоани айтсаму, бирор футболчи четда қолса, мендан ранжиши мумкин. Шу боис номларни санашдан ўзимни тияман.

– Гуруҳдаги ҳолатдан келиб чиқиб, терма жамоамизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

– Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Чунки айрим жамоалар 2тадан, баъзилари 3тадан ўйин ўтказишди. Ҳали олдинда 7та тур учрашувлари бор. Бизда ҳамиша охиригача имконият сақланиб қолган. Гап бундан қай даражада фойдаланишда.

– Жанубий Корея – гуруҳ фаворити, қолган жамоалар иккинчи йўлланма учун кураш олиб боришади. Бу фикрга қўшиласизми?

– Гуруҳнинг ҳозирги ҳолатида шундай дейиш мумкиндир? Лекин 4-саралаш босқич ўйинлари деярли бир йил давом этади. Терма жамоалар ўйинларга турли ҳолатда етиб келишади. Бу клуб эмас-ку. Шу сабабдан олдиндан хулоса чиқариш нотўғри. Кейин Жанубий Кореяни енгилмас жамоа, деёлмайман. Корейслар олдинги раундда Ливанга имкониятни бой беришганди. Демак, бу жамоани енгса бўлади. Бугунги кунда Осиёнинг энг кучли жамоаси – бу Япония. Қитъанинг амалдаги чемпиони корейслардан бир бош баланд. Мантиқий олиб қараганда, Қатар, Ўзбекистон ва Эрон иккинчи йўлланма учун кураш олиб бориши керак, дарҳақиқат. Лекин келинг, бундан яхшироғига ҳам умид боғлайлик.

 – Вадим Карленович, Тожикистон терма жамоасига қарши кечган учрашувда футболчиларга ата-йин сариқ карточка олишни сиз айтганмидингиз?

– Ҳа, буни инкор этмайман. Менинг ўрнимда бошқа мураббий бўлганида ҳам шундай йўл тутарди. Терма жамоамиз фойдасини кўзлаб, шундай қарорга келгандим. Лекин футболчилар оддий вазифани эплаб бажара олмадилар. Бир хил кўринишдаги хатони такрорладилар. Ҳеч бўлмаса, рақиб футболчисини тўхтатиб қолиш эвазига қоида бузиш мумкин эдику! Шунчалик билинтириб қўйишдики, буни ҳатто стадиондаги оддий мухлис ҳам англаб етди. ФИФАнинг махсус бўлимидаги футболдан анча йироқ бўлган инсонларнинг қароридан мен ўша пайтда «шок»ка тушиб қолгандим. «Ҳалол ўйин» қоидалари бузилганмиш. Нима учун ФИФАдагилар тўп қўл билан дарвозага киритилганда ёки тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтган пайтда жим туришади? Мен шу нарсага тушунмайман. Бўлмаса «Ҳалол ўйин»га қандай вазиятлар кириши ва кирмаслигини ёзиб, ҳужжатлаштириб қўйишсин. Эрон термаси билан ўйинда футболчи дарвозага кирган тўпни қўли билан олиб чиқди. Нима бундай қилишга ФИФА рухсат берганми? Бу ўша ФИФА илгари сураётган «Ҳалол ўйин» қоидаларига мос келадими? Мен шу пайтгача бирор-бир жамоанинг рақиб томоннинг тўпи дарвоза чизиғини кесиб ўтганди ёки шунга ўхшаш ҳолатлардаги иқрорини кўрмаганман. ФИФА шундай ҳолатларни ҳам жазоласин.

– Нима деб ўйлайсиз, балки ўша ташкилотда бизга қарши тиш қайраганлар бордир? Балки бу кимнингдир буюртмасидир?
– Билмадим. Бу борада бирор нарса дейишга қийналаман. Чунки аниқ далилим йўқ. Шуниси аниқки, ФИФАнинг ўша бўлимида футболдан анча йироқ одам ишлаяпти. Уни мутахассис дейишга ҳам тил бормайди.

 

– Миллий терма жамоадан кетганингизга бир ой бўлди. Ҳозир нималар билан бандсиз?

– Икки терма жамоада ишлаб, ўз соғлиғим ҳақида ўйлашга вақт бўлмаганди. Ўтган вақт мобайнида керакли муолажаларни олиб, соғлиқни тиклаш ҳаракатида бўлдим. Мураббийлик жуда оғир касб. Айниқса, миллий терма жамоада ишлаш жуда мураккаб иш. Буни захира ўриндиғида ўтирган инсонлар яхши билишади. Бутун халқнинг нигоҳи сенга қаратилган бўлади. Бу жуда катта масъулият. Ҳар бир мураббийнинг қисматида истеъфо бўлади. Ўзи мураббийлик биров миннатдор бўладиган касб эмас. Ғалаба футболчиники, мағлубият эса мураббийники бўлиб келган. Бундан қочиб қутула олмайсиз. Ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юради. Жамоангиз зафар қучса, сиз қаҳрамонсиз. Акси бўлса-чи, унда сиздан бахтсиз инсон йўқ.

