“Сизда нима гап, азиз Ватандош?” “Ватандош”да иштирок этинг!

Мана, бир неча йилдирки, АҚШдаги биринчи ўзбекча газета — «Ватандош» газетаси АҚШдаги ҳамюртларимиз ҳаёти, иш фаолиятини кенг ёритиш, Ўзбекистон — Америка муносабатларини чуқур таҳлил қилиш, хорижда яшаётган ҳамда чиқмоқчи бўлган ватандошларимизга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, юртимиз тарихи ва маданиятини тарғиб қилиш ҳамда дунёнинг энг долзарб мавзулари юзасидан шарҳлар, таҳлиллар бериб бормоқда.

Газета ва унинг интернетдаги сайти бугун кунда ўз олдига қўйган мақсадларга изчил эришиб, хориждаги ўзбеклар ҳаётини янада кенгроқ қамраб олиш бўйича янги режалар тузмоқда ва амалга оширмоқда.

Ана шундай янги хайрли юмушларимиздан бири — сайтимизда «Сизда нима гап?» рукнининг очилгани бўлди. Ушбу рукнни ташкил этишдан мақсад, аввало, сиз, азиз ўқувчиларни «Ватандош»га янада ошно қилиш, биз кириб боришимиз ва хабардор бўлишимиз қийин бўлган нуқталарда юртдошларимизнинг турмушини, иш фаолиятини, ўтказаётган турли маданий, ижтимоий тадбирларини кенг ёритишдир.

Бу рукн орқали «Ватандош» ўқувчилари хориждаги ўзбеклар ҳаётида юз бераётган ҳар қандай воқеалар юзасидан мақола, фото ва видеорепортаж юбориб, кенг жамоатчиликни воқиф қилишлари мумкин. Энг муҳими, бунинг учун алоҳида журналистлик қобилият талаб қилинмайди. Кўрган, қатнашган ва гувоҳи бўлган воқеа-тадбирларни ҳар қандай усулда (шева, адабий, рус, ўзбек, инглиз) бизга юборсангиз, бас. Газетамиз вакиллари сиз юборган материалларни қайта ишлаб, таҳрир қилиб, материалнинг асосий ғоясини сақлаган ҳолда сайтимизда жойлаштириб боради.

Шу ўринда нафақат турли тадбирларни, балки кўнглингизда тугиб юрган масалалар юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларингизни бизга жўнатишингиз мумкин. Бу миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз, тарихимиз, жаҳонда ва минтақада юз бераётган воқеалар юзасидан таҳлилий чиқишлар ҳам бўлиши мумкин.

Биз ҳар қандай аҳамиятли, жамиятимиз, хорижда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз учун фойдали маълумотларни сайтимиз ва газетамиз орқали чоп этишдан ғоят мамнунмиз. Сайтимиз шу йўл орқали фуқаролик журналистикаси ривожига ўз ҳиссасини қўшса, не ажаб!

«Ватандош» учун нафақат АҚШ, балки дунёнинг бошқа давлатларида истиқомат қилаётган ўзбеклар ҳаёти ҳақидаги ахборот ва мақолалар ҳам ғоят қадрлидир.

«Ватандош» — Сизнинг газетангиз. Уни ўз ҳиссангиз билан янада бойитинг!

Таҳририят.

SHARE