Алина ДАДАЕВА. Шоира, журналист. “Олтин балиқ сузгичлари остида”.

Шоира ва журналист -Алина Дадаева. Тошкент, 2011 йил.

Яқинда ватанимиз интернет ахборот манбаларининг олд хабарлари мана шундай хабар билан бошланди: “Ўзбек ёзувчиси Чикаго адабий танловининг ғолиби бўлди”. Ушбу воқеа таниқли прозаик Исажон Султонов билан учрашувимизга сабаб бўлди.

ТОНГЛАР ВА ШОМЛАР

Етмишинчи йилларнинг охирида Фарғонанинг кичкина қишлоғида ҳайратланарли воқеа рўй берди: қишлоқда адиб пайдо бўлди. Ўн тўрт ёшли. Колхоз далалари ва пахта чаноқлари ҳақида эмас, саргузашт зарбдорлари, уммонлар сирлари ҳақида ёзадиган саккизинчи синф ўқувчиси Исажон Султонов. Унинг “Профессор Вильямснинг ўлими” деб номланган ҳикояси пойтахтдаги “Гулхан” журналида босилиб чиқди. Ўзбекистон ССРнинг ўқувчилари уни олқишларга кўмиб ташлашди. “Сен билан хат ёзишишни истаймиз”, дер эдилар саноқсиз мактубларида болакайлар ва қизалоқлар. Ёш ёзувчи ҳайратда эди. Кутилмаган шуҳрат фарғоналик бу ўсмирга хуш келди, аммо бошини айлантирмади. У илк бор ўзига шундай савол бериб кўрди: “Наҳотки, энди ёзувчи бўлсам?” Ички бир овоз бундай юксак мақом учун биттагина ҳикоя камлик қилишини билдириб турарди. Яна бироз уриниш керак эди. Ва бола адиблик зарбдорлиги талабига кўра “ҳар куни, ҳар туни” ёза бошлади. Ортиқча ижод ўз ортидан ишлаб чиқариш муаммоларини келтириб чиқарди: ўсмир ёзувчини асарларини босишга шошилмас эдилар. “Гулхан” журнали сукут сақлар эди. Бу ҳолат тушунарсиз бўлса-да, қизиқишни асло сусайтирмади. Илк шон-шуҳратнинг тоза ёлқинлари сўнди, мантиқий давомини топмади, ўсмир ҳануз ҳикоялар ёзар эди. Бу орада улғайди, мактабни тамомлаб, ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга киришга ҳам улгурди.

Ана шу ерда янги палла – қайта мулоҳаза палласи бошланди

– Мен Толстойдан Ибсенгача, Гассетдан Кьеркегоргача, Камюдан Флобергача турли-туман адибларнинг асарларини ўқир эдим, – деб эслайди Исажон Абдураимович. – Шунингдек, адабиётшунослик ва фалсафа томларини ҳам ўрганар эдим. Агар назарияни пухта эгалласам, адабий асар қанақа асосда қурилишини билиб оладигандай ва тезда адибга айланадигандай туюлардим. Ўзимнинг ғўр, ёшлик нодонлиги сезилиб турган асарларимда сюжетдан фабулани, кульминациядан ечимни айиришга уринардим. Гоҳ фабула, гоҳ кульминация етишмас, бироқ, ечим ҳар доимо очиқ-ойдин эди: агар бош қаҳрамонлар ёвуз эр, бахтсиз аёл ва қари сигир дейдиган бўлсак, улардан бири – ё эр, ё хотин, ёки сигир албатта ўлар эди. Бу ҳолатни мен “маиший мавзуда ёзиш” деб атадим.

