Хориждаги ўзбеклар ҳаётидан қисса. Собир Сайҳон. “САМАРҚАНДИЁН” ҳикоясининг сўнги V қисми.

Собир Сайҳон (чапда) она Ватанда. Тошкент, 2010 йил.

Қийинчилик кунлари…

Ўзи тўғри ва диндор ота-онадан диний усулда тарбияланган ўзига ўхшаш ҳамшаҳарини Баҳодиржонга сирдош, ватанпарвар, сахий Рашидбой каби бошқа ҳамюртига кўмак учун борай деса у бечоранинг ҳам оёғи осмондан келиб, дағалар ғадру зулму туҳмату ҳақоратига дуч келиб юрибди-ку, қўлдан нима ҳам келарди. Шу эҳтимоллар Мастурахон миясини чулғаб турганда ҳокимнинг миясини ҳам шайтоний масала тинч қўймасди. Мастурахонга отахон Нурмуҳаммад деган кекса ному нишонсиз йўқолмаса бу иш амалга ошмасди дерди ўз маслаҳатчилари. Мастурахон бу хусуснинг фарқига бориб қолганди. Никоҳ ишини ҳозирчалик музлаткичда яхлатиб қўйишни уйғун кўриб, сабр қиларди. Бир куни шом пайти Нурмуҳаммад боғда ёлғиз меҳнат қиларкан тўрт томондан тўрт даға қўлларида арқон ва ўзларига хос таёқ билан яқинлашиб қолишди. Сезгир, тажрибали чол уларнинг ниятини билиб, боққа қандай киришди экан дея ўйланиб тадбир олмоқчи бўлар, бу муқаддас, хусусан она ватан парчасини афғон мулкига айлантирмоқчи бўлган тўрт бебош лаънатига дарс бериб қўймоқчи бўларди. Аммо уларни чалғитмоқчи бўлиб, «даға»лаб уларнинг тилида Шароғли деди, баланд овозда хуш келдингиз маъносида. Чунки бир эҳтимол янги кўчиб келгандир бу бедаво келгиндилар. Йўл йўқотиб адашган бўлиши ҳам мумкин, дерди баланд овозда Нурмуҳаммад. Қудуқ чархифалагига яқин қўлида янги ўткирлаштирилган бир бел бор, бу қурол бир урушда ҳар қандай кучли одамни ўлдирмай қўймасди. Унинг учун хотиржам худога сиғиниб дудоғи ўйнарди.

Дағаларнинг усти боши йиртиқ-пиртиқ, юзларини ажин босган, сочлари узун ажина сифат, сассиғи уч метрдан киши кўнглини айнитарди. Тасодифни қарангки, шу пайт маҳалла томонидан Нурмуҳаммад тоға деган овоз туйилди. Нурмуҳаммад ҳамон сабзи тўплаяпман бегона меҳмонлар бор сават олиб келиб, сабзиларни тезда олинглар, сўлиб қолмасин. Нурмуҳаммаднинг сўзларидан мақсад маълум қутилмаган хулиган меҳмонлар пайқагандай, шошиб нима қиларини билолмай тирқираб қочишга бошлашди. Зотан улар тарих бўйи қочишга уста оталарининг боласи эканликларини исботлашган эди. Нурмуҳаммад елкасида бел суқма йўллардан маҳалла дарвозасига борганда тўрт даға хачирларга миниб қочишаётганини кўрди. Вазият очиқ ҳовли томон йўналди. Кекса чол Мастурахон энди эшикни қулфлаш ниятида айвонга чиққан эди салом бериб қизи ўрнидаги покдомон, иффатли Мастурахонга воқеани батамом тушунтирди.

