Фазода Ўзбекистоннинг еттинчи фарзанди туғилди

“Майданак” қуёш тизимидаги Ўзбекистон билан боғлиқ еттинчи астероид бўлди

Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори, проффесор Шуҳрат Эгамбердиев маълум қилди, деб хабар беради 12news.uz сайти.

Институт директорига кўра, Астрономия институтига япониялик астрономлар томонидан аниқланган 22948-астероидга Халқаро астрономия иттифоқи “Майданак” номини берганлиги ҳақида ахборот келиб тушган. Кичик сайёраларни ўрганадиган Гарвард маркази церкуляри ахборотида келтирилишича, “Майданак” Ўзбекистонда жойлашган дунёдаги етакчи обсерваториялардан биридир.

Хорижлик олимлар томонидан бундан аввал ҳам бешта майда сайёра аниқланган бўлиб, уларга Ўзбекистон билан боғлиқ номлар қўйилган: “Ўзбекистон”, “Авиценна (Ибн Сино)”, “Улуғбек”, “Беруний” ва “Хоразмий” шулар жумласидандир.

2009 йилда “Майданак” обсерваторияси олимлари томонидан янги кичик сайёра аниқланади. Гарчи унга турли номларни бериш ҳақида фикрлар юритилган бўлса-да, “Самарқанд” номи билан аташга келишилади.

“Майданак” обсерваторияси Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган бўлиб, у Канар ва Гавайя оролларидаги обсерваториялар ўртасида ўзининг жўғрофий ва атмосфера қулайликларига эгадир. Обсерватория денгиз сатҳидан 2700 метр баландликда жойлашган.

SHARE