Исажон Султоннинг “Озод” романи энг яхши асар, деб топилди

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллигига бағишлаб, замондошларимизнинг ёрқин сиймолари акс эттирилган, юксак маҳорат билан ёзилган энг яхши асарлар учун эълон қилинган “Ватан учун яшайлик” танловининг наср йўналиши бўйича ёзувчи Исажон Султоннинг “Озод” романи ғолиб деб топилди. Бу ҳақда 12.ўз сайти хабар беради.

“Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган мазкур роман постмодернистик ва миллий-фалсафий услубларнинг синтези асосида ёзилган бўлиб, вояга етиб келаётган бир ўспириннинг маъно ва ҳикмат дунёларига қадам қўйиши, ўзлигини англаб етиши, шунингдек, бутун олам, агар инсон қиймат бермаса ҳечлиги ва дунёдаги ҳар бир нарса инсон берадиган қийматга интизор эканлиги ҳақидадир.

Профессор А.Расулов Исажон Султоннинг асари ҳақида фикр юритиб, унинг ушбу тўпламдан ўрин олган ҳикояларида полигармония, политасвир диққатни тортади. Ёзувчи ҳеч қачон битта ҳолат, битта масалага ёпишиб олмайди, деб ёзади. Қуйида ушбу адабий таҳлилни эътиборингизга тақдим қиламиз.

 Унинг “Шамолли кеча”, “Соғинч”, “Авлиё”, “Ойдинбулоқ” ҳикояларида шамол эсиши, ўйини, қаҳри, мулойимлиги ўзига хос тимсол. Дарвоқе, ёзувчининг “Боқий дарбадар” романида бўрон даҳшатли куч ва илоҳий аралашув сифатида кўрсатилган эди. “Озод”да сарсари шамол ҳам ҳамроҳ, ҳам устоз, ҳам ровий, ҳам табиатнинг бетакрор кучи. Озоднинг Учёнғоқдан Искандар тоғигача боришида шамол етакчилик қилади. “Шамолли кеча” ҳикоясида шамол реал воқелик ҳамда тақдир шамоли тарзида намоён бўлади. Ҳаёт шамолининг турли-туман хавфлари аро онаси Нозик, холалари Латофат, аммалари Гўзал деб атайдиган, кўзлари кулиб-кулиб турадиган ёқимтойгина қизалоқ, яъни гўзаллик, латофат, назокат тимсоли ва энг асосийси, аканинг ор-номуси қўрқувлар боис ўша хавф-хатарлар ичида қолиб кетди. Ваҳоланки, ёлғиз ҳимоячиси – акаси эди… Бу залворли ҳикоянинг бошқа бир жиҳати – наслни давом эттира оладиган ягона аёл ҳам ўша қизалоқ эди, чунки “ота бошқа аёлга уйланган, бошқа фарзанд кўрган, ака- сингил ундан ётсирар эдилар…”

Тўпламдаги “София” ҳикоясида шу ном билан айтилувчи тўфоннинг қисқа муддат ичида қутуриши, асов тойдай кўкка интилиши, тошқин дарёдай ютоқиб-ютоқиб пўртана уриши, ададсиз кучи билан оғочларни қарс-қарс синдириши, чақмоқ чақиб, ғарамлар, дарахтларни лов-лов ёндириши тасвирланади. Қизиғи шундаки, ровий тўфонни бузғунчи ёввойи куч сифатида тасвирлайди. София муҳитни ўзгартирди. Шариллаб ёққан ёмғир нафақат чор атрофдаги, балки қалбдаги ғуборларни ювиб ташлади. Тиниқ тасвирларга бой бу ҳикояни ўқир эканмиз, тўсатдан… тўфоннинг сира тўфон эмаслиги, балки муҳаббат эканлиги англашилади. Ҳа, ишқ инсон ҳаётига шу тарзда, бўрон янглиғ кириб келиши мумкин дейди ровий. “София” сўзи юнончада юксак илоҳий донолик, Имон, Умид ва Муҳаббат маъноларини англатади, бу ҳикоянинг очқич-калити шу сўздадир. Мана шу позициядан туриб назар ташласак, дала ҳовли – инсон муваққат турадиган жой эканини сезиб қоламиз, ҳассос лиризмга мойил қаҳрамоннинг қиёфаси бирданига ўзгаради ва умидсиз, ишончсиз, муҳаббатсиз, бир хилда ҳаёт кечираётган кишининг изтироблари қалқиб чиқади. Қолаверса, нафақат муҳаббат, балки воқеа-ҳодисалар ва туйғулардан ташқари, бошқа тур маънавий бўронлар ҳам борки, улар ҳам инсон ҳаётини мана шундай тубдан ўзгартириб юбора олади.