 Икки кун кейин ҳоким “Самарқандиён” маҳалласига ўзича «ташриф» қилиб, ўғринча боғу-ҳовли эшигига келиб мўраламоқчи бўлди. Аммо ҳовли эшиги қулф, Мастурахон йўқ. Нариги қариндошларини йўқлаб кетгандир, деди баланд овозда. Ташқари боғ дарвозасига яқин. Ўйнаб юрган болаларнинг сўзига қараганда Баҳодиржон мозоригаю ҳазрати Баҳовуддин зиёратига кетгандир. Ҳоким қутурган итдай ерида туролмай телбалашиб, ўша томон йўналди. Мастурахон қайтгач, хабарни болалар оқизмай томизмай живиллашиб сўзлаб беришди. Мастурахон йўлда йўлиқмаганлигига шукур қилди, безор бўлганлигидан. Эртаси куни икки даға Нурмуҳаммадни сўраб келишди. Мастура уларни чалғитиш учун аждод ёдгорликларини зиёрат учун Балх шаҳарчасига кетди деди. Жосуслар бу хабарни зудлик билан ўз ҳокимларига етиштиришди. Гулзай ҳоким вақт зое қилмай отига миниб ўзи ёлғиз “Самарқандиён” маҳалласига югурди. Тўғрича ҳовлига кириб парда орқасидаги Мастурага санлаб “қаерда юрибсан, ўзбошимча бева хотин, қўйган қадамларингга диққат қил. Биласанку мандан изнсиз… Мастура жаҳл билан одоб доирасида иффати билан: ҳеч кимга қарам бўлмай ўз яқинларига  фойдали бўлганлиги-ю ўзига ўхшаш ҳеч кимнинг амрида эмаслигини имо қилиб тушунтирди. Ҳоким қамчисини ерга шаққиллатиб уриб туриб, кўрасан, бир ойга қолмай никоҳимга кирасан, бўлмаса боғ суви бутунлай тўсилади, ўшанда оёғимга йиқилсанг ҳам, фойдаси бўлмайди, дея ютқунди.

Мастурахон: сув, зотан тўсиқ, деди орқасидан. Ҳоким орқасига ўгирилиб от устида: қудуқларни ҳам қуритаман, чунки у давлатга қарашли,-дея жавоб қайтарди. Шундан кейин ҳоким икки ҳафтача йўқолиб сув масаласи батамом ҳал бўлиб тўсилган эди. Ёз ўртасида боғдаги бутун сабзавот ва баъзи мевалар қахшаб хақсизликка учраган инсонлар мисоли бошлари эгилиб сарғайгани бошлади. Чунки мозори-шарифнинг тафт боди жуда иссиқ. Бу шамол оловига саксовул, нилғай ва теватикандай бошқа ўсимликлар сувсизликка тоб келтиролмасди. Меҳнат қилиб юрганлар хавотир олиб вазиятни Мастурахонга тушунтиришганда у не қиларини билолмай хайрон ташвишланарди. Ҳоким йўлиққанига бир ойча бўлди, аммо одамлар Нурмухаммадни сўраб қахшаган боғни текшириш ва меҳнаткашларнинг тақдирини излаш учун тинмай келиб кетишарди. Мастурахон руҳан жудаям чарчаган, қора кийими билан бошига ўраган гож рўмоли ва зар ковуши оёғида, айвонда турарди. Ҳануз ҳам гўзал ва назокатли.

Тўсатдан пайдо бўлиб, эшикдан мўралаган хоким манзарани кўргач, ерида туролмай маст отдай, ер тепиб, типирчилаб, кейин гаранг михланиб қолди. Зотан маҳалладош самарқандлик юртдошлар халқ учун фидокорликка тайёр, Мастурахоннинг даға хоким билан мажбуран никоҳлашмоқчи. Кўпчилик мазлумларнинг манфаати учун бир қурбон кераклигини ўйлашарди. Мастурахон салом кутмай, ҳовли дарвозаси томон йўналди. Кетда қолган хамроҳ аёллар юзларини тўсиб пана олишган. Эркаклар кутиб олишаётганда Шароғли (хуш келдингиз маъносида) овозлар билан ичлари қон йиғлаб қарши олишди. Ҳоким нозлангандай кетга баҳона билан ниманидир текширмоқчи бўлиб, қадам ташлаб бир дарахтчада сўлиб қолган мевалардан узиб татиб кўрар, афсусланибми, суюнибми ўз-ўзига ғудиллаб охирида машхур олма дарахт шохчасидан бир олма узиб, тишлаб кўриши биланоқ забт ва нафрат билан ғижиниб ерга пақиллатиб урди. Олма бужмайиб қолгани учун латта пахта мисоли кесаклар орасига тапиллаб ёпишди. Ҳоким хурсанд бўлгандай яна нима ўйлаган бўлса, иршайди. Вазият жуда муҳим.

