Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?

 Аллоҳ таоло Каломи шарифида илмнинг нақадар улуғлиги ҳақида кўп оятларни нозил қилган. Жумладан: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” мазмунли ояти каримага чуқур назар ташласак, моҳиятини тафаккур қилсак, ҳозир жамият ҳаётида имом-хатибларнинг ўрни-мавқеи катта ва масъулиятли еканини ҳис етамиз.

Дарҳақиқат, Ислом дини имом-хатиблар зиммасига катта масъулият юклайди. Имом-хатиб Аллоҳ таолонинг марҳамати ила диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлиб, улуғ устоз, мударрис ва муаллимлардан етарли ва зарур билимларни олади. Шунингдек, ибодатларни адо етишда, маросимларни ўтказишда ва динимизнинг езгу таълимотларини мўмин-мусулмонларга тўғри етказишда уларнинг муҳим ўрни бор. Лекин бу ўта масъулиятли вазифаларни диний илми йўқ, чаласавод кишиларнинг бажаришга уринишлари салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.

 

Чаласаводлар етказаётган зарарлар

 

Ҳозирги кунда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар орасида “мулла” ёки “домла” деб танилган чаласавод кимсалар зимдан фаолият олиб бораётгани кузатилмоқда. Масалани чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилсак, бу ишлар жуда хато, зарарли эканига амин бўламиз.

Чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган, тегишли ҳужжат – шаҳодатномаси йўқ, ўзини ўзи “домла” деб номлаб, шаръий ҳукмларни билмаган, ҳатто, оддий шаръий масалаларни ҳам англамайдиган ҳамда тафсир, ҳадис, фиқҳдан хабарсиз киши қандай қилиб, мавъиза қилиши ёки шаръий масала айтиши мумкин? Фиқҳ илмлари, унга доир манба ва қоидаларни билмаган киши қандай қилиб намоз, рўза, закот, никоҳ ва талоқ каби нозик масалалар хусусида сўз юритиши ёхуд фатво бериши мумкин? Бу нарсалар ақлга сиғмайдиган ишдир.

Албатта, бундай чаласавод кишилар, аввал турли жойларда ишлаган, энди узун соқол қўйиб, салла-чопон билан, бир-икки оят ёки ҳадисни ёдлаб ўзларича донолик қиладиган, ўзини “уламо” ёки “мулла” деб атайдиган кимсалар имомлик вазифаси қанчалик қийин ва масъулиятли эканини ҳис қилмайдилар.

Мўмин-мусулмонлар ҳаётига тааллуқли масалаларга чаласавод кимсаларнинг аралашуви қуйидаги жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Биринчидан, улар диёримиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли манбалардан ўқиган ёки эшитган бошқа мазҳабларга оид ёки динимиз таълимотларига зид фикрларни гапириб, мўмин-мусулмонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқаришяпти. Ҳатто айрим масалаларда ихтилоф, низо ва фитна чиқишига ҳам сабаб бўлишмоқда. Ахир, Қуръони каримда: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…”, деб очиқ айтилган-ку (Бақара, 191)!

Иккинчидан, бундай чаласавод кимсалар турли маросимларда ваъз қилиб, диний ҳукмларни нотўғри талқин этиб, қўпол хатоларга йўл қўймоқдалар. Ҳатто, бу борада бошқалар билан баҳс-мунозараларга ҳам киришадилар. Аллоҳ таоло бундай дейди: “(Ей инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36).

Учинчидан, чаласавод кишиларнинг ўзбошимчалик билан никоҳ шартларини сўраб-суриштирмай, тиббий кўрик хулосаси ва ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномасини олмаган, энг ачинарлиси, белгиланган никоҳ ёшига ҳам тўлмаган ёшларнинг никоҳини ўқиши оқибатида турли салбий ҳолатлар юз бермоқда. Масалан, она ва бола саломатлигига жиддий зиён етмоқда, улар бир умр ногирон ёки жуда заиф бўлиб қолмоқда. Агар, Аллоҳ асрасин, улар орасида ажрим бўлса, келин ўз ҳуқуқларини мутлақо ҳимоя қилолмай қолади.

