Америкада енгил автомобилларга “қора қути” ўрнатилади

Шу йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Америкада сотувга чиқарилидиган барча автомобилларга «қора қути» – автомобиль ҳаракатланаётган пайтдаги маълумотларни (тезлиги, бурилиши) ёзиб борувчи жиҳоз ўрнатилган бўлади.  NHTSA – АҚШ йўл ҳаракати хавфсизлиги маъмурияти ана шундай қарорга келган.

Мазкур қурилма автомобиль ҳаракатини махсус компьютерга ёзиб боради ҳамда авария ҳолатлари юзага келганда, биринчи бўлиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш органига хабар беради. Мазкур ғоя ташаббускорлари фикрича, ушбу қурилма ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириб, ортиқча қоидабузарликларга барҳам беради.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, General Motors, Ford, Chrysler, Toyota ва Volkswagen каби бир қатор ишлаб чиқарувчилар мазкур қарор ижросини 2013 йилга қадар суриб туришни илтимос қилиганди. Бироқ NHTSA «қора қутилар» хавфсизликни таъминлашни кучайтиришини ва йўл-транспорт ҳодисалари сабабини аниқлашга ёрдам беришини айтиб, бу илтимосни рад қилди.

Аммо ушбу қурилмани жорий этиш бўйича муаммолар ҳам бор. Масалан, «қора қути»га нисбатан ягона тартиб йўқ, шу боис автомобиль ишлаб чиқарувчилар ўз билганича мазкур қурилмани ўрнатишмоқда. Оммавий тарзда мазкур қурилмани жорий қилиш учун ягона талаб ишлаб чиқилиши керак.

Қолаверса, мазкур қурилмалар билан боғлиқ қонун ҳужжатлари қарийб йўқ. Бунда, айниқса, АҚШда катта эътибор қаратиладиган қаттиқ дискларга ёзиладиган ахборотларнинг дахлсизлиги масаласи қонун йўли билан ҳимояланиши керак бўлади.

«Қора қути»нинг фойдали томонларидан бири шуки, йўл-транспорт ҳодисаси юз берган пайт бу ҳақда тезкор хизматларга автоматик тарзда хабар юборади.

SHARE