Меҳнаткаш ишчилар моддан қийналиб қолишлари аниқ. Қарзларини тўлай олмай қийин аҳволга тушиб қолишлари эътиборларига рахна тушиб қолиши мумкин. То Самарқанд ва Фарғоналардан минг бир меҳнат билан олиб келинган кўчатлар энди дарахт бўлганда шундай аҳволга тушиб қолишига Мастурани афсуслантириб, оғир келарди. Афғон диёрида донғи таралган сариқ олтин Самарқанд олмасига сув керак, чунки бошқа ҳам жинс олмаларга қараганда беш-олти бор сувлироқ, лаззатли ҳиди бошқача, нархи камида беш баробар баланд юрар, бошқа шаҳарларга совға бўлиб жўнатиларди ва Самарқандиён боғининг биргина машҳур олмаси ягона даромад қайноғи эди. Эндигина изига ўрнатилган бу чархнинг айланишини давом эттириш Самарқандиён маҳалласини абадийлаштириш учун бир восита эди. Хаёлларга чўмиб кетди бечора Мастура. Хоким кетга қайтиб, ҳовуз бўйида турган ўрта ёшли эркакларга яқинлашиб никоҳланиши хусусини яна бир бор тилга келтирди. Улар қўллари кўксиларида бош эгиб, ҳиссизча туришар эди. Мастура манзарага гувоҳ ва андишали эди. Бир ҳафта кейин ўзини йўқотган бир ўзбек икки даға афғон узун соқолли бир домла совчи бўлиб, эшик ортидан никоҳ маҳалласини очиб, насиҳатомуз сўзлар билан Мастурахонни кўндиришмоқчи бўлишарди. Мастурахон ариқчалар тозаланиб қувурларга сув оқизиб юбориш ва Самарқандиён ёзув лавҳасини қайта тиклаш шарти билан бир ой кейин учун рози бўлиб, йиғлаб, хонага кириб кетди.

 Мастурахоннинг оёқ тираши ва синаб кўриши фойда бермай тўғрироғи виждоний масъулиятларга тоб келтиролмай қисматга тан бериб, бўйин эгишга мажбур қилганди. Еру сув ва боғнинг даромадига муҳтож бўлгани учун чорасизлик ва ноиложликка лаънатлар ёғдирар, эзилиб, хуноб бўлиб, Баҳодиржонни эслаб кўз ёши қиларди. Кундан кунга эриб чиройи секин-секин ўзгариб юзи ажинлашиб, сувсиз қолган Самарқандиён боғининг гўзал олмалари каби бужмайгани бошлаган. Ёлғиз қолган дамларда ўтган бахтли кунларни эслаб, бир жаҳон севинч, баъзан хўнграб йиғларди, хануз ҳам аза кийими кияр, хотинлигидан асар қолмай эркаклашиб, сўзлари қўполлашиб, кечалари доим қизчаси Машкуражон билан бирга ётиб шўхлик ва завқдан нафратланар, баъзан телбаларча кулар эди. Ҳатто домла ва икки шоҳид гувоҳ ҳузурида никоҳлангандан сўнг бир кун ҳам ўзига зеб бермай самарқандча кийимларини ҳам бировларга совға қилиб кундалик кир усти-боши билан кафан кийгандай кун кечирарди. Имкони борича хоким билан бир хонада ётмасдан ўшандай бўлса-да ҳоким жинни мисоли кўзига олдинги манзаралар намоён бўлиб, қутириб эру-хотин бўлмоқчи бўларди.

