Муножот Йўлчиева: “Ўзимни тўйга урган санъаткор эмасман”

Маълумки, ўзбек қўшиқчилик санъатида артистлар ҳаётини тўйларсиз, улардаги “бирров”ларсиз тасаввур қилиш қийин. Лекин шундай санъат усталари борки, улар учун, аввало, ўз ижодини маромига етказиш, фақат ва фақат ижод билан шуғулланиш муҳим. Ана шундай ижодкорлардан бири, шубҳасиз, Муножот Йўлчиевадир.

 Мана, неча йилдирки, ўзбек мақом санъатини маромига етказиб куйлаб келаётган Муножот Йўлчиеванинг Ўзбекистонда ўзига хос мактаби шаклланди. Унинг ижросидаги тароналар нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам катта қизиқиш билан тингланади. Бу бежизга эмас. Чунки хонанда нафақат ўз ижоди, балки ўз одоби, хулқи билан ҳам кўплаб санъаткорларга ўрнак бўла олади. Буни санъаткорнинг ўзига, атрофдагиларга бўлган талабчанлигидан ҳам билиш мумкин.

 —Яқинда бир танишим “Муножот опа, ҳечам тўйларга бормайсиз-а? Ё сизга пул керак эмасми?” деб қолди», — дейди Муножот Йўлчиева «Даракчи» газетасига берган интервьюсида. — Қизиқ пул кимга ҳам керакмас? Лекин мен санъатга кириб келганимда моддий томонни биринчи ўринга қўймаганман. Устозим ҳам мени тўйга чиқариб ортимдан фойда кўришни ният қилмаган. Таниш-билишлар, яқинлар, санъатимни тушунадиган кишиларнинг тўйлари бўлса бораман. Лекин ўзимни тўйга урган санъаткор эмасман. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Истаган киши хоҳлаган санъаткорини кўнглига хуш ёққан жойига чақириб, қўшиқ куйлатиши, наҳотки хонандаларимизнинг нафсониятига тегмаса?! Қанчалик кўп маблағ беришмасин, агар борган жойимда инсон сифатида муомала қилишмаса, ўша ердан туриб чиқиб кетаман. Бундай ҳолатлар кўп бўлган. Айтмоқчиманки, киши энг аввало ўзини ўзи ҳурмат қила билиши керак. Ўшандагина бошларнинг ҳурматига ҳам сазовор бўлади. Санъаткор шунчаки “отарчи” эмас, балки шахсдир.

Муножот Йўлчиеванинг фикрича, аёл киши қайси касбда ишлашидан қатъи назар энг аввало, аёл эканини унутмаслиги лозим. “Бир умр оилада турмуш ўртоғим учун кўнгилдагидек оила бекаси, фарзандларим учун намунали она бўлишга ҳаракат қилдим. Ва бунинг уддасидан чиқа олдим ҳам. Санъаткор аёллар ҳақида турли хил гап-сўзлар юришини ўзим ҳам яхши биламан. Бунда халқни айблашдан буткул йироқман. Шарқ аёллари азал-азалдан ўзининг андишаси, ор-номуси билан ҳурматга сазовор бўлиб келган. Аёл сифатида худди ана шу хислатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилганман», дейди хонанди.

Хонанда бу ҳислати атрофдагилар ўрнак бўлишини яхши тушунади. Буни бошқа санъаткор аёллар ҳам унутмасликлари керак, деб ҳисоблайди. «Элга машҳур бўлишни мақсад қилиб саҳнага қадам қўйдингизми, буни албатта оқлаш ҳам керак», дейди у.

SHARE