“Маиший проза” шаклида ёзган уринишларини йигитча марказий “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилишга ҳам муваффақ бўлди. Вақти келиб, Султонов ўз услубини ўзгартирганида, яъни ижодида муҳим йўналиш ўлароқ инсон тасаввурининг ва дунёни англашининг нозик қирраларини, энг оддийдек туюлган кундалик воқеа ва ҳодисалар қатидаги ғоят инжа маъноларни тасвирлаш йўлини танлаганида, ўша бахтли тасодифни “бағрикенглик” деб баҳолайди. Аммо ўша маҳалда етакчи адабий журналда нашр қилиниши ҳеч ким танимайдиган талаба учун ҳақиқий муваффақият эди. Ҳа, ҳаммаси яхши эди, бироқ иккиланиш уни сира тарк этмасди: “Наҳотки, энди ёзувчи бўлсам?”

Олий ўқув юртини тамомлагач, Исажон “Шарқ юлдузи”га ишга кирди. Таҳририят ойналари ортида машҳур 90-йиллар бошланди. Қайта қуриш тугалланаётган, янги дунё қурилишининг ниҳоясига етмаган қонунлари ортида ошкоралик, эркин ва илғор фикр илк сафларга чиқмоқда, модернизм, шу жумладан, ўзбек модернизми ҳам гуллаб-яшнамоқда, буларнинг бари ёш Исажоннинг кўз ўнгида рўй бермоқдайди. Ва кўз ўнгида.. ниҳоя топди. Адабиёт ва санъатнинг қайта туғилиши атрофидаги шов-шувлар тина бошлади. Қизиқувчилар сони камайди, оммавийлик сусайди, адабиёт идеология қаршисида бош эгди, умумий қизиқишлардан маҳрум бўлган авангард четга сурилди ва бир неча истеъдодли ижодкорлар таҳририятни тарк этишга мажбур бўлишди

Орасида Султонов ҳам бўлган ёш ижодкорлар эса уюм-уюм бегона қўлёзмалар, бўм-бўш ҳамёнлар ва тамомила ноаниқ келажак қаршисида қолиб кетишди.

– Ўша маҳаллар мен… талабалар ётоқхонасининг изоляторида яшар эдим. Ижара туриш жуда қиммат эди. Агар хона дейиш мумкин бўлса, у хонада битта эски диван ва стол борийди, холос. Ана ўша столда баъзан бир нималар ёзиш мумкин эди. Маошларимиз шу қадар оз эдики, кўпинча оч қолардик. Гоҳо бир нималар егани таниш ижодкорникига борардик, уникида ҳам ҳеч нима бўлмаса, учинчи бировникига йўл олардик. Лекин ишонасизми, бахтли эдик…

Ҳозир ҳам Исажон Абдураимовичга ўша оч-наҳор йиллар яхшидек туюлади. Бироқ, буларнинг ортидан масъулият даври юз кўрсатди. Оила қурди. Қалб бадииятни, болалар эътиборни талаб қилар эдилар. Севимли ишни тарк этишга тўғри келди. Замонавий дунёда яшаш учун”карьера қилиш” керак эди. Дипломли журналист, ёзувчи ва обрўли адабий-бадиий журналнинг ходими… чет эл фирмасида PR-менежер бўлиб ишлай бошлади. Мана шу лавозимда ҳозир ҳам ишлайди. Асарларини эса тунлари ёзади, тасаввурлар, қиёфалар болалик хотиралари билан йўғрилиб, руҳни тинч қўймайди. Шунда қалбнинг туб-тубида мусиқа пайдо бўлиб, қуйилиб келаётгандай туюла бошлайди…….Уйимизнинг орқаси томорқа. Томорқа жуда ораста, тартибли. У ерда ўйнашга рухсат йўқ. Эгатлар тўппа-тўғри, қиялатиб олинган, суғорилганида кўллаб ҳам қолмайди, оқиб ҳам кетмайди, балки эгатларни бир маромда тўлдиради. Томорқа адоғи айланасига мевали дарахтлар. Катта қизил олма, олмурут, нок, ёнғоқ бор».

«…Айвон…

Устунлар вақт ўтиши билан тўқ жигарранг-қорамтир тус олиб, узунасига ёрилган. Баъзи ёриқларида майда чумолилар ўрмалашади. Каттароқ бир ёриққа сариқ арилар ин қурган. Улар кўп эмас, саккизта ёки тўққизта. Эрталаб ҳали ҳавода нам кўп маҳали ғуж бўлиб турадилар, қанотлари қуригач, учиб кетадилар. Қаноти нам арининг ғўнғиллаши бўғиқ ва паст бўлади. Қаноти қуруқ ари зириллаган овоз чиқариб учади.».