Бир кун хоким никохимда ва рафиқамсан, сўз бердинг, нега мени хурсанд қилмайсан, деганда: ман мусулмон қизи, мусулмонман, шаръий бутун қоидаларга бўйин эгаман. Ман сизга никоҳ учун сўз берган бўлсам, юртдошларимни ўйлаб кўндим. Лекин сизнинг истак ва орзуларингизга бўйин эгишим мумкин эмас. Шояд, сизга хизмат қила олмаган бўлсам гуноҳларимни Худо кечирсин. Мендан умидингизни кесинг. Қўлимдан келгани шу, дея эшикни тақиллатиб ёпиб, ўз хонасига кириб кетди Бу аҳвол кунлар, ойлар давом этди. Ўшанда хоким бировларга ўз сирини фош қилолмай мажбуран бир даға дўхтирга бошқачароқ қилиб мурожаат қилди. Дўхтир унга бутилкачада ҳиди келиб турган сувга ўхшаш бир дори топширди. Ҳиди камида кишини икки соат ухлатади деб тушунтирди. Ҳоким ишлар билан бўлиб кечроқ уйга борди. Эркаклик нафси унга азоб берар, уйқуси қочиб, асабийлашиб бир йўлини топиб тинчимоқчи. Ёдига дори тушиб секин эшикни очиб ёнма-ён ухлаб ётган  она қизга кўз ташлади. Ҳаво иссиқ, чарчаган Мастуранинг кечалик кийими юқорига ғижимланиб, мармар стундай икки сони очиқ, йирик кўкислари ҳар нафас олишда анордай бўртиб, ҳар қандай эркакни бошидан чиқаришга қодир. Дудоқлари қип-қизил кичиккина олтин зираклари қулоқларига ярашган. Ҳоким усти бошини ечиб ҳиндистонда тайёрланган зиғир ёғига ўхшаш сассиқ зулфибангол билан (Ҳиндистонда соч ёғи) сочини ёғлади. Кейин пахтага дори булғаб қизнинг ёнида ўйланиб тўхтади. Бир қизга яна бир Мастурага қарар, нима қилишга ҳайрон, охирида  қарор бериб, қиз бурнига дори ҳидлатди. Қиз бир-икки қимирлаб оғирроқ уйқуга толди. Кейин Мастуранинг бурнига дори тутди. У ҳам бир-икки тўлғаниб кўз очолмай чалқанча ётиб ухлаб қолди. Ҳоким қизни кўтариб нариги хонага ётқазди ва кир оқ ич кийимларини ечиб Мастурахонни ёнига қайтди ва дўппайиб ётган думбасини ва вужудини бошдан оёқ ғажигандай ўпгани бошлади. Ҳаётида биринчи бор аёл вужудини кўргандай ҳайвонлашган  кўзлари порлаб, телба мисоли ҳансирарди. Қизчани унутиб Мастурани томоша қила бошлади. Бир соатча кейин Мастурахон қўзғалиб чап томонга ўгирилди, аммо бехуш. Ҳоким юзини томга қаратиб, зудлик билан маълум амалини ижро қилиб нафас ололмай ухлаб қолди.

Мастура кўзини очмай ёнидаги қизини қучоқламоқчи бўлди. Лекин сассиқ қўланса ҳид бурнига қўполлик, сархуш вужуд юзию қўлларини безовта қилганда додлаб сапчиди. Кўз очганда иш ишдан ўтган, шайтоний нафс ғолиб келган эди. Сўкишиб йиғлади, аммо бечорани шаран ва расман даға хокимнинг заифаси ва чўриси эканлиги эсига тушиб, қизи учун хавотир олиб ён хонага югурди. Хайрият тинч омон ноз уйқуда эди. Худога шукур қилди. Чунки бу ҳайвонсифат кишидан ҳар ёмонликни кутса бўларди. Афғоннинг кўчасидан ўтаётгандай хадиксираб ғусл учун кўзи ёшли чиқиб кетди. Ҳоким уйғониб, унинг қўрқинч аҳволини кўриб, ўрнидан туриб, кир тишини кўрсатиб, зафар қозонгандай керрайиб иржайганди. Мастурахон диний усулда ювиниб ўз қора бахтига лаънат ёғдириб додлар, хаёлида доим тирик турган умр йўлдоши Баҳодиржонни эслагандай пичирларди. Ана шу баҳона бўлиб худованд бир фарзанд ато қилиб Мастура шунинг билан овора бўлиб, пешонасига ёзилган шу шум қисматга тан бериб, оналик вазифасини адо қилишга ундади. Ҳоким ўғлига афғонча номни уйғун кўрса-да аммо Мастурахон Озоджон бўлсин дея оёқ тираб ҳокимни бир йўли билан кўндириб хўжайинларга Озоджон дея яхши ният билан қулоғига азон айтишини амалга оширди. Ҳоким хай майли иккинчиси «зиморай бўлар» деса-да Мастурахон кўр хассасини бир йўқотади, қанд епсан, деган киноя билан қарши келарди. Жоҳил хоким киноя маъносидан хабарсиз ғурур билан мўйлов силаб пайт пойларди. Шундан кейин Мастура ётиб турган хонасини доим қулфлаб ётар, қизчасини қўриқлаш учун қуён уйқу билан тадбирни қўлдан бой бермасди. Хотин неъматидан қуруқ қолган ҳоким иккида бир қутургандай бемаврид гап талашиб нотинчликка сабаб бўлар. Хатто баъзан дашном даражасида Мастурахонга қочқоқ ватанфуруш ўрус, уруғи жосус, каллахом нимага, нимага келдинг ватанингдан юртингга қайт, каби бемаъни ҳақоратномуз сўзлар билан ўз жаҳолатини тобора исботлагандай бўларди. Ҳатто баъзан марҳум Баҳодиржонга лаънат ёғдириб, мусулмонлигини ҳам унутарди. Мастурахонни ўзидан совутиброқ қўяр, орада яна очилиб, бегоналашганди. Охирида бир даға ёш қизни никоҳлаб кундош ўрнида олиб келиб, Мастурахонни бахти қаро қилиб, яъни эри бор бева ўрнида қамоқхонага қўйгандай бўлди. Зотан биринчи хотини ҳам шу аҳволда умр кечирарди. Дағаларда номус талаққийси бошқачароқ, яъни тош давридаги усулларга ўхшарди.