Шаръий никоҳ шартларига фуқаролик ҳолатлари бўйича далолатнома ёзиш гувоҳномаси бўлишини ҳам асосий шартлардан бири деб еътироф қилиш жуда муҳимдир. Чаласавод кишиларнинг фуқаролик ҳолати бўйича далолатнома ёзиш гувоҳномасини суриштирмай, никоҳ ўқиши ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, расмий имомларнинг фуқаролик ҳолати бўйича далолатнома ёзиш гувоҳномасини сўраб, сўнгра никоҳ ўқиш, ҳуқуқий жамиятда ёш оиланинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир. Эрта турмуш қурганлар, вояга етмаганларнинг аксарияти ё ота-онасининг қарамоғида яшайди ёки турмуши дарз кетади. Бу борада ёш қизларнинг турмушдан кейинги ҳаёти нисбатан оғир кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлиги туфайли эшитадиган таънаю дашномлар охир-оқибатда унинг тинкасини қуритиб қўяди.

Тўртинчидан, чаласавод кимсалар талоқ масаласини пала-партиш ҳал қилиши натижасида эр ва хотин ўртасида қайта ярашиш имконияти йўққа чиқмоқда. Шунингдек, улар бундай нозик масала диёримизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан ҳал этилишини инобатга олмай, моддий манфаат кетидан қувиб, ўзбошимчалик билан бундай қалтис ишга қўл урмоқда. Бундан ташқари, уларнинг юртимиздаги мавжуд тартиблар ва Ислом дини талабларига амал қилмай, кўпхотинликка ҳам никоҳ ўқиши оқибатида оилалар пароканда бўлиб, болалар тирик етим қолмоқда. Бундай салбий ҳолатларни бартараф қилиш барчамизнинг вазифамиздир.

Имом-хатиб қандай бўлиши керак?

 

“Имом” арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, пешво маъносини билдиради. Шунингдек, ўзида савоб ишларни мужассам қилган инсон маъносини ҳам англатади. Демак, бир сўз билан айтганда, имом кишиларни эзгу мақсадлар сари етакловчи ва ҳидоятга йўлловчидир. Қуръони каримда айни шу маънони ифода этувчи бир қанча оятлар бор:

“Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Рабби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): “Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан”, деди…”(Бақара, 124).

“Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни баркамол адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик”(Анбиё, 72–73).

Оятлар мазмунидан шундай хулоса чиқариш мумкин, имомлик вазифаси юқори мартабадир. Иброҳим (алайҳиссалом) кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомлик вазифасини ато этган. Маълум бўладики, ҳар қандай кишига имом деб эргашиб бўлмайди. У катта синовлардан ўтган солиҳ киши бўлиши лозим. Имомнинг масъулияти ва вазифаси ҳам оғир бўлади. Имом одил, қалби пок, бутун вужуди билан кишиларга хизмат қилиши, одамлар эса унинг сўзига итоат этиши, илм соҳиби ҳамда молу дунёга ўч бўлмаслиги керак. Имомлик мансаб ҳам, лавозим ҳам эмас, у юксак мартабадир.

Қуръони карим оятларида имом яхшиликка бошловчи маъносида қўлланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шу боисдан кўп оятларда келтирилган “имом” сўзи расуллар ва пайғамбарларга йўналтирилган. Расуллар ва пайғамбарларнинг табиатида эса фақат ҳидоят, итоат, имон каби фазилатлар бор, холос.

Демак, имом ҳидоятга бошловчи ёки эзгу ишларга йўллайдиган шахсдир. Пайғамбарлар, уламолар ва солиҳ кишилар хайрли ишларнинг имоми ва пешвосидир.