Исажон Султон асарларида шамол – ёзувчи имкониятидаги туганмас поэтик имконият. Яратилажак тимсоллар мояси. Ёзувчи нафақат шамол, бўрон, тўфонни, ўрни-ўрни билан ҳашорату ҳайвонотни, парранда-ю парқу булутни, капалаклар, ниначиларни тасвирлайди. Уларнинг ҳар бири маъно қати, рамзи сифатида акс эта бошлайди. Хуллас, постмодернистик асарда ҳамма нарса ўз ўрнида бетакрор тимсол вазифасини ўтайди.

 “Қисмат” мусти-маҳкам композицияси, полифоник руҳи билан диққатни жалб қилади. Воқеа ниҳоятда оддий. Кекса она – бемор. Унга балиқ гўшти даво бўлармиш. Уч ака-ука балиқ топиб келишади. Она қувона-қувона балиқни ейди. Ҳикоянинг моҳияти бошқа томонда: балиқ воситасида ака-укалар марҳум оталарини, она эрини эслаб кетади. Отанинг қилмишлари; гап-сўзларини ҳар бир ака-ука ўзича тушунади, ўзича талқин қилади. Кичкина ўғил зовурдаги жонзотни олтин балиқ деб ўйлайди, уни кузатишдан зерикмайди. Зовур бўйида ўтириб, турли ҳолатларнинг ва манзараларнинг гувоҳи бўлади. Метаморфозаларга, яъни бир жонзотнинг бошқа бир жонзотга айланиш ҳодисасига диққат қаратилади. Мана, тухумини ёриб, кичкина, нимжон ниначи боласи чиқади. Кенжа ўғил мурғак ҳашаротнинг пайдо бўлишига гувоҳ бўлади. Негадир унинг диққатини барра майсалар, қиш уйқусидан уйғонган ҳашоратлар жалб қилади. Ўртача ўғил укасининг ғаройиб қарашларини қабул қилади. Лекин унинг онгида бошқача тушунчалар ҳам йўқ эмас. Негадир отасининг руҳи зовурдаги балиққа кўчгандай кўринаверади. Унингча, балиқ она дардига малҳам. Иккинчи томондан, балиқ жисмига отасининг руҳи сингиб кетган. Ўйлай-ўйлай, ўйининг охирига ета олмайди. Лекин барибир, акасига зовурдаги балиқ ҳақида хабар беради. Ака балиқни отиб келишни, онасига қовуриб беришни мақсад қилиб қўяди. Шундай қилади ҳам. Балиқни отганда, ичак-чавағини олиб ташлаганда, бўлакларга ажратганда онгининг бир қисмида отаси туради. Балиқ тимсолида отасидан қасд олаётгандай бўлаверади. Ота золим, онасини азобларди, ўғилларига бепарво эди. Ҳатто бир гал жаҳл устида ўртанча ўғлини томга улоқтириб юборган. Катта ўғилда қасоскорлик руҳи кучли. Она ҳам болаларининг отасини эслайди, топиш-тутишида барака йўқлигини, кўп ичишини айтади, лекин эрини ёмонламайди. Худодан ўз жуфти ҳалолига раҳмат, меҳр-шафқат сўрайди. Ота эса эсини танибдики, қамиш ўради, ҳаёти дунёдаги ҳолини элас-элас эслайди. Адоқсиз қамишзор жон-жонига тегиб кетган. Қачон тугаркин, бу азоб-уқубат. Қўлининг тирналмаган, юз-кўзининг яра-чақа бўлмаган жойи қолмаган. Ота аламидан ичарди. Улфатлари даврасида ичкилик сархушлигида ўзини эмин-эркин тутарди. Ҳар куни бир қуш келиб “Оқпадар, оқпадар” дея бошидан чўқийди. Қаранг, бир воқеа, битта ҳолат турли ёш, тушунчадаги кишилар томонидан чуқур бадиий талқин қилинади.