Мастурахон Самарқанддан чиққандан буён ҳар куни эсдаликларини қаламга олиб юрар, варақ ва саҳифаларига хусуан ачинарли саҳналарни бошқача фожеали қилиб ёзарди. Айниқса, даға ҳоким билан никоҳлангандан  сўнг юзага чиққан ҳодисалар саҳифаларига аҳд ният кўрсатилган. Буни ўқиган ҳар қандай тош юракли киши  ўртанмай иложи йўқ. Аммо уни ёзиш учун қалам кучи етмай лол қолган пайтлари бўларди. Ўшандай бўлса ҳам ҳозиргача ҳеч кимга бу дафтарчани кўрсатмаган. Беш ёшларга бориб қолган Озоджон атайлаб, барало кўрсатар, илгарида ўқиб кўрар деган умид билан ўзига ва ўз жинсига яқинлашиб қолар деган ниятда ўч ҳиссини сингдирмоқчи бўларди. Озоджон ҳозиргача онасидан оз бўлсада ўқиб ёзишни ўрганган. Ҳаттоки, онасидан қизиқарли ҳикоячалар тинглаб қулоқ дингайтирарди. Кейинлари фикри етганда тарих китобларини варақлаб, ҳисса чиқариш қудратига эга бўлгандай у олти йил Азизобод кўчасидаги мозорнинг энг буюк ва машҳур ибтидойи мактабида таълим олиб, анча ўсиб, фикри очилгандай бўлди. Чунки унга ўқитувчилар бошқача қарар, у ҳоким ўғли гўё бошқалардан устунроқ туришга алоҳида аҳамият беришарди. Озоджон озган, ҳатто дағалардан кўпроқ ватан эгаси ерлик болалар билан ўртоқ бўлиб, қашшоқ болаларга совғалар бериб кўнгил оларди. Ғоят меҳрибон сўз орасида бир кун сизларни Самарқанджонга олиб бораман дея онасини қувонтириб, хайр дуосини оларди. Эркалаб самарқандлик эканлигини ғурур василаси биларди. Даға ҳокимнинг нариги хотинларидан уч ўғли бор. Ҳаммаси ҳам қиморбоз, дангаса, ҳатто ўғри. Учаласи ҳам бир пичоққа соп бўлолмай текингина қўлга кириб келган. Самарқандликлар боғида хизмат қилишни ор билишиб қочишар, доим шаҳар бангихоналарида изғиб юрар эдилар. Унинг учун ҳоким Озоджонга моддий ва маънавий боғланиб қолган. Ҳокимнинг зулми туфайли халқ шикоятлари сабабли қазохона билан боши балода. Бир неча мавзуда оқлана олмай овора. Доим ваҳима ва қўрқув ичидадир. Озоджон ўн икки ёшга кирганда афғон подшоҳи Зоҳир шохнинг хусусий мактаби бўлган ва марказ Кобил шаҳари  Болоиҳисор мавқесидаги ҳарбий мактабда ёзилган. Оз кунда кўзларга ботиб, бир маросимда подшоҳга яқин одамларга дуч келиб, кутилмаганда манзили мақсудга ва мансабга етиб борди. Ҳоким хурсанд эмас, чунки еру сув идораси учун ақлли бир бош керак. Ўзи бўлса шарти кетиб парти қолган. Ўғри ўғиллари берса ейди, бермасанг ўламан дейди.

