Ўзбекистон АҚШ компаниялари иштирокида 2,8 миллиард долларлик лойиҳа амалга оширилади

    Тошкентда 17 август куни Ўзбекистон—Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги. Унда АҚШ ҳукуматининг юқори мартабали аъзолари, Американинг 25 етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари, халқаро молия институтлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

    Тадбирда сўзга чиққан АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Р.Блейк навбатдаги Ўзбекистон-Америка бизнес-форумининг Тошкентда икки мамлакат ўртасида олий даражада ўрнатилган дипломатик муносабатларнинг 20-йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Мазкур анжуманда АҚШнинг жаҳонга машҳур “Женерал Моторс”, “Боинг”, “Женерал электрик”, “Мерк”,  “Рио Тинто”, “Уайт энд Кейс”, “Анадарко”, “Кейс Ню Холланд”, “Нукем”, “Солар Турбайнс”, “Катерпилар”, “Зеппелин” каби йирик компанияларининг иштирок этаётгани ҳам бундай компанияларнинг Ўзбекистонга инвестиция киритишга катта қизиқиш билдираётганидан далолатдир.

    Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси К. Ламм хоним АҚШ ва Ўзбекистон компанияларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун шарт-шароит яратиб бераётган икки мамлакат ҳукуматларига миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистонда қўшма корхоналар сони кўпайиб бораётгани, бу корхоналар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳажми тобора кўпайиб, ички ва ташқи бозорларда, жумладан, АҚШ бозорларида ҳам ўз харидорларини топаётгани ана шундай изчил ишлар самараси эканини таъкидлади.

    Тадбирда Ўзбекистон ва Америка компаниялари ўртасида машинасозлик, металлга ишлов бериш, энергетика, нефт ва газ қазиб олиш, нефт-газкимё, электр техника ҳамда тоғ-кон саноати, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати қарийб 2,8 миллиард долларлик йигирма битта лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.

    SHARE