Зулфиқор Мусоқов: “Савияси паст, дидсиз фильмларнинг пайдо бўлишига кинотанқидчиликнинг оқсаётгани ҳам сабаб”

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, режиссёр Зулфиқор Мусоқов савияси паст, дидсиз фильмларнинг пайдо бўлишига кинотанқидчиликнинг оқсаётгани ҳам сабаб бўляпти, деб ҳисоблайди.

“Оддий бир фильмни суратга олиш учун қанча куч, маблағ кетади. Аммо янги асар ҳақида матбуотда нари борса, уч-тўрт сатр хабар ёзилади. Телевидениеда ҳам шундай. Кинога бағишланган кўрсатувларнинг шакли ҳар хил бўлгани билан мазмуни деярли бир хил – асарга танқидий ёндашув ва энг муҳими, чуқур таҳлилни учратиш қийин”, дейди Зулфиқор Мусоқов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда.

Унинг айтишича, бугунги глобаллашув даврида айрим кучлар томонидан илгари сурилаётган маданий гегемония дунёга теран нигоҳ билан, реал ва ҳушёр қарашни, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб яшашни талаб қилаётир.

“Қўрғошин” фильмидан лавҳа

Зулфиқор Мусоқовнинг фикрича,  миллий кино санъатимизда давр билан ҳамнафаслик руҳи кучайиб бораётир. Давлат ва хусусий студиялар бозор муносабатларига дадил қадам қўйди. “Улар ижодда замонавий йўналишларга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Бу – жуда яхши. Лекин яратилаётган фильмларнинг ҳаммасини ҳам юксак савияли, дейиш қийин. Айни пайтда бундан лабимизга учуқ тошмаслиги, уни табиий жараён, деб қабул қилишимиз зарур. Зеро, дурдона асар ҳар куни дунёга келавермайди. Аммо, “якка отнинг чанги чиқмас”, деган нақл ҳам беҳуда айтилмаган. Масалан, дунёга машҳур “Голливуд” (АҚШ) билан “Болливуд”да (Ҳиндистон) ҳар йили суратга олинадиган минглаб фильмларнинг ҳаммасини ҳам юксак савияли дейиш қийин”, дейди режиссёр.

Таниқли режиссёрнинг фикрича, жаҳон кино дурдоналари хазинасидан ўрин олган мумтоз миллий фильмларимизни қанча кўп томоша қилсак, шунча яхши. «Тоҳир ва Зуҳра», «Ўтган кунлар», «Сен етим эмассан», «Маҳаллада дув-дув гап» каби фильмларимиз нафақат халқимиз маънавиятини юксалтиришга, балки унинг гўзал қадриятларини бутун дунёга танитишга ҳам катта ҳисса қўшиб келмоқда.

“Худойберди Девонов, Наби Ғаниев, Йўлдош Аъзамов, Комил Ёрматов, Лутфихоним Саримсоқова, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Обид Жалилов, Қудрат Хўжаев каби мумтоз санъаткорларимизнинг ижоди ва фаолияти ҳақида кўпроқ кўрсатувлар қилинса, таҳлилий мақолалар ёзилса, фойдадан холи бўлмайди”, дея ўз мулоҳазаларини билдиради Зулфиқор Мусоқов.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Зулфиқор Мусоқовнинг “Абдуллажон”, “Бомба”, “Кичкина табиб”, “Осмондаги болалар”, “Ватан”, “Қўрғошин” каби картиналари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган бўлиб, кўплаб халқаро мукофотларга лойиқ кўрилган.

SHARE