Сийрак оқиш туман билан ўралган “қуюқ” чумоли уяси тепасида бир ўсмир эгилган. Митти, тиришқоқ, мангу меҳнатсевар махлуқлар унинг кўз олдида ҳайратангиз сафлар ва сатрлар ҳосил қилиб ўрмалашади. Ҳа, сатрлар шекилли… Чумолилар ўзлариниг азалий тартиби билан ҳаракатланишади, шу сабаб уларнинг чопқиллашлари онасининг уйқу олдидан айтадиган алласига ўхшаб кетади. Онаси чиройли алла айтади ва сўзлари ўз-ўзидан қуйилиб келади. Фақат бу ҳақда ҳеч кимга индамайди. Лекин кичкинтой ўғлининг кун келиб катта ёзувчи бўлишини ич-ичидан истайди. Бўла олармикин?  ..Чумоли сомон парчасини тушириб юборади, қум узра ипдай оёқчалари билан тез-тез қанақадир суратлар чизади.

Ўзбек адиби -Исожон Султон.

СУКУНАТ

«…Зовур ёқасига бораман, дўнгга ўтириб, сувга қараб кутаман.

Балиқ менинг келганимни сезади, лекин дарров чиқа қолмайди. Унгача ғумбалдоқ ўтига тегишаман. Гулкосаси оч яшил, қўпол, ичида кичкина нуқтачалари бор, бармоғимни тегизсам дарров гулкосасини юмиб олади. Худди кўзини юмганга ўхшайди, қўрқоқ, ҳуркак ўт у…»

Фақат эртаклардагина шундай: кўзингизни юмсангиз, олтин балиқ пайдо бўлиб, ҳамма тилакларингизни адо этади ва ҳамма нарса куппа-кундуздаги каби очиқ-ойдин намоён бўлаверади. Ҳаётда, қолаверса, адабиётда эса сира ундай эмас.

Гўё кутилган дамлар етиб келгандек эди. Ватанда эътирофга эришди, “Шарқ юлдузи”да эълон қилинган “Боқий дарбадар” романи 2010-йилнинг энг яхши романлари қаторидан жой олди ва бир қанча ҳикоялари билан биргаликда марказий “Ўзбекистон” нашриётида алоҳида китоб бўлиб босилиб чиқди. Чикагодаги “Лексикон” журнали халқаро танловининг ғолиби бўлди, мукофотга сазовор “Фарғона ҳикоялари” туркумидаги “Балиқ” (“Қисмат”) ҳикоясини чет эллик адиблар ҳам эътироф этишди, оммавий ахборот воситалари бу хабарни “тор давра”дан кенг жамоатчиликка етказди, лекин “ёзувчи бўлдимми?” деган саволга жавоб ҳануз топилмади.

Балки, бу саволга жавоб йўқдир? Ёки аксинча, жавоблар жуда ҳам кўпдир? Ҳа, Ёзувчилар уюшмаси аъзолиги ва бошқа унвонлар адиб қиёфасини белгиламай қўйганига анча бўлди. Лекин адабиёт ҳақида кўп ўйланади. Уни шарқона тарзда сирли ва тимсолий қилиб ифодалайди:

– Сизга бир идиш ва беш донишманд ҳақидаги мисолни айтайми? – кулимсирайди Исажон Абдураимович, “адабиёт нима” деган саволимга жавобан. – Биринчи киши унинг бўм-бўш эканини кўрди. Иккинчиси дедики, бу кўза бўш эмас, чунки ичида ҳаво бор. Учинчиси айтдики, бу бир нималарни солиб қўйишга мўлжалланган нарса. Тўртинчиси ҳеч нимани кўрмади. У ерда бешинчи киши ҳам бор эди. Ўша бешинчи киши адабиётдир. Айтилмаган энг муҳим гап ўша кишидан чиқса не ажаб?

