АҚШда ишлаш учун рухсат олиш жараёни бошланди

АҚШ ички хавфсизлик вазири Жанет Наполитано

Маълумки, шу йилнинг 15 июнь куни АҚШ ички хавфсизлик вазири Жанет Наполитано Барак Обаманинг кўрсатмаси асосида АҚШда истиқомат қилаётган бир гуруҳ ноқонуний иммигрантларга ишлаш ҳуқуқини берувчи нормаларни ҳаётга жорий этишини маълум қилган эди.

Шу йилнинг 15 августидан мазкур дастур бўйича ноқонуний иммигрантларга ишлаш ҳуқуқини бериш жараёни бошланди. Ушбу жараёнда иштирок этиш учун қуйидаги тамойилларга тўғри келиши керак:

1. АҚШга илк бор келганида 16 ёшдан кичик бўлган бўлиши;
2. АҚШда мазкур норма жорий этилгунга қадар беш йил давомида яшаган ва айни пайтда мамлакатда бўлиши;
3. Айни пайтда мактаб, академик лицейларда ўқиётган, умумий таълим сертификатига эга, Америка Қуролли кучларида хизмат қилган бўлса;
4. Муқаддам жиноят содир этмаган, мамлакат ва жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирмаса;
5. 30 ёшдан ошмаган бўлса;

Бундан икки ойча бурун, Барак Обама Оқ уйдан ушбу масала юзасидан мурожаат қилар экан, мазкур ташаббус Америка иммиграция сиёсатини “анча адолатли, анча самарали” бўлишига хизмат қилишини айтиб ўтди. “Бу амнистия эмас. Бу дахлсизлик ҳам эмас. Бу фуқароликка йўл ҳам эмас. Бу вақтинчалик чорадир”, дея ўз фикрини исботлаган эди Обама.
Хуллас, янги тартибга биноан, АҚШга 16 ёшга қадар келган ва айни пайтда 30дан ошмаган ноқонуний иммигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилмайди. Бунинг учун, албатта, жиноят содир этмаган, хавфсизликка таҳдид солмайдиган бўлмоғи лозим. Айни чоғда иқтидорли талабалар, АҚШ Қуролли кучларида хизмат қилганлар 2 йил давомида мамлакатдан чиқариб юборилмайди. Янги тартиб бўйича ишлаш ҳуқуқини олиш учун иштирокчилар АҚШда бўлмоғи ва сўнгги беш йил давомида шу ерда яшаётганини исботламоғи керак. АҚШ ички хавфсизлик вазири Жанет Наполитанонинг айтишича, бу тартиб амалдаги қонунлар доирасида амалга оширилади.
Оқ уй маъмурияти вакилларининг “CNN” телеканали айтишича, мазкур тартиб таъсир доирасига 800 минг нафардан ортиқ ноқонуний иммигрантлар тушади.

The New York Times газетасининг ёзишича, ушбу дастурга 1,7 миллион нафардан ортиқ тушади. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши натижасида иммиграция хизматларида узундан-узун навбатларнинг ҳосил бўлишига олиб келган.

Chicago Sun-Times маълумотларига қараганда, биргина Чикагонинг ўзида 11 мингдан ортиқ киши дастурда иштирок этиш истагини билдирган. Дастур чоршанба куни бошланган эса-да, сешанба куни кечқурундан навбатга туришлар бошланган.

Уларнинг аксарияти дастурда иштирок этиш истагини билдириб, тегишли маслаҳатларни олиш учун узундан-узун навбат ҳосил қилишмоқда. Гап шундаки, мазкур ташаббусни рўёбга чиқариш учун тайёргарлик кўришга бор-йўғи 2 ой вақт ажратилган. Кўплаб ҳужжатлар, шакллар ҳали тўлиқ тайёр бўлмаган эди.

Ҳозирча топширилиши керак бўлган аниқ ҳужжатлар рўйхати эълон қилинмаган. Дастурда қатнашиш учун шахсни тасдиқловчи ҳар қандай ҳужжатни — туғилганлик ҳақида гувоҳнома, мактаб ҳужжатлари, тиббий маълумотнома ва молиявий ҳужжатларни кўрсатиш ҳам мумкин. Аризаларни кўриб чиқишга бир неча ой кетади. Ушбу вақт ичида мамлакатни тарк этиш тавсия қилинмайди.

Биз мазкур тартиб-таомилларга тушадиган ҳамюртларимизни ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб, тегишли ҳужжатларни топширишга чақирамиз.

SHARE