Шуларни ўйлаб Озоджонга хат юбориб зудлик билан қайтиши учун амир ўрнида илтимос қилди. Аммо Озоджон отасига очиқ ва тўлиқ хат ёзиб отам бўлганингиз учун ҳурматингиз бор, аммо бутун ҳақиқатларни биламан. Мендан сизга хайр йўқ дея бўйсунмай жавоб ёзди. Ҳатто даға хоким Кобилга бориб дўстларига арз қилса-да қўрқувдан ўғлингизни ихтиёри ўзида дея жавоб беришарди. Бир неча бор бу аҳвол давом этди. Аммо барибир фойдасиз. Озоджон Кобулга келаркан онаси топширган ёдгор дафтарчасини авайлаб асраб кунора қайта-кайта ўқирди. Шу васила билан дурагай (метист) она томони оғир босиб, бир кун Самарқанжонни кўриш иштиёқида тинимсиз ўйларди. Афғонистонда ҳукумат ва идораларда ағдар – тўнтарлар туфайли сиёсат ўзгарган. Озоджон ҳарбий раҳбар бўлганлиги учун ҳар фикрдаги хукумат арбобларига керак. Эътибори жойида онаси билан хату китобат   узилиброқ қолган. Кўргиси келса-да Соланг номли тоғ йўлида даға ўғри қароқчилар хафи ўйлантирарди. Уч куч билан бориши мумкин. Аммо вақт тиғиз илож тополмасди. Мазори шарифда куз ойи, изғирин, совуқ. Кечқурун пайти Самарқандиён боғ дарвозасининг бир қаноти очиқ, ён хоначада тўрт беш даға қоровул посбон бор. Аммо асрлар эмас. Бошда чус дўппи, узун бўйли бир чол садақа тилаган киши бўлиб, илтижо қилар, қоровуллар масхара қилишиб гадо ўзбек дея озор беришарди. Мастурахонни ва ҳовли дарвозасини кўрсатиб, бор ўзбекларига дардангни ўқтир дейишарди. Чолнинг мақсади ҳам тезда ҳовлига етиб боришга ундагандай кўзи аланг-жаланг, чол катта қадам ташлаб дарвоза томон йўналди. Дарвозани очиб, палласи шамол сабабли баъзан жичиллаб, очилиб-ёпилиб турарди. Кўринишда эски интизом ва покизалик йўқдай ҳар томон бепарволик чулғаб олган. Чол баланд овозда вазиятни текшириб гапирганга қараганда бу ҳовли унинг учун бегона эмасди. Чол дарвозани қоқгач, ичкаридан аёл овози келди. Ким, дарвозада турган чол титраб, бир овозда мискинга бир садақа деди. Аёл ҳайрон бўлиб овозни танигандай бошқачароқ яна “ким” деди. Тиланчи яна бир бор: садақа, узоқ Талқон шаҳридан келдим, дея маъноли жавоб берди. Мастурахоннинг кўзи ялт очилди.

Аммо чиқмади, жавоб ҳам бермади, чунки даға Гулзай уйда,  яна таниб, бир кори ҳол рўй бермасин деган андишага борди. Бирпаст ўйлаб, Худо берсин деди кўнгилсизча. Эҳтиёт бўлинг, дегандай. Аммо бу сафар  эшик қаттиқ қоқилиб, шу нола мисол овоз атрофни жаранглатиб юборди. Ҳоким фарқига бориб, ки ҳасти падарлаънат вақти шом чигов ми хўри. Аммо эшик яна қоқилгач, хоким аччиқ устида нимчасини олиб дарвоза томонга югурди. Гадони кўриб, у дарғазаб, аммо негадир инсофга келиб, «йўқол» деб қўяқолди. Чол дарвозадан беш метрча илгарида дўнпайиб турган тунгакни кўрсатиб “бачем мўрт бибин соҳиб” («болам ўлиб колди, қаранг соҳиб») деди. Ҳоким Гулзай хайрон бўлиб, чириган қора тўнгакни йўқламоқчи бўлиб эгилди. Лекин жасад-масадга кўзи тушмади. Чолга қараб пешона чимириб ҳўмрайди. Шу пайт чол тақма соқолини силаб туриб хокимни масхара қилгандай кулди. Ҳоким ўзига келиб шошиб тўппочасига қўл ташлади. Ажал тўнини кия бошлади ва бир замонлар Нурмуҳаммаднинг суюкли итини отиб ташлаганини эслаб титрарди.