Ҳикоядаги архитектоника, образларни ёритиш йўсини бетакрор, янги. Ёзувчининг “Қисмат” ҳикояси 2011 йилда жаҳоннинг ўнта етук ҳикояси қаторидан ўрин олди, постмодернистик методнинг аъло асарларидан деб топилди.

 

“Қўриқчи” ҳикоясига батафсил тўхталиш лозим. Бу ҳикоя полифоник ва кўп қатламли маъно ташиши билан ҳам “Боқий дарбадар” ва “Озод” романларига, ҳам “Қисмат” ҳикоясига ўхшаш. Лекин ёзувчи услубини аниқ ифода этадиган баркамол ҳикоялардан бири. Муаллиф бу ҳикояда таг маънолар оқимини бошқаришга интилади, тасвирланган воқеаларнинг бари бирлашиб, умумий яхлит манзарани ҳосил қилади. Бир вақтнинг ўзида ҳам тарих (халқона қўшиқлар тимсолида), ҳам бугун (реаллик тасвирлари), ҳам келажак жам. Ҳикояни ўқир эканмиз, қўриқчини ҳайиқтирган ғалати оқимни биз ҳам сеза бошлаймиз. Ҳа, ҳар биримиз ўз ҳаётимизнинг ва ризқу рўзғоримизнинг қўриқчисимиз. Бу ерда ёзувчи тимсолларнинг ўқувчи шуурида пайдо қиладиган манзараларини мўлжал олиб асар яратган.

 “Ёқимтой пуштиранг махлуқча” – ўзига хос постмодернистик асар. Табиатда ғаройиб махлуқлар кўп. “Озод” романидаги тўппа-тўғри инсон юрагига тажовуз қиладиган яъжуж-маъжужлардан фарқли ўлароқ, сиртдан беўхшов катоблепас махлуқи бор. У ёвузлик, зўравонликка бепарво бўла олмайди. Махлуқ уяси жойлашган ерга оёқлари чилвирланган қуённи келтириб ташлайдилар. Катоблепас азобланаётган қуённинг атрофида изтиробга тушиб гир-гир айланади. Чунки, зулм ҳодисаси рўй бермоқда. Зулм илоннинг қуёнболасини ўлжа қилишида эмас. Сайд ва сайёд ҳодисаси табиат яралганидан бери азалий давом этиб келаётган ҳодиса. Зулм бу ерда қуёнболаснинг чилвир билан кишанланиши ва илон қаршисига атай келтириб қўйилишида намоён бўлмоқда. Ёқимтой пуштиранг махлуқчани бу ерга олиб келиб томоша қилдирадиганлар ва томошабинлар ҳам золимлардир, гап мана шунда. Томошаталаб оломон иборасига диққат қаратинг. Хуллас, бир маҳал тошлар орасидан йўғон, узун бўғма илон чиқиб келади. Пуштиранг махлуқча ўзини тамоман йўқотади. Дам қуёнга, дам илонга боқади. Хуллас, илон қуённи ютишга тайёрланяпти. Пуштиранг ёқимтой махлуқча тўсатдан ўзини-ўзи ея бошлайди! (Дард чекаётган одам ҳам ўзининг ич-этини емайдими?) Қизиғи, қон кўринмас эди. Бу ҳаракат илонни чалғитади, қуён хатардан қутулади. Ажабки, ҳозиргина чайнаб узиб ташланган панжалар яна қайтадан ўсиб чиқади. Бироқ, воқеа томошахонада рўй бераётир-ку? Қайта-қайта такрорланаверадиган бу ҳолатни тиниқ акс эттирган бу ҳикоя – том маънодаги постмодернистик асар. Нореал воқелик орқали муҳим инсоний ҳолатни тасвирлаб берган.

“Соғинч” ҳикояси ҳам “Ёқимтой пуштиранг махлуқча”га ўхшаб кетади. Узоқ юртларга мардикор ишлашга келган деҳқон йигит тухумдан эндигина чиққан мусича болаларини бағрида кўтариб юради. Уларни ҳашароту дон-дунларини ейишга ўргатади. Мусича болаларини эъзозлайди, қалб қўрини беради. Инсоний ҳарорат, меҳр бачажиш қушларнинг “одам” бўлишига ҳисса қўшади. Қизиқ парадокс шунда: олисларда тирикчилик дардида юрган одамда тўсатдан мусичанинг полапонларига нисбатан кучли раҳм-шафқат ҳисси уйғониб кетади. Сабаби, ҳикоянинг кейинги қисмларида аён: “Чунки, олисларда менинг ҳам полапонларим бор…”.

