Ўзбекнинг ўзбегига бебаҳо туҳфаси

 

Дам олиш куни эрталабдан кечгача ҳайвонот боғида айланиб чарчаб уйга қайтдик. Кечки овқатга жамланганимизда келганимдан бери менинг зерикиб қолмаслигим учун имкониятлар қидириб юрган ўғлим хонасидан қўлида “iPad”и билан чиқиб келиб: “Ойижон, сизга бир совғам бор”,- деб қолди. Мен Тошкентдан хатми, расмларми келгандир, деб ўйлаб унга юзландим. Бирданига соф ўзбекча нутқ билан гапираётган овоз эшитилди. Овоз бегона – онам ёки туғишганларимнинг овози эмас эди. У соф адабий тилда Ўзбекистондаги янгиликларни маълум қилаётган эди. Бирданига юрагим қинидан чиқиб кетай деди. Ҳаяжонимни идора қилолмай, ҳайрат билан ўғлимга юзландим. Бир оз ҳаммамиз сукут сақлаб қулоқ солдик. Бу Ўзбекистон радиоси, ўзбек бошловчи қизнинг овози эди. Томоғимга тиқилган йиғини зўрға қайтариб ўғлимга савол назари билан қараб, имо қилдим. У “iPhone” учун шундай апликация чиққанини, энди дунёнинг исталган чеккасида ўзбек радиосини телефон орқали бемалол эшитиб юриш мумкинлигини айтди. “Биласизми, ойижон, бу жуда катта иш. Дунё бўйлаб қанча ўзбек бор? Мусофирликда ҳамма ватанида нималар бўлаётганини билгиси, эшитгиси келади. Бу билан уларнинг барчаси ортиқча уринишларсиз истаган пайтида, ҳар қандай иш устида юртидаги янгиликлардан, ўзгаришлардан, воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиб туриши, ватанида нималар бўлаётганини билиши, жонли ижрода қўшиқлар, аскиялар эшитиши мумкин. Ўзбекча “Табассум”ни, миниатюраларни, радио-спектаклларни эшитиши мумкин”, – деди у ҳам ҳаяжонини яширолмай.

Шу пайт бошловчининг овози сўниб ёқимли қўшиқ бошланди ва мен невараларимга ўзбекча рақсни кўрсатдим. Невара қизим Саидахон менинг ёнимга тушиб ўйнай кетди. Бошқалар ҳаммаси қарсак билан бизга жўр бўлишди. Бу янгилик дастлабки қадами билан оиламизга бир олам шодлик олиб кирди.

Тўғри, ҳозир техника – интернет замони. Ҳамма нарсанинг имкони бор. Ўғлимнинг айтишича ўзбек радиосининг сайтига кирса, уни эшитиш мумкин. Лекин бу кашфиётнинг имтиёзлари катта экан, унинг айтишича.

Хуллас, рус тилида “сўзловчи” телеканаллар ҳам бугун мендан дам олди – мен радиони олиб хонамга кириб кетдим. Экранда унинг моҳирлик билан ишланган тасвирини кузатдим: тасвирда ҳеч қандай ошиқча ёки бачкана нарса йўқ. Зўраки оҳанжамо ҳам йўқ. Содда ва самимий тасвир. Радио карнайининг атрофи соф ўзбекча нақш билан безатилган. Шунинг ўзиёқ кишининг кўзларини қувонтиради. Чунки ўзбек санъатининг дурдоналаридан бири бўлган нақш ҳам радио билан бирга дунёга чиққанди. Радио тасвирининг Ўртасида радиокарнайлар ёнида “Uzbek radio” деган ёзув бор. У ҳам сунъий безакларсиз, жўнгина кўриниши билан менга ўзбекни эслатди, ўзига нисбатан ижобий муносабат уйғотди. Радионинг ўнг томонида ёғочга ўйиб ишланган миллий ўймакорлик санъатининг намунаси тасвири бор. Унга назарингиз тушса бир олам таассуротлар пайдо бўлади руҳиятингизда. Боболар диди, маҳорати ва билими ҳамда буни бугунги ёшларнинг илғагани ва уни дунёга чиқадиган махсулотига жойлагани кўнглингизда ғурур туйғусини пайдо қилади. Юқоридаги ўнг бурчакда “i” ҳарфи бор. Боссангиз экранда ўзбек радиоканалларининг номлари тўлқинлари билан пайдо бўлади: “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Радио Гранд”, “Машъал”, “Аъло FM”. Истаган каналингизнинг номига бармоғингизни тегизсангиз, овора бўлиб тўлқинни қидириб ҳам ўтирмайсиз, автомат равишда тўлқинлар ҳам ўзгариб сиз истаган каналда овозлар янграй бошлайди. Хуллас, ўзбек ўғил-қизларининг, мустақиллик даври оқилларининг туҳфасидан қувонасиз, ҳайратланасиз, ўзбекнинг дунёга чиқаётгани учун Яратганга шукроналар айтасиз.

