Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида икки поғона юқорилади

Халқаро футбол уюшмаси ФИФА дунё терма жамоаларининг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра сўнгги рейтинг эълон қилинган кундан ҳозирга қадар бирорта ҳам ўйинда иштирок этмаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси икки поғона юқорилаб, 63-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатди.
Бу кўрсаткич Осиё миқёсида бешинчи кўрсаткичдир. Ўзбекистондан олдинда Япония (22), Австралия (24), Жанубий Корея (29) ва Эрон (48) бормоқда. Мазкур квартетдан фақатина Эрон иккита поғона юқорига кўтарилган бўлса, дастлабки уч мамлакатда шўнғиш кузатилган. Кунчиқар юрт терма жамоасида бу пасайиш 2тани, Австралия ва Жанубий Кореяда 1тани ташкил қилмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2014 йўлидаги рақибларидан Қатар ўзгаришларсиз 98-ўрнини сақлаб қолган бўлса, Ливан 17 поғона (!) юқорилаб, 127-ўринга келиб жойлашди. Бу каби катта сакраш, шунингдек, Туркманистонда ҳам кузатилган бўлиб, қўшни республиканинг бош жамоаси 14 поғонага ўз аҳволини яхшилаб, 124-ўринда бормоқда.
Ўзбекистондан кейинги ўринларни Осиё мамлакатларидан Хитой (69), Иордания (83), Ироқ (84), КХДР (91), Уммон (92) кабилар эгаллаб турибди.
Дунё рейтингини жаҳон ва Европа чемпиони Испания бошқариб турибди. Кучли учликка Германия ва Англия, ўнталикка эса шунингдек Уругвай, Португалия, Италия, Аргентина, Голландия, Хорватия ва Дания кира олган. Россия икки поғона юқорилаб 11-ўринга келиб жойлашган. Ўнталикка кириш учун Россия яна 1 очко жамғарса кифоя.

SHARE