Американинг “Work and Travel USA”дан тили куйди

Ҳар йили АҚШга ўн минглаб талаба ёшлар таътил вақтида ишлаш ва дам олиш учун ташриф буюришади. Work and Travel USA дастури ёшларга нафақат Америка ҳаёти билан яқиндан танишиш, балки ишлаш ва йўлини қилиб, қолиб кетишгача бўлган имкониятдир.

Ушбу дастур МДҲга аъзо мамлакатларда, айниқса, жуда машҳур бўлиб, биргина Россиянинг ўзидан ҳар йили 20-30 минг ўсмир Америкага келар эди. Мазкур дастур орқали келувчилар учун J-1 деб номланадиган виза тақдим этилади. Уни оммавийроқ қилиб “Жейваншик” деб ҳам аташади. Аммо бу йил ушбу дастур бўйича АҚШ отланаётганлар сони кескин тушиб кетди. Гарчи бу борадаги статистик маълумотларга кузда эълон қилинса-да, элчихоналар томонидан виза тақдим қилиш сони кескин камайган. Биргина Россия Федерациясидан ушбу дастур орқали 7-8 минг киши АҚШга ташриф буюрган. Албатта, 20-30 минг қаердаю, 7-8 минг қаерда?!

Хўш, нега Work and Travel USA дастури бўйича Америкага ташриф буюрувчилар сони кескин камайиб кетмоқда? Бир гуруҳ экспертларнинг фикрича, мазкур дастур кўплаб фирибгарларга АҚШ ҳудудига келиб олиш ва шу йўл орқали ноқонуний иммигрант сифатида қолиб кетишга шарт-шароит яратади.

Work and Travel USA дастури ташкилотчилари, айниқса, АҚШга келувчиларнинг  аксарияти ўз мамлакатида тузилган меҳнат шартномаси талабларига риоя қилмай қўйишидан ёзғиришади. Хусусан, 85 фоиз чет эллик талабалар мамлакат жанубий, марказий ва шимолий штатларида, шунингдек, қишлоқ шаҳарчаларида ва қишлоқларда ишлаши талаб қилинади. Айни пайтда талаба, шартномага қўл қўя туриб, аниқ бир жойда яшашга рози бўлади. Аммо аксарият “жейваншик”лар олис қишлоқларда яшашни истамасдан, шартномани ҳам ёддан чиқариб, Нью-Йорк, Лос-Анжелес, Чикаго сингари АҚШнинг мегаполисларига интилишади.

Қонун бўйича чет эллик талаба ўз иш жойини ўзгартириши мумкин. Лекин у буни олдиндан уни ишга қабул қилган “босс”га айтиши, хорижлик талабалар хатти-ҳаракатини кузатиб борадиган SEVIS ташкилотига маълумот бериши керак. Аммо Work and Travel USA дастури ташкилотчилари чет эллик талабаларнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиши оммавийлигини қайд этиб, бунга қарши дастур қоидаларини кучайтиришни таклиф қилишди. Ана шундай қоидалардан бири — шартнома талабларини бузган талабаларни депортация қилишдир. Боз устига, ушбу дастур бўйича шартномаларни сотиб олиш ҳолатлари ҳам учраб, улар одатда қалбаки бўлиб чиқади.

Бундай қалбаки шартномалар сони 95 фоизгача етишини айтишади. Энг ёмони, ушбу қалбаки ҳужжатлар Россия ва бошқа давлатларда тайёрланади ва реализация қилинади. Бундан ташқари, “жейваншик”лар яна бир қатор қонунбузарликларга қўл уришган. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни, суғурта полисларини пуллаш, ўғирлик қилиш, сохта никоҳдан ўтиш шулар жумласидандир. Ушбу дастур бўйича келган қизлар танлаган йўлни эса тасвирлаб бўлмайди.

National Students Aassociation маълумотларига қараганда, “жейваншик”ланинг 20 фоизи АҚШда умуман ишламайди, балки саёҳат қилади. 30 фоиз атрофидаги талабалар эса орқаги қайтмаслик учун Америкага келишади. АҚШ иммиграция хизмати берган маълумотларга қараганда, охирги пайтларда Америкада қолмоқчи бўлган “жейваншик”лар сони 10 минг нафардан ошади.

Work and Travel USA дастури иштирокчиларига бўлган салбий қарашлар сабабларидан яна бири чет эллик талабаларнинг турли молиявий фирибгарликка аралашиб қолишидир. Масалан, 2010 йилда Россия, Шарқий Европадан бўлган хакерлар “Зевс” троянларини ўз ватандошлари компьютерларига юбориб, уларнинг ҳисобидаги маблағларни ўмаришган эди. Ушбу маблағларни Work and Travel USA дастури бўйича келган ёшларнинг қалбаки номига ўтказиб, жами 3 миллион долларни ўғирлашган. Шундан сўнг АҚШ маъмурияти Work and Travel USA дастурини ислоҳ қилишга киришди.

Хусусан, бундай ислоҳотлар жумласига Россия ва бошқа собиқ Иттифоқ мамлакатларига бериладиган визаларни чеклаш (қисқартириш), тунда, яъни соат 22 дан эрталаб 6гача ишлашни тақиқлаш чоралари кўрилди. Шу йўл билан қизларнинг турли тунги клубларда ишлашига тўсиқ қўйилди. Бу қоидани бузган тўғридан-тўғри депортация қилинади. Бундан ташқари, ҳукумат чет эллик талабаларга қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида ишлашни тақиқлаб қўйди. Чунки  бу соҳалар вакиллари бундай ишчиларни ёллашдан бўйин товлашди.

SHARE