Тагмаънолар жойлаш Исажоннинг асарларидаги муҳим хусусиятлардан биридир. “Аскар”ҳикоясидаги замонавий жангда Ватан дея фидокорона ҳалок бўлиб кетаётган бир аскарнинг тақдири… инсон организми ичида доимо кечадиган, фан аллақачон аниқлаган ва билсак-да, кўпам эътибор бермаганимиз жараён эканини пайқаймиз. “Сен бизларсиз, биз эса сенсиз мавжуд бўла олмаймиз”, дейди аскар. Ҳар бир инсон организмидаги касалликка қарши кураш механизми бус-бутунича ташбеҳ кўринишига ўтади ва бошқа бир маънога – фуқаронинг ўз Ватанига хитобига айланиб кетади.

* * *

Ёдингизда бўлса, инсон руҳининг турли вазиятлардаги ҳолатларини ва нидоларини акс эттирган адабиёт охир-оқибат умуминсоний саволлар қаршисига етиб келганида иккиланиб туриб қолаётгани ҳақида сўз юритган эдим.

Ўтган юз йилнинг улкан истеъдодларининг асарлари умуминсоний ҒОЯлар тасвирлангани боисгина инсоният наздида қадру қийматга эга бўлган эди. Адабиётимизнинг кейинги авлоди ҳисобланган Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам ва Исажон Султон асарларида  ана шундай умуминсоний ҒОЯ сезила бошлагани қувонарлидир. “Боқий дарбадар” романида Исажон бутун инсониятнинг пешанасига дарбадар деган тамға босган, Тангри таоло яратган ҳудуд-чегаралардан чиқишга уринганлар Этикдўз қисмати каби, қарғиш оқибатида оламда бемақсад ва мангу дайдиб-тентираб юриш эканини (ва мангу бўлмаган шу ёруғ оламнинг охирида яна мудҳишроқ бир ҳукмга рўпара келишини) кўрсатган бўлса, “Озод” романида ёзувчи “Дунёнинг юксалиши беҳуда, инсоннинг ўзининг руҳий юксалиши муҳим” деган ғояни илгари сурди.

Модомики гап адабиётимиздаги англаниш ва янгиланиш жараёни ҳақида экан, шу ҳақда ҳам икки оғиз сўз.

