Иброҳим ҲАҚҚУЛ: “Ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам адабиёт манфаатларини шижоат ва ҳалоллик билан ҳар нарсадан устун қўйишга қодир ёзувчию шоирларимиз жуда кам”

Миллат эртаси учун жавобгар шахслар бўлади. Уларни миллат виждони, эрк куйчуси, қалб кишилари, деб қиёс қилишади. Улар адабиёт аҳли, ёзувчи ва шоирларимиз, ижодкорларимиздир. Хўш, бугунги ўзбек адабиёти нечоғли халқимизнинг қалб кўзи бўлмоқда, бугунги ўзбек адабиётининг муаммолари нимада? Қуйида таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққулнинг мушоҳадасини ҳавола этамиз. Ўйлаймизки, бу мушоҳада сизни қийнаб юрган бир қатор саволларга жавоб изланган.

 

Шахсият ва ижод

 

Миллатимизнинг бутун истиқболи Мустақилликда. Шунинг учун Мустақиллик эътиқодини кундан-кунга теранлаштирмоқ керак. Лекин юрт мустақиллигига эҳтиром, шахс мустақиллигига эҳтиром шахс эркига жавобгарликдан ажралмаслиги лозим. Мана шунга эришилса жамият лоқайдлик, ишончсизлик ва мутелик иллатларидан анча халос бўлади. Одамларда ҳақиқатга ишонч юксалади. В.Г.Белинский, “Шахснинг тақдири, бутун дунёнинг тақдири ва Хитой подшоҳининг соғлиғидан ҳам муҳимдир”, деганда жуда адолатли фикрни айтган. Чунки миллат, инсоният ва дунё тақдирини ҳам фақат Шахслар ҳал қилади. Кучли Шахс кўпчиликнинг тушунчалари таъсирида ўзгармайдиган, аксинча, ўз ҳақиқати таъсирида кўпчиликни ўзгартира оладиган толмас курашчи ҳисобланади. Бу гап, хусусан, буюк ёзувчи ва шоирларга кўпроқ тегишлидир. Биз ижод аҳлининг асарлари тўғрисида кўп гапирамизу, аммо уларнинг шахсиятига деярли эътибор қилмаймиз. Ҳолбуки, Гётенинг эътирофига кўра, фақат шахсияти миллат маданиятидан ўрин топиб, унда боқий қолади. Гёте адабиётнинг умуминсоний моҳиятини белгилашда ҳам ёзувчи шахсиятига суянади. Ва “соф шахсияти” учун Шекспирни ўзининг улуғ замондоши Байрондан баланд қўяди.

Демоқчимизки, чин маънодаги ижодий шахсиятлар адабиёт майдонида қад кўтармагунча янгиланиш ҳам, юксалиш ҳам кўзга ташланмайди… Истанг, истаманг, анча содда одамлармиз. Соддалигимиз шундаки, ёзувчилик нонини еган, ёзувчилик билан эл-юрт ўртасида танилган ҳамма ижодкорлар ҳам адабиёт тақдирига холис қарайди, адабиёт ривожи учун сидқидилдан куюнади, деб ўйлаймиз. Аслида бундай эмас. Кейинги эллик, олтмиш йил мобайнида бундай бўлмаган. Яқин-ўртада ҳам бундай бўлмайди. Чунки Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам адабиёт манфаатларни шижоат ва ҳалоллик билан ҳар нарсадан устун қўйишга қодир ёзувчию шоирларимиз жуда кам. Ақлли, эҳтиёткор, китобий ҳақиқатларни сув қилиб ичган қаламкашлар етарли. Аммо виждон изтироби йўқ уларда. Шулар бир-бирининг кўзига қараб ёлғон сўзлайди. Ёлғондан бир-бирини мақтайди. Воқелик олдидаги ожизликларини яширмоқ учун гоҳо мушфиқлик, хоксорлик тўнига бурканиб олишади. Ижод дарди билинмас, мукофот, унвон, мартаба қайғусида ёниб-куйиб юрганлар эса қанчадан-қанча. Ҳақиқий истеъдодлар эса бундай риёкорликлардан четда туришни, имкони бўлгуни қадар адабий жараёнга аралашмасликни мақбул кўрадилар. Нега шундай?

Жараён сўзи баъзан менга негадир Жар аён деган маънони англатади. Ҳатто адабий жараён ҳақида ўйлаганда ҳам шу сўз ўз-ўзидан иккига ажралади: ЖАР-АЁН. Шунда беихтиёр кин, ҳасад, адоват ва ёвузликнинг чиркин қўллари ила қазилган тубсиз жарликлар тасаввурда жонланади. Дарвоқе, ўттизинчи йиллар адабий жараён буюк Қодирий,Фитрат, Чўлпон ва Усмон Носирларнинг муборак вужудларини комига тортган бир ЖАР бўлмасдан нима эди? Ундан кейинги даврларда ҳам адабий жараёнда расмий сиёсатга мувофиқ келмайдиган “қалтис” бирор-бир гапни айтиш жарга қулаш хавфи билан теппа-тенг бўлган. Шунинг учун адабий жараён масалалари билан шуғулланувчи адабиётшуносу мунаққидлар сиёсатни хоҳласалар қилич, хоҳласалар қалқон қилиб кўтарганлар. Энди у кунлар ўтиб кетди. Бироқ ўша қўрқув асоратлари ҳали бор. Бир-биридан сиёсий хатолар ахтариб, бир-бирини айблаш замонлари ортда қолди. Аммо адабий жараёнда том маънодаги ижодий эркинлик, янгиликка чанқоқлик руҳи унча сезилмайди. Янада очиғини айтадиган бўлсак, адабий муҳит бугун бир қадар ачинарли ва ночор аҳволдадир. Уни қалам аҳлини ўзаро ҳамжиҳат айлаб, янги-янги ижодий юксакликларга рағбатлантирадиган бир майдон, дейиш қийин. Шеърият буҳрон ичида. Маънавий-руҳий буҳрон қофиябозликни жуда кучайтириб юборди. Устод Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, биз “чин шеър ва санъат очунидан” ниҳоятда йироқлашдик. “Етти-саккиз сўзни билгили бир “вазн”да тизиб, билгили бир сўзни “қофия” қўймоқ билан шеър орасинда ердан кўккача айирма” борлигини деярли унутдик.

