Дафтарнинг маънавияти бузуқ экан

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мамлакат истеъмол бозорини мактаб анжомлари билан тўлдириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига қараганда, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Республика таълим маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзстандарт” агентлигининг малакали мутахассисларидан иборат доимий ишчи гуруҳи дафтарлар қоғозининг сифати, шунингдек, муқоваларини миллий маънавиятимизга мос тарзда безаш ва уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш масалалари билан шуғулланмоқда. Айни пайтда ёшлар руҳияти, дунёқараши ҳамда ахлоқига салбий таъсир кўрсатувчи, сифатсиз ёзув дафтарларининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва сотилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

 Хусусан, Андижон вилоятидаги 37 та турғун савдо шохобчасида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида ноқонуний равишда ишлаб чиқарилган, ёшлар саломатлиги ва маънавиятига зид 120 мингдан ортиқ ёзув дафтари сотувдан олиб қўйилди.

SHARE