Нурмуҳаммад итига доим, эркалатиб «ўғлим» деб сўз қотарди. Чунки унинг ота-онаси Талқон шаҳрида туғилган ўз итчаси ҳам ўша ерда туғилиб, бу ит ҳар нарсани сезар эди. Воқеаларга гувоҳ бўлиб ҳиссини ўз ҳаракатлари билан намоён қиларди. Раъно опа қўлида Мозори шариф шаҳарида тарбияланган Нурмуҳаммад, опанинг бутун сирларидан воқиб эди. Даға ҳоким Гулзай “Наку бачэм”(«қилма, болам ») дея ялингани бошлади. Қўрқувдан қалтираб қоровулларини чақиришга ҳам жасорат қила олмай қалтирарди. Хўш, чақирганда ҳам фойдаси йўқ. Чунки посбонлар маст аласт наша чекиб ётишган. Каллаларини кессангиз хабари бўлмасди. Нурмуҳаммад соф ўзбекчада калимаи шаҳодат кетир дея ҳокимга дўқ қилди. Гўё қўрқув билмас ҳоким Гулзай барибир ялинганидан мажоли қуриган, дағ-дағ титрарди. Нурмуҳаммад илтижо қилиб гуноҳларимни кечир Художон, ман у бадбахтнинг ерига калимаи шаходат келтираман, дея пичирлаб қўлидаги тўппончадан ўқ узди. Бу Раъно учун, бу Баҳодиржон учун, бу Нодиржон учун бу «ўғлим» – итим учун дея уст-устига ўқлар узарди. Даға хоким Гулзай тўнтарилиб, боши тўнгак устида қолди. Шу пайт кўчада изма-из юрган газма (текширадиган) қуролли аскарлар овоз томон югуришди. Унгача Мастурахон энг гўзал чоғини яшамоқда бўлган қизини ёлғиз қўёлмай биргалашиб хонадан ташқари чиқиб, Нурмуҳаммадни қучиб, ҳўнграк отиб йиғлаб юборди. Онага қўшилиб қиз, унга қўшилиб Нурмуҳаммад ҳовлини азага айлантиришди. Газма қоровуллар етиб келиб, жасадга кўзлари тушди. Нурмуҳаммаднинг қўлида тўппончани кўргач, қурол ўқталишди.

Аммо она қиз Нурмуҳаммадга тўсиқ бўлиб аскарларга вазиятни уқтиришга интилишди. Бирок улар тингламай,  қуролидан ҳисобсиз ўқ узилиб, бир дақиқадаёқ ерда  тўрт золим ва мазлум, жасади биргаликда тупроқ ўпиб ётишарди. Маҳалла халқи нотинчланиб бутун Мозори шариф шаҳрини шов-шув  қоплаб зотан нотинч бўлган халқ ичига қўрқув тўлиб довдираб қолишган эди. Ҳақми ҳақсизми Худони ўзига маълум ҳар ким ўзи эккан маҳсулини яъни буғдой эккан буғдой, арпа эккан арпа ўришга маҳкум. Фақат орада йиллар Ватаним, халқим, номусим деб юрганлар қатори Нурмухаммад ҳам ўз қондошларининг қасосини олиб, кўнгилда роҳат, жон бериб худо раҳматига қовушган эди. Дағалар ҳокимсиз қолган Самарқандиён маҳалласидагилар, жафокаш, вафодор ватан ва халқпарвар Мастурахон хамда унинг қизидан ажраб қолишган. Бу ҳодиса ҳадемай Кобул шаҳридаги Озоджонга етиб борган эди. Озоджон ҳам ота-она, сингилдан жудо бўлиб, қанотсиз қушдай довдираб қолганди. Ўгай даға акаларидан хайр йўқ. Улар доим ғиллайиб қарашар, душмандан кўпроқ душманлик қилишиб, пайт пойлашарди. Чунки дағалик ахлоқи, қон ва қонларига сингиб кетган. Озоджон қўйнида она ёдгори эсдалик дафтарчасини асраб, ҳидлаб ўз аслу наслини ёт унсур ва дағалардан фарқли эканлигини бир инсонпарвар сифатида юрагига жо қилиб юришни одат қилиб олганди. У доимо  шимолий Афғонистон, яъни аслида Туркистон тупроғи бўлган томонларда вазифадор бўлишни кутиб юрарди.