Илмий адабиётда модернизм, постмодернизм ҳақида оламжаҳон фикрлар айтилди. Постмодернизм – турли ижтимоий ҳодисаларнинг зилзилалари аро ҳалокатли чайқалган, иккита улкан урушни бошдан кечирган йигирманчи асрнинг адабий-назарий самараси. Жаҳонда бу йўналиш, метод ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдириляпти. Ўзбек адабиётшунослари гоҳ қувониб, гоҳ шубҳаланиб, гоҳ ажабланиб у ҳақида ёзмоқдалар. Шундай бўлса-да, постмодернизмнинг ўзбек адабиётида намоён бўлиши рўй бериши – муҳаққақ ҳодиса эди. Дунё адабий тафаккурига қувват бахш этган бебаҳо асарлар ҳақида сўз юритган эдик, у асарлар бутун оламни чайқатган икки улкан бало натижасида яратилди. Ҳар икки жаҳон уруши ҳам дунёнинг кучли мамлакатлари томонидан дунёни тақсимлаб олишга қаратилган манфаатлар фожиаси эди. Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан бир қанча мамлакатлар яна зулм ва таҳдид остида қолдилар. Узоқ йиллар давомида кишиларнинг ягона орзуси ўша зулмлардан озод бўлиш ва ҳурликка етишиш бўлиб келди. Ниҳоят, ўлкамизда бутунлай бошқа – ҳаётбахш ва қувончли яна бир улкан ижтимоий ҳодиса – мустақиллик рўй берди. Эътибор беринг: ўтган аср адабиётида энг муҳим масала – ўзликни сақлаб қолиш масаласи эди. Озодлик адабиётидаги масала – бугунги постмодернистик дунёда ана шу ўзликни ривожлантириш ва намоён қилиш тарзида ўртага ташланмоқда. Маҳдудлик замонларида ёзувчиларимиз ва шоирларимиз кўз қорачиғидай асраб келган мағизни, яъни миллий руҳни энди ғоят мустаҳкам қобиқ – миллий давлатимиз асрайди ва равнақ топтиради. Шу маънода, адабиётимизда тобора кучайиб бораётган бугуннинг постмодернизми – истеъдод ва интеллектуаллик аро мувозанатдир. Мана шу мувозанатни англаб етмаслик асарларнинг гоҳ у, гоҳ бу томонга оғиб кетишига сабаб бўлмоқда. “Озод” романидан ва ҳикояларидан англашиладики, Исажон Султон миллий ўзлик деб аталган маънавий хазинанинг – коннинг моҳиятини англаб етмоқда, шарқ-мусулмон фалсафаси, нафосатшунослиги, адабиётшунослигининг вориси сифатида ўзининг постмодернистик асарларини яратмоқда. “Боқий дарбадар”, “Озод” романлари, “Муножот” қиссаси ва турли ҳикояларида шу усул белгилари аниқ сезилади. Постмодернчи ёзувчиларда хаосликмас, ички, мусти-маҳкам боғлиқлик – алоқадорлик бор. Боиси шундаки, шарқ-мусулмон адабиётида муҳим бир қоида мавжуд: дунё собит, ўзгармас. Аммо инсон – фикрловчи, изланувчи зот. Дунёни ўз қарашлари нуқтаи назаридан баҳолайди. Бошқача айтганда инсон руҳий олами тирик, тиниқ кўзгулар боғлиқлигидан иборат. Оламу одам, набототу жамодот, ҳайвонот шу кўзгуларда акс этади. “Акс этади” деган лўнда жумла ижод жараёни, ижодкорнинг ўйлари, изланишлари, изтиробларидан иборат бўлиб, қиймат бериш ва маъно юклашни ифодалайди. Ёзувчининг интеллектуаллашган истеъдоди ҳам бадиий, ҳам бетакрор тартиботни вужудга келтиради. Исажон Султон асарларининг бош ютуғи руҳий-маънавий, интеллектуал ижобий, иқтидорий кашфиёт мувозанатидан иборатдир.

* * *

Хулоса қилиб айтсак, миллий адабиётимизнинг бугунги намояндалари янги асрлар адабиётидаги илғор қарашларни, жаҳон модернистик адабиётини заррама-зарра ўрганиб чиқдилар. Ниҳоят, Аттор, Навоий, Румий, Машраб сингари улуғларимиз ижодининг моҳиятига яқинлаша бошладилар. Маҳдудлик давридаги адабиётимизнинг бутун кучи ўша даврларда миллийликни сақлаб қолишга қаратилган эди. Адабиётимизнинг катта авлоди – Қодирийлар ва Чўлпонлар авлоди руҳиятини кейинги авлод – Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи авлоди сақлаб-авайлаб ва бойитиб етказиб берди,  Мурод Муҳаммад Дўст, Шавкат Раҳмон, Ҳалима Худойбердиева, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам, Муҳаммад Юсуф, Усмон Азим, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Шароф Бошбеков, Тоғай Мурод, Хуршид Дўстмуҳаммад каби ўрта авлод истеъдодлари у анъаналарни ўзларидан кейин етишиб келаётган ижодкорларга янада ранг-баранглаштириб тақдим этдилар. Бугуннинг шаклланиб улгурган авлоди мана шу ёмбини ҳурмат ва эҳтиром ила қабул қилиб олмоқда ҳамда мумтоз шарқ, илғор ғарб адабиёти янгиликлари, мумтоз ва ҳозирги ўзбек адабиётидан пайдо бўлган маънавий заҳира аро ўзлари бунёд этган олтин банд ўтказиб, турли давр ва миллат адабиётлари синкретизмидан баҳра олган озод ва миллий адабиётни яратмоқдалар. Яъни, уларнинг олдида энди, глобаллашаётган ва интеграция жараёни изчиллашган шу маконда миллий ўзликни, миллий бадиий тафаккур қувватини бор жилвалари билан оламга намоён қилиш вазифаси турибди. Адабиётимизнинг навқирон авлоди мазкур жараёнга куч, ранг, виқор бахш этишига шубҳа йўқ.

Роман “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган. Бошланиши. Охири.

SHARE