Уламолар ўз китобларида имомлик масаласига махсус боблар бағишлашган. Абул Hасан Али ибн Муҳаммад Мовардий бундай деган: “Барча кишилар имомнинг фикрини қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа, имомлик уларга бир пойдевор каби бўладики, элу юрт ва дин қоидалари ўша пойдевор асосида барқарорликка эришади…”. Фахриддин Розий имом кўп кишилар орасидан танланган бир шахс эканини уқтирган.

Ибн Халдун имомлар мўмин-мусулмонлар ибодатига раҳбарлик қилиш билан бирга дунё ишларида ҳам, маданий ва ижтимоий жамиятнинг мазмун-моҳиятини тўла очиб беришда ҳам ўзига хос ўринга эга эканини баён қилган. Бу эса инсонларнинг икки дунё саодатига эришишида алоҳида аҳамият касб етади.

Аббосийлар даврида ибодатларга махсус диний таълим олган киши бошчилик қилиши белгилаб қўйилган. Шу тариқа, ушбу одат қоидага айланган.

Юқоридаги келтирилган оятлар ва фикр-мулоҳазалардан хулоса қилиб айтсак, имом – диний ўқув юртларидан бирини тамомлаган, илмли, диёнатли, яхши ахлоқли, адолатли, шариат аҳкомларига оғишмай амал қилувчи ва мамлакатдаги ислоҳотларни тўғри тушунган ҳамда диний раҳбарият тавсияси асосида тайинланган кишидир.

Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, жамиятимизда “имом” ва “имомлик” тушунчалари кўп қўлланилади. Уларни айнан инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифда белгилаб берилган кўрсатмаларга оғишмай амал қилишга чорловчи, хайрли ишларга ундовчи ва юртда кечаётган ислоҳотларни онгли тушунувчи киши маъноларида ишлатамиз.

Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда, имомлик нафақат диний, балки дунёвий, ижтимоий мазмунга ҳам эга эканини эътибордан чиқармаслик керак. Ҳақиқатан ҳам, “имом” сўзи ижтимоий жараённинг бориши ва йўналишига ҳисса қўшувчи, халқ пешвоси деган маънони билдиради.

Мамлакатимизда имом-хатибларнинг ҳар томонлама намунали бўлишлари ва улар мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини тўла қондиришлари борасида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Аввало, улар диний ўқув юртларида ўқитилади. Сўнг билим-кўникмаларини мунтазам ошириб боришлари учун Президентимиз ташаббуслари билан Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилган.

Юртбошимиз ушбу марказда имом-хатиблар билан учрашиб, жумладан, бундай деганлар: “Имомлар ҳар доим халқ ичида бўлиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросларини, муборак Ислом динининг асл мазмун-моҳиятини, Қуръони каримдаги юксак ғояларни, айниқса, ақидавий масалаларни чин маънода кенг халқ оммаси онги ва қалбига тўғри ҳолда етказадиган, уларни ҳидоят йўлларига бошлайдиган масъул кишилардир”.

Ҳозирги давр имомлари нафақат диний, балки дунёвий билимларга ҳам эга бўлишлари лозим. Улар бундан ўн беш, йигирма йил аввалги имомлардан тубдан фарқ қилиши керак. Истиқлол ва замон талаби шуни тақозо этмоқда. Шунинг учун ҳам имом ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини ошириб бориши зарур. Шунингдек, мамлакатимизда кечаётган турли ислоҳотлар, воқеа ва ҳодисалар, халқаро ҳаётдан доимий равишда хабардор бўлиши ҳамда буларни кенг халқ оммасига тўғри етказиши керак. Шундагина имом ҳақиқий пешво мақомини олади ва халқ ҳурматини қозонади.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари имом-хатиблар ҳақида қуйидаги фикрларни айтадилар: “Мўмин-мусулмонлар учун имом-хатибнинг ҳар бир сўзи ва иши ибратдир. Шунинг учун имомлар жамоат жойларида, халқ ичида намуна бўлишлари лозим. Ҳаёт шундай, оддий одамда ҳар қанча камчилик бўлса, бошқалар унга катта эътибор бермайди. Аммо элга панду насиҳат қиладиган имом-хатибларда андак нуқсон сезилса, халқ кўнглида, бу имом оммани бир ишга даъват қилар экан-у, ўзи бошқа ишни қиларкан, деган шубҳа пайдо бўлади. Шунинг учун имом-хатиблар барча яхши ишларда намуна, камтарлик, сахийлик каби фазилатларга эга бўлишлари лозим”.

