Митт Ромнининг ҳамтовоғи

Хабарингиз бор, шу кунларда АҚШда мамлакат президентлиги учун сайловларга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Амалдаги президент Барак Обама ва республикачилар партиясидан номзоди кўрсатилган Митт Ромни сайловларчиларни “овлаш” билан шуғулланишмоқда.

Дам олиш кунлари Митт Ромни сайлов кампаниясида жиддий янгилик юз берди. Гап шундаки, Митт Ромни агар президент бўлиб сайланса, ўз вице-президенти номзодини ҳам эълон қилди. Бу номзодга Висконсин штатидан конгрессмен, 42 яшар Пол Райан номзоди  таклиф қилинди. Пол Райан номзоди Америка оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилиниб, Обамачилар томонидан жиддий танқид қилинмоқда. Хусусан, Барак Обаманинг социал тармоқлардаги саҳифаларида унга қарши қатор факт ва далиллар келтириб ўтилмоқда.

Хўш, нега айнан Пол Райан вице-президентлик учун мақбул номзод?

The Wall Street Journal  газетасининг ёзишича, Пол Райан кучли ва истиқболли шахслардан. Митт Ромни бу билан келажакни ўйлаб иш тутмоқда. Чунки Митт Ромни кузда бўлиб ўтадиган сайловда мағлубиятга учраса, унинг ҳаммаслаги  — Пол Райан у бошлаган ишни давом эттириб, консерватив қарашдаги сайловчиларни қаҳрамонига айланади. Шу билан бир қаторда, президентликка даъвогар бу танлови билан сайлов кампанияси шунчаки Обама олиб бораётган сиёсатни танқид қилиш эмас, балки улкан ғоялар ва партиялар ўртасидаги фарқни кўрсатиш ҳам бўлган.

Пол Райанни танлашнинг кучли тарафи нимада?

Пол Райаннинг вице-президентлик номзодлигига таклиф қилиниши, аввало, Митт Ромнига АҚШнинг марказий ва ғарбий минтақаларида, яъни Висконсиндан тортиб Пенсильванияга қадар кенгликда сайловчиларни партияни қўллаб-қувватлашга жалб қилиш имконини беради. Шу билан бирга, унчалик ҳам буюк нотиқ бўлмаган Митт Ромни учун Пол Райан яхшигина ёрдамчидир.

Пол Райан номзоди Митт Ромнига таҳдид соладими?

Экспертларнинг фикрича, Пол Райан узоқ йиллар давомида Вакиллар палатасининг Бюджет комиссиясида юқори лавозимларда ишлаб келади. Бу йиллар давомида суғурта компанияларини қўллаб амалга оширган тадбирлари сайлов кампанияси вақтида унга қарши ишлаши мумкин. Умуман, унинг иқтисодий қарашлари жуда кўпчиликда эътирозга сабаб бўлган. Шу боис унинг бу йўналишда илгари олиб борган фаолияти унга панд бериб қўйиши мумкин.

Таҳлилчиларнинг фикрича, республикачилар томонидан ёш сиёсатчилар номзоди илгари сурилгани мамлакат ёшларининг партияни қўллаб-қувватлашдаги иштироки ошишига хизмат қилади. Аммо унинг ёшлиги, қизиққонлиги ҳам сайлов кампанияси давомида жиддий муаммо туғдириши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, вақт олий ҳакам. Пол Райаннинг нечоғли кучли сиёсатчи эканлигини сўнгги уч ойда билиб оламиз.

SHARE