Тун яримдан оққунча Таваккал Қодиров, Фаҳриддин Умаров, Ортиқ Отажонов, марҳум Нуриддин Ҳайдаров, Камолиддин Раҳимов сингари замондошларимнинг, Ҳилола Ҳамидова, Гулсанам Мамазоитова ва Сардор Раҳимхон сингари ёш истеъдод эгаларининг қўшиқларини тинглаб кўзларимда ёш, кўнглимда ғурур билан ухлаб қолдим. Эрталаб қулоғимга ёқимли бир оҳанг билан уйғондим. Аввалига нима бўлаётганини англай олмай қолдим. Ёнгинамдан чиқаётган овоз томонга юзланиб янада хурсанд бўлиб кетдим. Мен энди ўзимни худди Тошкентдагидек ҳис қилардим. Хонамдан чиқсам ўғлимнинг телефонида ҳам ўзбекча суҳбат кетяпти: иккита бошловчи Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловни икки томондан саволга тутяпти. Суҳбат радиобошловчиларнинг нутқи ҳақида борарди. Бу масала мени ҳам ҳамиша қийнаб келган. Айниқса, мустақилликка эришилгандан бери ҳар хил мустақил радиоканаллар пайдо бўла бошлади ва бошловчилар эшиттиришларни тошкет шевасида, бозордаги, кўчадаги тилда олиб боришади. Ғашим келиб: “Буларнинг раҳбарлари қаёққа қарашади? Бошловчиликка кимларни олишади ўзи? Наҳот мана шу элементар нарсага фаросатлари етмаса?”, – деб хафа бўлиб кетардим, шунинг учун ҳам бугунги радиодан ёшларнинг каналларини эшитгим келмасди. Ўзимиз ўрганиб қолган, соф адабий тилда иш олиб борадиган “Ўзбекистон” ёки “Машъал” каналларини тинглардим. Бугун ёшларнинг ўзи бу масалани кўтараётганликларини эшитиб севиниб кетдим ва Эркин Комиловнинг гапларига қулоқ солдим. У менинг кўнглимдаги гапларни айтарди. Миллатнинг зиёлилари ҳамоҳанг фикрлашади, кўзлаган манзиллари бир бўлади – юртнинг, миллатнинг камолоти.

Умуман, бир ўзбек, бир аёл, бир она сифатида бу кашфиётлари билан ўзбекнинг боласини қутлайман, мусофир юртлардаги ватандошларни табриклайман! Юрт овози, Ўзбекистон шабадаси уларнинг телефонлари орқали уфуриб турсин! Мусофир юртлардаги ватандошларини ўйлаб босилган бу қадам соҳибларини Яратганнинг ўзи ярлақасин! Бошлаган ишларининг ривожини бериб, ҳамиша қўллаб-қувватлаб юрсин!

Қундузхон ҲУСАНБОЕВА

SHARE