“Одамлар ҳожатга ҳам телефон билан боришмоқда” ёхуд глобал эпидемия — “телефонмания” хусусида

Инсоният тарихида шундай қуроллардан, воситалардан фойдаланилганки, улар турмушни енгиллаштиришга хизмат қилган. Масалан, тош болта ибтидоий жамоа тузуми даврида одамлар кунига яраган бўлса, ундан кейин пичоқ, ханжар, найза, қалам, руска, милтиқ ва шунга ўхшаш воситалар инсониятнинг энг яқин ҳамроҳига айланган. Аммо ҳеч бир восита алоқа воситалари — мобиль телефонлар сингари инсоният ҳаётига чуқур кириб боролгани йўқ. Инсонга бундай яқин буюм сифатида пулни келтириш мумкин, холос. Аммо ҳамма ҳам пулни ухлаётганда ёнига, ҳожатга чиққанида ўзи билан олиб чиқмайди. Лекин биз мобиль телефонларни бир дақиқа бўлса-да, ўзимиздан узоқ бўлишини хоҳламаймиз. Мобиль телефонлар билан ухлаймиз, у билан югурамиз, ишга қатнаймиз, ҳожатга чиқамиз — у инсон танасининг бир қисмига айланиб, ёнимизда бўлмаса, ўзимизни ноқулай ҳис қила бошлаймиз.

Дунё бўйлаб одамларнинг мобиль телефонларга уланиш тезлиги шу даражада тез суръатлар билан боряптики, айрим минтақаларда одамлар ичимлик сувига ёки бошқа элементар санитар-гигиена инфратузилмаларига эга эмас, аммо телефонда мулоқот қилмоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, АҚШда ҳар ўн нафар вояга етган шахснинг 9 нафари “сотка” тутади. Хўш, мобиль телефонларнинг турмушимизни, ҳаётимизни янада чуқур қамраб олиши инсон онгига, психологиясига қандай таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, Time журнали Qualcomm компанияси билан ҳамкорликда бу борадаги вазиятни таҳлил қилиб чиқди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Жанубий Африка, Индонезия ҳамда Бразилиядан 5000 нафардан ортиқ киши қатнашди.

Сўров натижалари, ҳақиқатан ҳам, мобиль алоқа ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади. Чунки сўровда иштирок этган ҳар тўрт нафар кишининг биттаси мобиль телефонини ҳар 30 минутда текшириб турар экан. Ҳар 5 кишининг бир нафари эса 10 минутда телефонини текшириш учун чалғир экан. Респондентларнинг учдан бир қисми жуда қисқа муддатга телефонсиз қолишса, жаҳли чиқиб, асабийлаша бошлашини таъкидлашган. Сўровда қатнашганларнинг ярми тушликка телефонни олиб боришини таъкидлашган. 25-29 ёш орасидаги ўсмирларнинг учдан икки қисми ўз телефонлари билан бирга ухлайди.

Сўровда иштирок этган 5 америкаликнинг бири кимнидир СМС орқали учрашувга таклиф қилган. Бу бразилияликлардан 3 марта, хитойликлардан 4 марта кўпдир. Америкалик респондентларнинг қарийб тўртдан бир қисми ўз “маъшуқаси”га шаҳвоний расмларни жўнатишар экан. Бу энг катта кўрсаткичдир.

Мобиль телефонлар инсон ҳаётининг, вақтининг катта қисмини олиб қўяётган бўлса-да, одамлар бу қулайлик орқали ўз танишлари билан янада яқинроқ мулоқот қилаётганига ташаккур билдиради.

Шундай бўлса-да, мобиль телефонлар ва ундан фойдаланиш истиқболда катта салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Буни кўплаб илмий-тадқиқот марказлари ўтказган тадқиқот натижалари ҳам тасдиқлайди. Норвегия ва Дания олимлари ўтказган таҳлилларга қараганда, телефондан ҳаддан ташқари кўп фойдаланадиган одамларда уйқусизлик, бош оғриғи, асаб бузилиши ҳолатлари кўп учрайди. Шу билан бирга, иммунитентнинг кучсизланишига олиб келади. Айниқса, болаларнинг телефондан меъёридан ортиқ фойдаланиши унинг мия ривожланишига жиддий таъсир кўрсатади. Айни пайтда шифокорлар яқин истиқболда телефон орқали пайдо бўладиган мутлақо янги хасталиклар юзага келиши мумкин. Улардан бири, шубҳасиз, “телефонмания”дир.

SHARE