Роберт Блейк Тошкентга катта делегацияни бошлаб келди

 

АҚШ элчиси Жорж Крол (чапда) ва Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк (ўнгда)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 август куни Оқсаройда Ўзбекистон Республикаси билан АҚШ Ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи даврасида иштирок этиш учун Тошкентга келган Америка давлат ташкилотлари ва хусусий компаниялари вакилларидан иборат нуфузли делегация раҳбари АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкни қабул қилди, деб хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон раҳбари меҳмонни мамлакатга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон—АҚШ мулоқоти изчил ривожланиб, мазмунан бойиб бораётганини, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга томонларнинг интилишлари муштарак эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг муҳим соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, ташқи сиёсат маҳкамаларининг мунтазам мулоқотлари, парламентлараро муносабатлар, давлатлараро даражадаги ҳар томонлама ҳамкорлик ҳамда икки мамлакат фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги алоқалар ҳақида сЎз борди. Томонлар Афғонистон ва Марказий Осиёдаги вазиятнинг ривожланиши, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, шунингдек, мамлакатларимиз манфаатларига дахлдор бошқа муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Американинг “Женерал Моторс”, “Боинг”, “Локҳеед Мартин” ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари иштирокида ушбу соҳада ҳамкорлик бЎйича яхши тажриба тЎплангани таҳкидланди. Ўзбекистонда америкалик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 241 корхона рўйхатга олинган, мамлакатга киритилган тўғридан-тўғри АҚШ сармояси ҳажми эса 2 миллиард доллардан ошди.

Роберт Блейк Америка Қўшма Штатлари раҳбарияти Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашдаги, Афғонистонни тинч йўл билан тиклашдаги ролини юксак баҳолашини, шунингдек, АҚШ Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари биринчи марта ҳар икки томондан вазирлик ва идоралар, етакчи иқтисодий тузилмалардан иборат кенг таркибдаги делегациялар иштирок этадиган Ўзбекистон Республикаси билан АҚЎ ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи давраси доирасидаги музокараларга муваффақият тилади.

SHARE