– Сиз учун бегона бўлмаган «Локомотив» клубидан таклиф тушса, уни қабул қилармидингиз?

– Ҳали таклиф бўлмади. Шу боисдан бу ҳақда гапириш ўринли бўлмаса керак. Агар таклиф тушса, кейин бу ҳақда ўйлаб кўраман.

– Араб жамоаларидан, хусусан Қувайтнинг «Ал-Қодисия» клубидан чорлов бўлган экан. Шу ростми?

– Ҳа, рост. Таклифлар етарлича бўлди. Лекин мен ҳозир араб жамоаларида ишлайдиган ёшда эмасман. Бироз ёшим ўтганидан кейин бундай таклифларни кўриб чиқсам бўлади. Кейин иссиқ иқлим шароитида ишлаш жуда мушкул. Тил масаласида ҳам муаммолар юзага келиши мумкин. Бошқа томондан, ҳамма нарсани пул ҳал қилади, деганлар янглишади. Пулдан ҳам муҳимроқ бўлган нарсалар бор. Ҳозир эса нисбатан юқорироқ савиядаги жамоаларда ишламоқчиман. Ўйлашимча, бу қўлимдан келади.

– Аниқ таклифлар борми? Клубларнинг номини айта оласизми?

– Таклифлар етарли. Фақат мен уларни қабул қилмаяпман. Нимасидир тўғри келмаяпти. Бу жамоаларни номма-ном санашдан ҳеч қандай фойда йўқ. Бу мантиқсизлик бўлади.

– Фаолиятингиздаги энг яхши ва аксинча ёмон таассуротлар қолдирган ўйинларни айта оласизми?

– Осиё кубоги-2011нинг очилиши учрашувида майдон эгаларини ишонч-ли тарзда мағлубиятга учратганимизни эсдан чиқармайман. Бу ўйиндаги ғалаба биз учун жуда муҳим эди. Айнан шу уч очко кейинги баҳсларда футболчиларни руҳлантириб, ғалаба сари етаклади. Йигитлар ўз кучларига ишона бошлашди. БАА олимпиячиларига қарши кечган ўйинни ҳам унута олмайман. Ўша баҳс олдидан олдимда иккита йўл бор эди. Бири ғалаба қозониб, қаҳрамонга айланиш, иккинчиси… буни айтмасам ҳам ҳаммага аён.

 – Терма жамоанинг кучи қайсидир маънода миллий чемпионат савиясига қараб аниқланади. Шу нуқтаи назардан ички биринчилигимизнинг бу йилги савияси ҳақида нима дея оласиз?

– Ярим ҳимоя чизиғига қараб жамоанинг қандай кучга эга эканлигини айтиш мумкин. Терма жамоа кучини эса сиз айтгандек, ички чемпионатга қараб баҳоласа бўлади. Осиё кубогидан сўнг миллий чемпионатимиз «юлдузлари» хориж клубларига йўл олишди. Назаримда бу ҳолат чемпионатимизни камбағаллаштириб қўйди. Бошқа футболчиларга ўзларини кўрсатиш учун имконият юзага келгандир, лекин савия барибир тушди. Клубларимиз томонидан олиб келинаётган легионерлар эса чемпионатда рақобатни кучайтирадиган даражада савияли эмас. Бугунги кунда терма жамоамизнинг асосини хориж клубларида тўп тепаётган легионерлар ташкил этади. Демак, миллий чемпионатимизда ўша легионерларимизга рақобат қила оладиган футболчилар деярли йўқ.

– Айрим мутахассисларнинг фикрига кўра, ўтган йили совринли ўринларни бўлишиб олган учта гранд жамоамиз ўйинида пасайиш кузатилган ва бу ҳолат ҳам ички биринчилигимиз савиясига таъсир ўтказмоқда…

– Бу масалани муҳокама қилиш менинг ваколатимга кирмайди. Балки ўзига яраша муаммолари бордир.

Евро-2012 сизда қандай таассурот қолдирди?