Адабий жараённинг дахлсиз ички талаблари, ўзига хос тараққиёт йўллари бор. Буларни инобатга олиш зарур, албатта. Токи ҳеч бир истеъдод ўзининг эртасига умидсиз қарамасин. Ҳар қандай иқтисодий қийин шароитда ҳам у ўзини адабий ҳаёт бағрида ҳис этсин. Шу халқ, шу ватан ва шу жонажон ажабиёт учун фойда етказишга имони комил бўлсин. Айрим шоиру ёзувчилар адабий жараёнга аралашиш бир ёнда турсин, яқинлашишни ҳам истамайдиган бўлишган. Агар жараёнда тил ва дил, маслак ва эътиқод бирлиги устиворлик қилмас экан, бир-биридан бегоналик, парокандалик, хилватнишинлик ҳислари кундан-кунга кенг қулоч ёзаверади. Бундан адабиёт қанча ютқизса, миллат ҳам шунча зарар кўради.

Уилям Фолкнер “Иккинчи разрядли ижодкорни машинага ҳам, тарғиботчига ҳам айлантирса бўлади, бироқ биринчи разрядли санъаткорни бошқаришга ҳеч ким қодир эмас, ҳатто унинг ўзи ҳам”, дейди. Чунки “биринчи разрядли” санъаткор зиммасидаги масъулиятни шу қадар чуқур ва мукаммал биладики, қалбини ГЎЗАЛЛИК ва ҲАҚИҚАТ илоҳасидан бошқа ҳеч нарса ўзига ром эта олмайди. Унинг учун адабиётга хиёнат – миллатга хиёнат билан теппа-тенг тушунча…

Адабий жараён – эркин фикр алмашиш ва бевосита адабиёт,истеъдод қисматига тегишли энг долзарб муаммолар устида фойдали баҳс-мунозаралар ўтказишни талаб қилади. Бу эса унда ҳукмрон бўла бошлаган ғоявий-бадиий тамойилларини аниқ белгилаб, адабиётнинг бугуни ва эртасига очиқ назар ила қараб, маълум қаноат ҳосил айлашга имкон беради. Адабиётимиз бугун шундай бир ҳолатдаки, уни озод мамлакатнинг мутлақо озод адабиёти мақомига кўтариш учун барча истеъдод соҳиблари бир ёқадан бош чиқаришлари, неча ўн йиллар мобайнида давом топиб келган дастёрчилик ва ташвиқотбозлик хизматидан бутунлай халос этишлари лозим.

Албатта, бозор муносабатлари олим ва ёзувчиларнинг иқтисодий турмуш даражасини бир оз пасайтириб юборди. Кимларнингдир илҳом чироқлари сўнди. Кимлардир илм ва ижодни, умуман, тарк этишди. Аммо ижод дарди, ёзиш шавқи билан яшаётганлар бор ва етарли. На китоб чиқаришнинг қийинлиги, на ора-сира қўлга тегадиган қалам ҳақи билан ҳеч мурод ҳосил бўлмаслиги, на моддий танқислик хуружлари уларни йўлдан чалғита олгани йўқ.

Айтишларича, Исо алайҳиссалом ҳеч қачон кулмаган экан. “Инжил”да ҳам Исонинг кулганлигини тасдиқловчи бирор-бир эслатма учрамайди. Кулгининг сабаблари бўлгани сингари, кулмасликнинг ҳам сабаблари бор. Одатда кулги кўпроқ инкор қилишдан, яъни нафрат, ғазаб, шубҳа ва гоҳо қўрқув туйғусидан туғилади. Баъзи одамлар кулгига қодир бўлмаганликлари учун эмас, кўнглида инкор ҳиссиёти йўқлиги учун кулмайдилар. Зеро, энг олий илоҳий Марказда кулги ҳам, йиғи ҳам йўқ. Чунки ул жойда “ҳа” ва “йўқ” деган қарама-қаршилик ҳам йўқдир. Бугун адабиётда нафрат, ғазаб, зиддиятлардан фориғ тафаккур тамойили шаклланаётир. Касрат ақидалар ваҳдат ҳақиқатларига йўл бўшатмоқда. Руҳ ва қалб ҳолатларини тасвирлаш бора-бора адабиётнинг севимли машғулотига айланажак. Демак, адабий жараённи ўз ҳолига ташлаб қўймаслик керак. Зеро, у янги адабиёт “корхона”сидир.

P.S.: Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1966-1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган.

манба: e-adabiyot.uz

SHARE