Американинг Янги Ипак йўли Тошкентдан бошланади

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк “Янги Ипак йўли” стратегияси тақдимотини шу йилнинг 15 август куни Тошкентда ўтказади.

“Регнум” ахборот агентлигининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, аввалроқ ушбу тақдимотни Алматида ўтказиш режалаштирилаётган эди. Янги Ипак йўли стратегияси тақдимотининг Тошкентга кўчирилиши сабаблари ноаниқ.

Бизнингча, ушбу тақдимотнинг Тошкентда ўтказилиши шу йилнинг 16 август куни Ўзбекистон — АҚШ ҳукуматларининг анъанавий маслаҳатлашуви, шунингдек, 17 август куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон—Америка форуми ташкил этилиши билан боғлиқдир.

Расмий Вашингтон Буюк Ипак йўлини тиклаш ғоясини 2009 йилда илгари сурган эди. Шуни алоҳида қайд этиш керак, мазкур ғоя нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бошқа йирик давлатлар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда.

Янги Ипак йўли концепцияси АҚШ ҳарбийлари ва махсус хизмат вакиллари, шунингдек, Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бутун Евроосиё ҳудудини қамраб оладиган трансконтинентал савдо тармоғидир.

АҚШ мазкур ғоя остида Туркманистондан Покистон ва Ҳиндистонга олиб борадиган трансафғон газ қувурларини, шунингдек, Афғонистонни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистонда тинчликни таъминлаш ҳамда мамлакат иқтисодиётини тиклашни мақсад қилмоқда.

Ўзбекистон Афғонистонга транзит юкларини етказиб беришда муҳим роль эгалламоқда. Биргина мисол, ўтган йили етказиб берилган юклар ҳажми 3,3 миллион тонннадан ошгани, уларнинг 1,9 миллион тоннаси транзит юклари эканлиги эътиборга моликдир.

SHARE