– Шахсий фикрим, менга кўпроқ Осиё чемпионати маъқул келганди. Бугунги кунга келиб Осиё ва Европа футболи бир-бирига анча яқинлашиб қолди. Тенглашди, десам бироз муболаға бўлади. Испания терма жамоасини камида финалга етиб боришини айтгандим. Германия ярим финал босқичида Италиядан ўта олмаслигини ҳам башорат қилгандим. Кўпчилик устимдан кулганди. Агар финалда Пранделли шогирдлари ғалаба қозонганида, бу кутилмаган воқейлик бўларди. Фикримга Италия терма жамоаси мухлислари қўшилмаслиги аниқ.

 – Вадим Карленович, қарши бўлмасангиз, сизнинг болалик йилларингиз, футболчилик даврингиз хусусида гаплашсак. Чунки бу ҳақда кўпчилик билмайди. Тошкентга келиб қолишингиз тарихи қандай бўлган?
– Ўзим Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида туғилганман. Маҳаллий «Нефтчи» клубида футболнинг илк сир-асрорларини ўргандим. Марказий ярим ҳимоячи амплуасида ўйнардим. Мамлакат ўсмирлар терма жамоаси шарафини ҳимоя қилдим. 1979 йили Украинанинг Симферополь шаҳрида ўтказилган «Умид кубоги»да кейинчалик машҳурлик чўққисига кўтарилган Черчесов, Михайличенко каби футболчиларга қарши тўп тепдим. Бу турнирдан сўнг Украинада қолдим. Симферополь ва Севастополь шаҳри жамоаларида маълум муддат ўйнадим. Кейин Одессада ҳарбий спорт клубига ўйнаб беришим керак эди. Лекин бу ўтиш амалга ошмади. Икки йил Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтадим. Ўша пайтда Тошкентга илк бор келгандим. Ҳарбий хизматдан сўнг яна футболга қайтдим. Ортиқча вазндан халос бўлиш учун машғулотларга зўр бердим. Бу орада Евгений Валицкий мени «Наримоновчи» жамоасига таклиф қилди. Ўша пайда бу номли жамоа Тошкентдан чиқаверишда, ҳозирги Роҳат томонда бўларди. Мен ўша клубда ўйнайман, деб ўйлагандим. 1984 йили Украинадан Тошкентга келдим. «Ўзбекистон» меҳмонхонасидан йўлга чиқдик. «Икарус» автобуслари ҳатто Украинада ҳам ҳамма жамоаларда бўлавермасди. Автобусга кўрпа-тўшаклар, ки-йим-кечаклар, керакли нарсаларни ортишди. Аввалига узоғи билан 15 дақиқада базага етиб оламиз, деб ўйлагандим. Қарасам, шаҳардан чиқиб кетдик. Йўлга тушганимизга бир, икки, уч соат бўлдики, биз юришда давом этардик.

Шунда Валицкийдан ҳайрон бўлиб сўрасам, у Хоразм вилоятининг «Наримоновчи» жамоасига мени таклиф қилгани, масофа 1200 километрни ташкил этиши, эртага эрталаб жамоа базасига етиб олишимизни айтди. Ўша ерда роса кулгу бўлди. Шу тариқа Ўзбекистонга келиб қолдим ва бир йил «Наримоновчи» клуби шарафини ҳимоя қилдим. Кейин «Бўстон», «Соҳибкор», «Олмалиқ» жамоаларида ўйнадим. Маълум муддат /азалкентда тўп тепдим. Маълум сабабларга кўра, футболчилик фаолиятимни эртароқ якунладим. Бундай жамоаларда ўйнаб, терма жамоага чақирилиш қийинлигини англаб етдим. Футболчиликдан сўнг «Пахтакор» жамоасида вице-президент лавозимида ишлай бошладим. Ўша пайтда клуб президенти Доценко эди. Мен унга яқиндан ёрдам бердим. «Пахтакор» ўзини-ўзи таъминлайдиган ягона клуб эди. Биз турли шаҳарларда «Биринчи қор парчаси» номли турнирлар ташкил этардик. Россиянинг Кемерово, Новосибирск каби шаҳарларидан жамоалар ушбу мусобақада қатнашиш учун келишарди. Бу ўйинларни стадионда кўп минг сонли ишқибозлар кўришарди. Чипталар сотувидан тушган маблағ «Пахтакор» ҳисоб рақамига ўтказиб бериларди. Шу каби йўллар билан «Пахтакор» ўзини-ўзи таъминларди. Бугунги пул билан таққослаганда, тахминан миллион доллар ҳисоб рақамимизда бўлган. Клуб президенти билан шунча маблағ топардику, лекин фақат белгиланган маошни олардик. Футболчилар, клуб раҳбарлари эса ойликдан ташқари мукофот пуллари ҳам олишарди. Аҳир, бу адолатдан эмаску! Шундан сўнг бошқа лавозимга ўтдим, аниқроғи клуб маъмури вазифасида ишлай бошладим. Ўша пайтларда маъмур бош мураббийдан кейинги ўринда турарди. Ҳозир ундай эмас. Хуллас, «Пахтакор» олий лигага чиққанидан сўнг, Фарғонада селекционер, мураббий бўлиб ишладим. Дарвоқе, бу орада ярим йил футболчи сифатида Малайзия чемпионатида ўйнаб келдим. 1994 йили ҳатто Россия премьер-лигасида ҳам ўйнашим мумкин эди. Евгений Валицкий мен ва Носковни Тольяттининг «Лада» клубига таклиф қилади. Ўша пайтда Евгений Борисович «Лада» бош мураббийи эди. У ўзи билан бирга «Наримоновчи»да ишлаган Тишенко деган мураббий билан Тольятти жамоасини бошқаришарди. Аммо бу ўтиш амалга ошмади.

