Американинг Афғонистондаги етти хатоси

Мана, 30 йилдан зиёдки, Афғон заминида уруш кечмоқда. Бир неча авлод кечираётган бу қабоҳатнинг оқибатлари, албатта, бир неча ўн йилликда бартараф этилмайди. 2001 йили халқаро терроризмга қарши курашиш байроғи остида АҚШ бошчилигида ҳарбий ҳужум ҳам Афғонистонда тинчликни қарор топтиришнинг уддасидан чиқа олмади. Афғонистонда уруш олиб боришнинг имконсизлиги афсонадан ҳаёт ҳақиқатига айланиб улгурди. Хўш, АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар қаерда хатога йўл қўйишдики, Афғонистон миссияси тўлиғича бажарилмади. АҚШ ҳарбийларига Афғонистон тарихидан дарс берувчи, шунингдек, American Enterprise институти тадқиқотчиси Майкл Рубиннинг CNN блогида ёзишича, АҚШ ушбу мамлакатда фаолият олиб боришда еттита хатога йўл қўйган:

 

1. Тезкор ислоҳотлар. Кўпчилик Афғонистонда янгиланишлар, ўзгаришлар бўлишига ишонмайди. Шуни айтиш керакки, бу бўлмаган гап. Афғонистон бугун бундан 30 йилги ёки бир аср бурунги Афғонистон эмас. Факт шундаки, Афғонистон ўзгаради, аммо бу жуда секин кечади. Йигирманчи асрнинг биринчи ўн йиллигида Омонулла Хон ёки 1978 йилдаги Зоҳир Шоҳ бошчилигида амалга оширилган ислоҳотларни айтишнинг ўзи кифоя. Булар ҳарқалай Афғонистон тарихидаги энг муваффақиятли ислоҳотлардир.    

2. Марказлаштириш. Афғонистонни қайта қураётганда дипломатлар парламентар тизимдан кўра кучли республикани маъқул кўришди. Афғонистон президенти вазирлар, маҳаллий ҳокимларни тайинлашдек марказлашган ваколатга эга. Лекин кўпчилик афғонлар марказга, яъни Кобул унчалик ҳам ишонч билан қарашмайди. Улар учун маҳаллий раҳбар кўпроқ таъсирга эга. Ҳукумат поғоналари ўртасидаги мувофиқлаштирилган фаолиятнинг йўқлиги ҳукуматнинг самарали ишлашини саробга айлантиради.

3. Ҳамид Карзай. Толиблар ҳокимияти ағдарилгач, АҚШ Марказий разведка бошқармаси Ҳамид Карзайни Кобулдаги ўз вакили сифатида кўра бошлади. АҚШ давлат департаменти ҳужжатларига қараганда, Карзай толибонларнинг БМТдаги вакили бўлиб, Эрон ва Покистон билан қалин алоқаларда бўлган. У барча билан мулоқот қила олиши мумкин эди. Аммо булар яхши раҳбар бўлиш учун камлик қилди. Чунки Ҳамид Карзай бошқарув аппарати порахўрлик жанжалларига аралашиб қолди. Боз устига, у ҳокимиятни самарали бошқара олмади, яъни эплай олмади.

4. Аниқ вақтнинг белгиланиши. Ироқ уруши, ўз моҳиятига кўра, шунчаки ҳарбий стратегия эмас эди, балки психологик мақсадни ҳам кўзларди. Шу боисдан Буш урушни эълон қилди, барча ресурсларни жалб қилган бўлса-да, охир-оқибатни Ироқдан чиқиб кетиш санасини айтишга мажбур бўлди. Обама эса Афғонистон билан боғлиқ вазиятда мутлақо бошқача йўлдан юрди. У афғон халқига америкаликлар миссиясида якун борлигини айтиб, аниқ вақтни қайд этди. Шундан сўнг, НАТО бўйича АҚШ ҳамкорлари ҳам чиқиб кетиш бўйича режаларини айта бошлади. Бундай шароитда ўзининг омон қолишини ўйлаган афғон расмийлари Покистон, Эрон, шунингдек, Толибонлар орасидан ўзларига паноҳ излай бошлашди.

5. Толибонлар билан муроса столига ўтириш. Афғонлар шу пайтга қадар урушларда жуда кам ҳолларда мағлуб бўлишган. Толиблар билан, алал-оқибат, музокара столига уруш том маънода Америка бу урушни ютмаганлигидан далолатдир. Чунки ютган одам мағлуб одамни музокара столига чорламайди.

6. Ёрдамнинг ҳаддан ташқари кўплиги. Таҳлилларга қараганда, Афғон ҳукуматининг қарийб 90 фоиз бюджети халқаро ҳамжамият берадиган моддий кўмакка боғланиб қолган. Энг ёмони, мамлакат ҳарбий харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 97 фоизни ташкил этиши ҳам ўта ташвишлидир. Афғонистон бюджетини афғон халқи шакллантирадиган механизмлар ва манбаларни топиш керак эди.

7. Покистонга ишониш. Покистонлик сиёсатчилар, эҳтимол ҳақ гапни гапирар, лекин улар Афғонистон масаласида АҚШ билан ҳамфикр бўла олмайди. Чунки кучли, мустақил ва миллатпарвар Афғонистонни покистонликлар кўп ҳам хуш кўрмайди. Шунинг учун покистонлик ҳарбийларга энг муҳим масалаларда ишониб қолиш хавфлидир. Ҳатто бу Усома Бин Лодиннинг ўлдирилишидан олдин ҳам аниқ эди.

Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз? 

SHARE