Ўзбекистонлик мусулмонлар Умрага жўнаб кетишмоқда

Жорий йилнинг 30 июлидан 14 август кунига қадар ўзбекистонлик зиёратчилар Рамазон ойидаги (2-босқич) умра сафарини адо этадилар. 30 июл куни зиёратчиларнинг 170 нафардан иборат дастлабки гуруҳи Умра сафарига кузатиб қўйилди, деб хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.

Зиёратчилар Макка ва Мадина шаҳрида умра ибодатларини адо этадилар. Зиёрат 10 кунни ташкил этади (Мадинада 4 кун, Маккада 5 кун, Жиддада 1 кун). Ўзбекистонлик зиёратчиларни жойлаштириш учун Мадина шаҳрида “Масжиди набавий”дан 25 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли “Марказ ат-Тоййиба” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса “Ҳарам масжиди”дан 1000 метр узоқликдаги “Марказ ал- Мавадда” меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган. Зиёратчилар ибодати, овқатланиши (ифторлик, саҳарлик), уларга тиббий хизмат кўрсатиш, кузатиш ва кутиб олиш бўйича барча шароитлар яратилган. Умра зиёратидан фуқароларимизнинг қайтиши 9 август кунидан 25 август кунига қадар амалга оширилади.

Зиёратчиларнинг Тошкент аеропортидан кузатиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирликлар ва идоралар ходимлари (Умра ишчи гуруҳи) билан биргаликда уюшган ҳолда амалга оширилмоқда. Рамазон умра зиёратида жами 2000 нафар фуқароларимизнинг (Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 10 та чартер рейсида) сафарлари ташкил этилади. Умра сафари давомида зиёратчиларга 2 нафар ишчи гуруҳ, 10 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Ушбу умра мавсуми Рамазон ойи – ёзнинг жазирама иссиғига тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда, ёши катта, кекса зиёратчилар орасидан сурункали касаллик билан касалланган кишиларга эҳтиёт чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилмоқда. Мазкур масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ҳамкорлигида йўриқнома ишлаб чиқилган ва барча зиёратчиларга тарқатилган.

Шунингдек, Саудия Арабистонида об-ҳаво ва иқлим шароитини кескин исиб кетиши натижасида Саудия метрология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг берган расмий баёнотига кўра, зиёратчилар мавсум даврида муайян вақтларда очиқ ҳудудларда ҳаракат қилмасликлари ҳақида тушунтирилмоқда. Шу боис, ўзбекистонлик зиёратчилар орасида кекса ва сурункали касалликлар билан оғриган фуқароларга ёзнинг иссиқлиги таъсир қилиш эҳтимоли бўлса, рўзасини очиши мумкинлиги юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши тавсияси тушунтириб борилмоқда.

Зиёратчилар учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениясининг дастурларини томоша қилиб, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имконияти яратилган. Шу билан бирга, сафар мобайнида фуқароларимиз Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни зиёрат қилишга муяссар бўладилар. Умра зиёратчиларини Жидда аеропортида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Президентимиз Қарори асосида Жиддадаги Бош консулликда жорий этилган Ҳаж ва умра масалалари бўйича атташе томонидан ташкил этилмоқда.
Манба: darakchi gazetasi.

SHARE