Кейин маълум муддат тадбиркорлик билан шуғулландим. Лекин барибир футболдан узоқда юра олмадим ва «NBU-Осиё» клубини ташкил этдик. Мен жамоада бош мураббий эдим. Андрей Микляев эса ёрдамчи мураббий. Биринчи лига йўлланмасини қўлга киритдик. Адашмасам, 7-турдан сўнг жамоадан кетишга мажбур бўлдим. «NBU-Осиё» бу пайтда лигада пешқадамлик қилаётганди. Клуб раҳбарияти билан жамоа келажаги ҳақида гаплашганимда, улар олий лигага чиқиш вазифаси қўйилмаётганини айтишди. Шундан сўнг, ҳафсалам пир бўлиб, жамоани ташлаб кетишга мажбур бўлдим. 2003 йили «Трактор» жамоасига таклиф қилишди. Ўша пайтда клуб чемпионатда энг сўнгги поғонада бораётганди. Жамоани кучлилар сафида олиб қолишнинг уддасидан чиқдик. Келаси мавсумда кучли бешликдан жой олиш вазифаси қўйилганда, кўпчиликнинг энсаси қотганди. Аммо биз вазифани ортиғи билан уддаладик. Қўшимчасига Ўзбекистон кубогининг финалига қадар етиб келдик. Кейинги йили энди 4-ўринни банд этдик. Лекин клубнинг молиявий ҳолати ҳавас қиладиган даражада эмасди. Биз футболчиларни етакчи клубларга сотиш эвазига жамоани ушлаб турардик. Асосий таъминот шундан келарди. 2007 йили олимпия терма жамоасини қабул қилишимни сўрашди. Саралаш баҳслари бошланишига бир ой вақт қолганди. Шунга қарамай, бу таклифга розилик бердим. Финал босқичига қадар етиб бордик, афсуски ҳал қилувчи ўйинларда бизга омад ва тажриба етишмади. Кейин «Локомотив» клубини қабул қилиб олдим. Мавсумни 6-ўринда якунладик. Бу ҳалигача жамоанинг энг юқори натижаси бўлиб келяпти. Миллий терма жамоага чақиришган пайтда «Локомотив» пешқадамлар сафида бораётганди. Шундай вазиятда клубни ташлаб кетишга мажбур бўлдим. Чунки ҳам клуб, ҳам терма жамоада ишлаш мантиққа тўғри келмасди. Бор гап шу. Бундан кейинги фаолиятим барчага аён.

– Суҳбатимиз сўнгида айтар сўзларингиз…

– Ҳаёт давом этади. Инсон зоти ҳамиша ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришга интилади. Олимпия терма жамоамизнинг мағлубиятида барча айбни ўз зиммамга оламан. Лекин миллий терма жамоа мавзусида бундай дея олмайман. Биз 3-саралаш босқичида ҳаммадан кўп очко жам-ғардик. Сўнгги жаҳон чемпионати иштирокчиларидан бири КХДРни ҳар икки ўйинда ҳам мағлуб этдик. Амалдаги Осиё чемпионларидан тўрт очко тортиб олдик. Эрон билан баҳсдаги натижани омадсизлик ва ҳакамларнинг хатосига йўйган бўлардим. Эронга имкониятни бой берган бўлсакда, улардан асло кучсиз эмасмиз. Ишончим комилки, иккинчи даврадаги ўйинда терма жамоамиз ўша аламли мағлубият ўчини албатта, олади. Эроннинг ўз майдонида Қатарга қарши ўтказган учрашувини кўрдим. Жамоа у даражада кучли эмас. Агар гуруҳнинг қолган ўйин-ларига тўғри тактика асосида тайёргарлик кўрилса, терма жамоамиз ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритади.

Манба: “ИнтерФУТБОЛ” газетаси.

SHARE