Бир кун тасодиф Пулу Хумри шаҳарчаси у ердан Ойбек ва Тошқўрғон  шаҳарчасига юборилди. Қўмондонлари орасида Мозори Шариф  ўзбекларидан бир киши бор. Озоджон Самарқандиён боғидаги воқеаларни тўлиғинча тушунтирди. Хусусан охирги маълумотларини ҳам она ёдгори эсдалик дафтарчасини ҳам охирига ёзиб қўйганлигини ҳам атайлаб айтган эди. Хонобод шаҳаридаги ватанга содиқ ўзбек мужоҳидлари сафига қўшилиб, расмий ҳукумат ишидан бўшаб, тўғрироғи воз кечиб узоқлашди. Боғлари Пулу Хумри, Ойбек, Тошқўрғондаги турли мужохидлар орасида сезиларли эътибор кўрди. Асосий душман бўлган советларга қарши кураш олиб борди. Ана шу пайтлар коммунистлар мажбуран бу ерларга юборилган бир мусулмон ўзбек аскари билан танишиб сирдош бўлди. У бечора аскар ҳам қондош, ўзи шаҳрисабзлик бу ерларга нечун келиб, кимга қарши курашаётганини билолмай, ўз розилиги билан мужоҳидлар томон ўтиб, ўз қондошлари орасида хизмат қилгани бошлаганди. Чунки бу томондагилар ҳам, асли биродар ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз ва ёки туркман бўлиб, тарихий душманлари бўлган талончилар билан ёқалашиб умр ўтказишмоқда. Тўғри йўл ҳаққа тарафдор бўлиш эди. Озоджон самимийлашган дўстига ўз мақсаду ҳикоясини бекаму кўст сақламай батамом уқтирди. Биргалашиб Мозору шарифга бориб Самарқандиён маҳалласи-ю  ота-она ва яқинлари учун фотиҳа ўқитди, чунки бундан сўнгра бу маҳаллани номи яна Самарқандиён бўлиб қолиши-ю тузумнинг давоми учун дуо қиларди. Аммо бу орзу бу ерда қолганларнинг дирояти(ақлу заковати)га боғлиқ эканлигини яхши биларди. Озоджон туғилиб ўсган ҳовли ва боғни ҳам соғинч билан зиёрат қилиб опа синглисини эсларди. Афсуски, чигирткадай бостириб келган дағалар бу ерларга кўпдан  жойлашиб боғ бузуми бошлаб, бойқушхонага айланган эди. Кўчмай маҳаллада қолганларни кўз ёшлари орасида қилган дуоларига қувониб советларга қарши елкама-елка курашарди.

Ватан эгалари туркий мусулмон халқ душмани Ҳайратонгача қувиб боришган эди. Шуларнинг орасида энг фидокори Озоджон ҳам бор. Афсуски, чегарада кучли бўлган коммунист аскарлари қўлига асир тушиб, занжирбанд қилиниб Термизга юборилди. Она Ватан хаёлида юрган Озоджон шу ерда ватан хоинлиги билан айбланиб, Қизилқалъа ичида отилиб шайит қилинди, худо раҳмат қилсин! Ўлим саҳнасини кўрган қондошларининг сўзига қараганда, Озоджоннинг сўнгги ва охирги сўзи «алҳамдилуллоҳ шукур худога, она ватанда қолдим», деб ўлган экан. Шунинг билан Самарқандиён номи Мозору шариф шаҳрида афсонавий тарих бўлиб шуҳрат қозонди. У шундай улуғ афсонаки, ҳаваскор қалам  кучи тўлиғинча ва батафсил ёзишга қодир эмас.

 Бу миллий ҳикояни ўкиганлар четда  ўзини йўқотмай ва пулга сажда қилмай Ватанга кайта келолмай, мусофиротда дунёдан кўз юмганлар ва  Мустакилликни кўролмай ўтганлар ҳаккига дуо қилгайлар деган умид билан

 Собир Сайҳон

18.03.1998 й.

 Асарнинг кирилл ҳарфида когозга туширилишда ёрдамчи бўлганликлари учун Хосиятхон Каримова, Дилшод, Нигорахон, Ўлаш, Умидахоларга муаллиф миннатдорчилик билдиради!

SHARE