Луиза Галиулина Олимпиада шаҳарчасини тарк этди

Ўзбекистонлик гимнастикачи Луиза Галиулина Олимпиада ўйинларидан узил-кесил четлаштирилди. Спортчини такроран допинг тестдан ўтказиш яна ижобий натижа бериб, у Лондондаги Олимпиада ўйинларидан узил-кесил четлаштирилди.

Маълумки, Халқаро олимпия қўмитаси 25 июль куни Галиулинадан олинган допинг намуна унинг организмида фуросемид (тақиқланган препаратлар сирасига кирувчи диуретик) борлигини кўрсатганини эълон қилиб, уни вақтинчалик Олимпиада ўйинларидан четлаштирган эди.

Чоршанба куни Халқаро Олимпиада қўмитаси вакили Марк Адамс такрорий тест ҳам спортчи организмида тақиқланган препарат мавжудлигини кўрсатганини тасдиқлади ҳамда Галиулина Олимпиада шаҳарчасини тарк этди.

Кўпчилик мутахссислар Луиза Галиулина Лондон ёзги Олимпиада ўйинларида яхши натижа кўрсатишига умид қилишаётганди. Афсуски, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари ва кўпчилик ўзбекистонлик спорт ишқибозлари учун ушбу “допинг” кутилмаган воқеа бўлди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, фуроцемид допинг ҳисобланмайди. Ундан қон босимини пасайтириш ва пешоб келишини яхшилаш мақсадида фойдаланилади. Аммо спорт тиббиётида бадандаги баъзи тақиқланган моддаларни яшириш учун фуроцемид қўлланилгани маълум бўлгани учун Жаҳон допингга қарши агентлиги ушбу моддани тақиқлаган, деб хабар беради ББСнинг ўзбек хизмати.

SHARE