Исожон Султон фарзандлари билан.

 МЕН ФИКРЛАШНИ ЎРГАНДИМ…”

Ҳа, Исажон Султоновнинг қаҳрамонлари сўзлари биланми, сукунатлари биланми… энг қийматли нималардандир: мусаффо болаликнинг соф орзумандлигидан, ўтмишнинг безовта хотираларидан, гуноҳлардану умидлардан хабар берадилар. Гуллаган ўриклар, визиллаган арилар, қаровсиз ариқлар манзараси аро ўзларининг мўъжаз, оний, деярли тасаввурий маконларини сақлаб қолишга уринадилар. Бугунги замонавий дунёга бегонадай туюладиган фарғона қишлоқларининг кўздан яширинган, лекин, барибирам унутилмаган олами… Ишончлар ва туйғулар дунёси… “Балки, оддий инсоний умид уфуриб тургани учун ҳам менинг ҳикоям америкаликларга маъқул бўлгандир? Сўзсиз, сассиз, аммо битмас-туганмас умид…» – ўйчан дейди Исажон ака.

ОЛТИН БАЛИҚ

Халқаро танловдаги ғалабаси ҳақида Султонов енгил истеҳзо билан гапиради. Чунки, ўзбек ёзувчиси учун Чикаго – ўзимизнинг вилоятларимиздан ортиқ эмас. “Ўзбекона тафаккур тарзи америкаликларни бефарқ қолдирмагани шубҳасиз ёқимли. Аммо, ҳечам шов-шувли эмас”, – деб ишонади Исажон Абдураимович. Ва, балки, у ҳақли. Адиб ўзлигига турли “ён” йўллардан ўтиб келгани ҳам шов-шувли эмас. Лекин, кўзларни алдагувчи ҳаёт долғаларига қарамасдан, ўзлигига етиб кела олиш (ёки қайтиш) деярли шов-шувли воқеадир. Чунки ҳаётда бундай ҳолатлар ҳам доим ҳам рўй беравермайди.

“Балиқ”нинг сюжети ҳақида гапирмайман. Унда кўп воқеалар бир-бирининг орасидан ўтиб келади: қадим ривоятлардан то бугунги маиший воқеаларгача. Яхши асар ҳақида гапириш керак эмас, уни ўқиш керак. Бугунги интернет имкониятлари бундай имкониятни тақдим қилишга қодир. Сўзимнинг сўнгида ҳикоядан яна бир парча келтираман:

«…Мен унинг рангини яхши кўраман.

У – товланувчан. Сувда роса чиройли кўринади, аммо сув бетига чиқса, унча товланмай қўяди. Нозик ранглари думдан бошга қараб билинар-билинмас ўзгариб боради. Қуюқ қирмизидан оч қизғимтирга ўтади, кейин эса сариққа алмашади. Сузгичлари оч қизил, қора нуқтали – сариқ ҳошияли, ёмғирда қолган капалакнинг ҳўл қанотига ўхшайди.».

Гўё кичкина сув ости махлуқи ҳақида эмас, бадиият ҳақида, адабиёт ҳақида ёзилгандай… Тасвир ҳам, моҳият ҳам ўхшаш… Адабиёт – ҳақиқатан ҳам олтин балиқдир.
Ноёбдир.
Мўъжизавийдир.

Алина ДАДАЕВА, 
“Леди” газетаси, 2012 йил.

                                                                                         

Досье: Исажон Султон (Султонов) – ёзувчи, «Todd», «Боғи Эрам», «Тилсим лашкари», «Хун», «Қисмат», «Сувдаги коса», «Авлиё», «Ориф», «Ойдинбулоқ», «Шамолли кеча», «София», «Катоблепас» каби ҳикояларнинг, «Муножот» қиссасининг, «Боқий дарбадар» ва «Озод» романларининг муаллифи. Ҳикоялари инглиз, рус ва турк тилларига таржима қилинган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

SHARE