Ўзбекистон Қуролли Кучлари хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди

Ўзбекистон депутатлари мамлакат Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда 12 news.uz ахборот портали хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати билдиришича, Концепция парламентга Давлат раҳбари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган.

Ҳужжатда ҳозирги халқаро муносабатлар тизимидаги ўзгаришларга Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари нуқтаи назаридан баҳо берилган. Унда давлат ташқи сиёсатининг асосий мақсади, принциплари, вазифалари, шунингдек устувор йўналишлари белгилаб берилган. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятини шакллантириш жараёнлари ва уни амалга ошириш механизмлари очиб берилган.

Концепция қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунга ва давлатимизнинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига асосланади ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига, шу жумладан БМТ Уставига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияга ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг Хельсинки якунловчи актига мос келади.

Дунёда ва минтақамизда юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг принципиал нуқтаи назарига мувофиқ Концепцияда қуйидаги асосий қоидалар баён этилган:

Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.

Конституцияга, «Мудофаа тўғрисида»ги Қонунга ва Ҳарбий доктринага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.

«Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиши ҳамда Президент томонидан имзоланиши керак.

SHARE