Ахборот ва глобаллашув замонида хизмат қилаётган барча имомлар халқ орасида янгиликлардан вақтида хабардор, кишиларнинг муаммо ва ташвишларига ҳамдард бўлган ҳолда ўзларининг маърифатлари, илму ирфонларини муттасил равишда бойитиб боришлари керак.

Масжид имоми вазифалари

 

Масжид имом-хатибининг руҳий-маънавий ҳаётда ўзига хос ўрни бор. Масжиддаги тартиб, файз, аҳил-иноқлик имом-хатибга боғлиқ. Имом масжид қавми маънавий тарбияси, одоб-ахлоқ, барча инсоний фазилатлар билан зийнатланишида уларга асосий кўмакчи ва холис хизматчидир. Имом бор вужуди, ихлоси билан икки дунёда саодат аҳлидан бўлишлари йўлида, уларни юксак одоб-ахлоқ, чиройли амалларни қилишга, адолатли ишларга, фойдали илм-маърифат ўрганишга, инсоний маданият ютуқларидан ижобий суратда истифода этишга, ҳар бир кишини ота-она, оила, фарзанд, қавм-қариндош, жамият аъзолари ўртасида тинч-тотув, дўстлик, ўзаро ҳурмат ва муҳаббат руҳида яшашга чорлайди. Албатта, бу ишларни яхши адо этишда имомнинг малакаси, қобилияти, ўз устида мунтазам ишлаши ҳамда кечаётган воқеа-ҳодисалар, айниқса, дунёнинг глобаллашув жараёни натижасида вужудга келаётган ўзгаришларга муносабати, таҳлили ва ёндашуви ниҳоят даражада муҳим аҳамият касб этади.

Шунинг учун ҳам имомдан улуғ вазифа – минбар, меҳроб масъулиятини бор вужуди билан ҳис етиши талаб этилади.

Муҳтарам имом-хатибларимиз, меҳроб ва минбар меросхўрлари ўзларининг жамиятда тутган ўринларини ва масъулиятларини яхши билишлари керак. Улар диний ва дунёвий билимлари, маълумотларини узлуксиз янгилаб боришлари, ўқиш ва ўрганишдан асло тўхтамасликлари лозим. Зеро, илму маърифат қирғоғи йўқ буюк уммондир.

Имом-хатибнинг ҳафталик жума мавъизасида уни эшитувчи намозхонлар савияси юқорилиги, уларнинг маданияти тараққий топгани нуқтаи назаридан ҳам кўп мутолаа қилиши, диний ва дунёвий, тарихий, инсоний ва бошқа маърифатлардан ҳам яхши маълумотга эга бўлиши талаб этилади. Имомга бу ишларни амалга оширишида, чуқур билим соҳиби бўлишида, албатта, унинг холис нияти ва ихлоси асосий таянч ҳисобланади. Имомнинг ҳар бир айтган сўзи эшитувчига етиб бориши ва унинг қалбида маҳкам ўрнашувида бу икки омил муҳимдир.

Имомнинг айтган гапи ўзининг сурати бўлиши, юксак одоб-ахлоқини акс эттириши керак. Бунинг акси бўлишидан Худо асрасин! Зеро, бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Ей имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсизлар?” (Саф, 2)

Шундай экан, бугунги кун имомлари зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда диний маърифатни оммага етказишлари, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишлари, Ватан равнақи, юрт тинчлигини таъминлаш ва халқ фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишлари зарур.

Муаллиф: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари Айдарбек Тулепов

манба: 12.uz янгиликлар агентлиги

SHARE